Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ аёл-президентни инкор қилди(ми?)

АҚШ аёл-президентни инкор қилди(ми?)

Шундай қилиб АҚШ ҳам аёл сиёсатчиларга тоқати йўқ Осиё мамлакатлари каби аёл-президентни инкор қилган кўринади. Биламиз, Европанинг кўплаб давлатларида аёл-сиёсатчилар бош вазир ва президент лавозимларида муваффақиятли фаолият юритишган.

Шу ўринда ҳукумат раҳбари сифатида халқ томонидан ҳам, сиёсий элита томонидан ҳам тан олиниб, обрў-эътибор қозонган Маргарет Тэтчер, Ангела Меркеллар яққол мисол бўла олади. Афсуски, Осиёда аёл-сиёсатчилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Тўғри, сиёсатчи аёллар обрў қозониб, ҳурмат-эҳтиром билан мансабини топширган бир-иккита давлатни айтмаганда, қолган давлатларда аёл-сиёсатчилар сиёсий элита ва халқ томонидан гоҳ ошкора, гоҳ яширин инкор қилинган. Мана, жаҳонда энг демократик давлат дея тан олинган АҚШ сайловчилари ҳам Камала Ҳарриснинг давлат бошқарувига келишига имкон бермади.

Келинг, Осиёдаги сиёсатчи аёллар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Уларнинг айримларига ҳавас қилсак, айримларнинг тақдиридан хавотирга тушамиз.

Шу ўринда Сингапурнинг 8-президенти Ҳалима Ёқуб (Halimah Binti Yacob) ҳақида гапирадиган бўлсак, у 2017 йил 14 сентябрдан 2023 йил 13 сентябргача Сингапурга раҳбарлик қилди. Шуни айтиш керакки, у бошқа номзодлар сайловга қўйилмаганидан кейин автоматик равишда президент сифатида эълон қилинган эди (бу вақтда у парламент сенати раиси сифатида ишлаб келарди). У Сингапур тарихидаги парламентни бошқарган биринчи аёл ва биринчи президентдир. Аммо у 2023 йилги президентлик сайловларига номзодини қўймаслика қарор қилди. Эслатиб ўтамиз, Сингапурда президентга нисбатан бош вазир катта ваколатларга эга.

Беназир Бхутто 1988-1990 ва 1993-1996 йилларда хукуматни бошқариб Покистоннинг илк аёл бош вазири сифатида тарихда қолди. Унга нисбатан икки марта ҳужум уюштирилган. Илк бор 2007 йил 18 октябрда ҳужум уюштирилган, ўшанда 139 киши ҳалок бўлиб, 450 киши жароҳат олган эди, Беназир Бхуттога иккинчи суъқасд 2007 йил 27 декабр куни содир этилди. Бхуттодан ташқари камида 23 киши ҳалок бўлиб, 90 киши жароҳат олган эди.

Туркиялик иқтисодчи ва сиёсатчи Тансу Чиллер (Tansu Çiller)ни кўпчилик яхши эслайди. У Туркиянинг биринчи ва ягона бош вазири (1993—1996) сифатида тарихда қолди. Тўғри, у бош вазирликдлан кейин 1996-1997 йилларда ташқи ишлар вазири лавозимида ишлади). 1997 йилда янги хукуматни шакллантиришга улгура олмади ва ҳарбий тўнтариш оқибатида хукуматдан четлаштирилди. Туркия парламенти унга нисбатан жиддий айблов бўйича тергов олиб борди. 1998 йил сўнгида унга нисбатан очилган иш ёпилди. 2002 йил ноябрда бўлиб ўтган сайловлардаги мағлубиятидан сўнг сиёсатдан бутунлай кетди. Айрим журналистлар Тансу Чиллер армия босими остидан сиёсатдан узоқлашганини айтишади.

Мьянмалик сиёсатчи Аун Сан Су Чжи ҳақида кўпчилик эшитган. «Демократия учун Миллий лига» раҳбари бўлган сиёсатчи хукуматда ташқи ишлар вазири ва Давлат маслаҳатчиси бўлишига қарамай, амалда 2016 йилдан то 2021 йилга қадар хукуматни бошқарди. Аун Сан Су Чжи давлат мансабларига даъвогарлик қила олмасди, чунки у ва марҳум эри Буюк Британия фуқороси эди.

2021 йил 6 декабрь куни Нейпьидо судининг ёпиқ маслисида Аун Сан Су Чжи тўрт йил қамоққа ҳукм қилинди. Кейинчалик яна тўрт йилга, 2022 йил 15 августда эса олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 2022 йилнинг 12 октябрида у 26 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Умумий ҳисобда у 33 йил қамоқда ўтирадиган бўлди. 2023 йил 1 август куни ҳарбий хунта Су Чжини қисман авф қилди, унинг жазо муддати 27 йилга қисқартирилди.

Пак Кин Хе 1963-79 йилларда Корея Республикаси Президенти бўлган Пак Чон Хининг қизи бўлиб, у 2012 йилда президент этиб сайланди. 2013 йилнинг 25 февралида вазифасини бажаришга киришди. 2016 йил 9 декабрь куни парламент унга импичмент эълон қилди.

2017 йил 10 март куни Конституцион суд импичментни тасдиқлади ва унинг президент сифатидаги ваколати тўхтатилди. Ўша йилнинг 30 март куни у ҳибсга олинди. 2018 йил 6 апрел куни суд томонидан 24 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинди. 18 миллиард вон миқдорида жаримага тортилди. Жиноий иш қайта кўриб чиқилгани боис қамоқ муддати 25 йилга, жарима 20 млрд вонга кўпайтирилди. 2021 йил декабрида президент Мун Чжэ Ин томонидан Пак Кин Хе авф этилди.

Индира Приядаршини Ганди (Indira Gandhi) Ҳиндистон биринчи бош вазири Жаваҳарлал Нерунинг қизи бўлиб илк бор 1966 йилдан 1977 йилга қадар, сўнг 1980 йилдан ўлимига қадар мамлакат бош вазири бўлган. У 1984 йил 31 октябр куни ўз тансоқчилари томонидан ўлдирилган.

Диа Пермата Мегавати Сетиавати Сукарнопутри (Diah Permata Megawati Setiawati Soekarnoputri (Sukarnoputri) хоним 2001-2004 йилларда Индонезиянинг илк аёл президенти бўлган. У мамлакатнинг биринчи президенти Сукарнонинг қизи эди.

Халеда Зиа ёки Халеда Зиё Рахмон Бегум 1991-1996 ва 2001-2006 йилларда Бангладеш бош вазири лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Бангладеш аёл бош вазирларидан Шейх Хасина Вазед ҳам икки марта 1996-2001 ва 2009-2024 йилларда ҳукуматига раҳбарлик қилди. Оммавий намойишлар туфайли Шейх Хасина 2024 йил 5 август куни истеъфога чиқди ва Ҳиндистонга қочиб кетди. Шундан сўнг Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради.

Жаҳонда илк аёл бош вазир сифатида тан олинган Сиримаво Ратватте Диас Бандаранаике 1960-1965, 1970-1977, 1994-2000 йилларда Шри-Ланка (1972 йилга қадар мамлакат номи Цейлон бўлган) хукуматини бошқарган. 1980 йилда у Олий суд томонидан мансабини суистеъмол қилганликда айбдор деб топилди, парламент уни депутатлик мандатидан маҳрум қилди ва 7 йил муддатга сиёсий фаолиятини тўхтатди. 1986 йил 1 январдан унинг ҳуқуқлари тикланди ҳамда қўшимча тарзда ўтган сайловда парламентга сайланди. 1988 йилда президентлик сайловида қатнашди, аммо мағлуб бўлди.

1994 йилда Бандаранаикенинг қизи Чандрика Кумаратунга президентлик сайловида ғолиб бўлди ва онасини бош вазир этиб тайинлади. 2000 йил августида энг кекса аёл сиёсатчи сифатида 84 ёшли Бандаранаике истеъфога чиқди, ўша йилнинг 10 октябр куни парламент сайловида овоз берганидан кейин юрак хасталиги туфайли вафот этди.

Шри-Ланкининг 5-президенти Чандрика Бандаранаике Кумаратунга аввалроқ - 1994 йилда бош вазир этиб сайланган эди. Унинг президентлик даври 1994-2005 йилларга тўғри келади. У эри Виджайя Кумаратунга билан Халқ партиясига асос солади. 1988 йилда эри Тамиль террорчилари томонидан ўлдирилгач, партияга раҳбарлик қилади. 1994 йилда Халқ партияси парламент сайловида ғалаба қозонади ва Кумаратунга бош вазир бўлади. Ўша йилнинг кузида бўлиб ўтган муддатдан аввалги президент сайловида Кумаратунга ғалаба қозонди. 2000 йилги президентлик сайлови арафасида Кумаратунгага суиқасд уюштирилади. Тасодиф туфайли у тирик қолади. Айни шу суиқасд унинг қайта президент этиб сайланишига ёрдам берди.

Хулоса сифатида айтиш керакки, шарқда аёлларга давлат ва ҳукумат раҳбари бўлиш анча машаққатли иш экан. Халқ томонидан қабул қилинса, сиёсий элита инкор қилади. Сиёсий элита томонидан қабул қилинса, халқ инкор қилади.

Кўриниб турибдики, Хиллари Клинтон сингари Камала Ҳарриснинг ҳам пешонасига АҚШ президенти сифатида тарихга кириш ёзилмаган кўринади.

  Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг