«Автомобиллар одамларни еб бормоқда» ёки ўлим шарпаси
Автовасваса
Ўзбек автомашинани севади. Азалий орзуларидан бири — автомобил сотиб олиш.
Англияда XVI асрда яшаб ўтган гуманист ёзувчи, файласуф Томас Мор машҳур «Утопия» асарида «қўйлар одамларни еб бормоқда» деган фикрни айтганди. Ўша даврда Англияда қўй жунидан олинадиган мовут харидоргир маҳсулотга айланади. Натижада қўй боқиш учун янада кўпроқ ерлар керак бўлади. Одамлар фойдани ўйлаб шу даражага борадиларки, деҳқонлар яшаб турган уйларниям бузиб яйловга айлантириб юборадилар...
Бизнинг жамиятда эса автомобиллар учун нафақат мол-мулк, ҳатто жонлар бериляпти, соғлиқ ва ҳаёт қурбон қилинмоқда. Бу инкор қилиб бўлмас аччиқ ҳақиқат.
Машина эмас, тобут келди
Китобнинг Равот қишлоғида хунук воқеа юз берди. Ўттиз бешга қадам қўйган Шерзоджон бир ярим йил аввал Россияга ишлашга кетганди. Нияти — бирон йил меҳнат қилиб 4-5 минг АҚШ доллари жамғариш ва минилган бўлсада машина олиш. Аммо Красноярск шаҳридаги қурилишлардан бирида фожиа юз берди — ёшгина вужуд эҳтиётсизлик сабаб еттинчи қаватдан учиб кетди...
Марҳум ватанга қайтарилганда ота ҳовлида кўтарилган фарёд кўнгилларни титратди. Қишлоққа автомобил эмас, темир тобут кириб келди.
29 яшар Давронбекка Аллоҳнинг раҳми келди. Уйдагиларнинг уйлан деган қисташларидан дилгир бўлган йигит шимолга отланди. Ҳовли тайёр, дарвозахонага битта «тойчоқ»ни қўйиб, ана ундан кейин бошни иккита қилиш ҳақида ўйласанг-да. Чита шаҳрига яқин заводда ишлаётган Давронбекнинг оёғига кутилмаганда темир тушиб кетмагунча ҳаммаси зўр кетаётганди.
Хуллас... Оёқни тўпиқдан пастини кесишга тўғри келди...
Ўлим шарпаси кўринган кеча
Ўлим ҳамманинг бошида бор. Ҳар бир жон у билан юзлашади. Аммо қайсидир калтафаҳм ёки олифтанинг қилиғи сенга хавф туғдирсачи?
Бир ой аввал бошимдан ўтган воқеа: меҳмонда қайтаётгандим. Кутилмаганда орқадан машинанинг кучли шовқини эшитилди. Лаҳзада ўзимни четга олдим. Бир неча секундлик ҳаракат мени қутқарди, акс ҳолда яп-янги «Нексия» мени мажақлаб ўтиши мумкин эди. Катта тезликдаги машина тўхтаб улгурмай, кўча деворига урилди, кучли қарсиллаган овоз оламни тутди...
Нега биз «темир»га бунчалик ишқибозмиз?
Ҳаммасига лўндагина қилиб халқимизни айблаб қўйиш фикридан йироқман. Машинага ружу қўйиш бизда бошқа муаммолар сероб эканига ишорадир: ишсизлик юқори (энг осони ижарага бўлсада, машина олиб кира қилиш), жамоат транспорти ачинарли аҳволда ( ҳатто пойтахт Тошкентда пик вақти автобус ёки метрода жой топиш имконсиз). Шунингдек, машинага йирик моддий бойлик ва пулни «ушлаб турадиган» ашё сифатида қарашади.
«Чиройли» гаплар билан сийланадиган «UzAutoMotors»га ҳали йўқ машина учун пул элтамиз: завод ҳатто буюртма кўплигидан янги машина истагидагиларга эшик қаттиқ ёпган бўлсада. Масалан, биргина «Lacetti-Gentra» сотиб олиш учун сиздан аввал ҳозир 9 мингдан зиёд киши пулини тўлаб қўйиб (!) кутиб ётибди, ҳозир ҳатто ариза беришгаям ҳаққингиз йўқ.
Бу — шу кеча-кудузнинг ҳақиқати.
Нохуш статистика
Автомобил албатта бефойда нарса эмас. Оғирни енгил қилади. Узоқни эса яқин. Аммо ҳамма нарсага ишқибозликнинг ҳам ўз чегараси бўлади.
Статистика гапиради: 2020 йилнинг 10 ойи давомида республика йўлларида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида 2 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 6900га яқин киши тан жароҳати олган. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳайдовчилар ёши кесимида таҳлил қилинса, энг кўпи, яъни 1613тасини 23-27 ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этган. Мутлақ кўп ЙТҲлар 37 ёшгача бўлганлар томонидан содир этилмоқда.
Икки мингта жон... Битта каттагина қишлоқ аҳолиси дегани.
Отнинг калласидай божхона, нархлар қимматлиги каби масалаларни тилга олиб бошингизни қотирмайман. Бу мавзулар кўп ёзилгани, гапирилганидан ҳатто меъдага тегиб улгурган.
Аввало, автомобилга бўлган ёввойи қизиқишимизни жиловлашимиз керак. Бу «эркатой»ни сотиб олса, йўлига гилам тўшайдиганларниям, устига фалон пул сарфлаб «гараж» қурадиганларниям кўрдик.
Ахир инсон машинага эмас, машина инсонга хизмат қилиши керак эмасми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter