Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аномал жазирамада электр қуввати тақчиллиги фақат бизда кузатилаяптими?

Аномал жазирамада электр қуввати тақчиллиги фақат бизда кузатилаяптими?

Ижтимоий тармоқларда тез-тез чироқ ўчаётгани ёки бўлмаса суткалаб ёнмаётгани ҳақидаги маълумотларга кўзимиз тушмоқда. Аномал совуқда чироққа эҳтиёж кучайишини ва муаммолар пайдо бўлишини тушуниш мумкин, аммо ёзда нима учун чироқ ўчади, аномал совуқнинг ноқулайликлари бўлиши табиий, аномал иссиқ ҳам ноқулайлкилар келтириши мумкинми? Бу масалада бошқа мамлакатларда ҳаммаси бир текисми, муаммолар йўқми?  

Хориж янгиликларини кузатамиз. Жуда кўп янгиликларда аввало электр энергияси таъминотидаги узилишлар ва вақти кўрсатилган. Айтайлик, хорижий давлатлар, Россиянинг бир қатор туманлари, Қозоғистон каби қўшни давлатларда электр узилишлари қайси ҳудудларда неча соатга рўй бериши олдиндан огоҳлантирилган. Яна бир хабарларда эса трансформаторлардаги бузилишлар ва неча соатда тузатилишига алоҳида урғу берилган. Бизда эса қаерда қачон чироқ ўчирилишию қачон ёниши ёки носозлик қачон бартараф этилиши ҳақида огоҳлантириш эълон қилиш энди-энди йўлга қўйиляпти.  Шунда ҳам йирик шаҳарларда. Қишлоқ жойларида эса бу масалага эътибор йўқ. Айнан мана шу огоҳлантиришлар йўқлиги ҳам аҳолида норозилик келтириб чиқаради.

Италия иссиқдан азият чекмоқда, деб хабар беради янгиликларнинг бирида.

Европадаги ҳаддан ташқари ҳароратнинг кўтарилиши кўплаб ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди. Греция ва Туркиядан ташқари, Италия ҳам алангаланди.

Мамлакатнинг 16 шаҳрида ҳаво ҳарорати юқори бўлгани сабабли огоҳлантириш кучайтирилди. Палермо ва Катаниядаги жазирама иссиқ туфайли сўнгги кунларда доимий равишда электр ва сув узилишлари кузатилмоқда.

Сицилияда ўрмон ҳам ёниб кетди. Кенг кўламли ёнғин туфайли Палермо аэропорти сайёҳлик мавсумининг энг қизғин палласида ёпилишига тўғри келди.

Маҳаллий ҳокимият сайёҳларга кундузи кўчага чиқмасликни маслаҳат бермоқда, чунки оролда ҳаво ҳарорати 47,6°C гача кўтарилган.

Яна бир хабар. Ноқулай об-ҳаво туфайли Олма отанинг бир қатор туманларида фавқулодда электр таъминотида узилишлар юз берди, деб ёзади zakonkz телеграм канали.

Кучли шамол туфайли айрим ҳудудларда дарахтлар қулаб тушди, бунинг натижасида 6-10-0,4 кВ кучланишли тақсимлаш тармоғида тўхтаб қолиш ҳолатлари юзага келди, натижада истеъмолчилар электр таъминотидан узилди.

Жамакаев, Шукшин, Гагарин, Жароков, Ауезов, Жамбил, Толе би, Шолохов, Сейфуллин кўчаларида узилишлар содир бўлди.

 «Олатау Жариқ Компанияси» АЖ маълумотларига кўра, айни пайтда авария-тиклаш ишлари олиб борилмоқда...

Қирғизистонда электр энергияси бўйича брифинг ўтказилди, деб хабар беради «24.kg» нашри. Маълумотларга кўра 2024 йилда Қирғизистон 3,2-3,5 миллиард киловатт-соат (кВт/соат) электр энергиясини импорт қилади.       

Энергетика вазири сўзларига кўра, етказиб бериш бўйича шартномалар аллақачон тузилган. «Бизда электр қуввати тақчил. Шу боис Туркманистон, Қозоғистон, Россия энергетика тизимлари билан импорт шартномалари туздик ва Ўзбекистон энергетика тизими орқали транзит ўтказдик. Биз бартер шартномасини туздик. Қишда электр қуввати етишмаса, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимидан оламиз. Ёзда сув келиб қолганда, биз бу электр энергиясини бирма-бир қайтарамиз», дея тушунтириш берди энергетика холдинги раҳбари.

Ўтган йили августнинг охирида Европада газнинг биржа нархи 1000 куб метр учун 3200 доллардан ошганди. Мутахассисларнинг фикрича, ғайритабиий иссиқлик ва қурғоқчилик муқобил манбалардан хомашё қазиб олишнинг камайишига олиб келади. Бундан ташқари, юқори ҳарорат фонида европаликлар кондиционер тизимларига кўпроқ энергия сарфлашга мажбур бўлмоқда, бу эса энергия инқирозини янада кучайтирмоқда, дейди экспертлар.

Коперник Ерни кузатиш бўйича таҳлилий дастури маълумотларига кўра, ўтган йилнинг июл ойи Европадаги энг иссиқ олтиталикдан бири сифатида тан олинган. Шундай қилиб, Испания, Франция ва Буюк Британияда +40 ° C дан юқори ҳарорат кузатилди. Шу билан бирга, минтақада рекорд даражада кам ёғингарчилик содир бўлди. Мисол учун, Франция Республикаси учун июл 1959 йилда рекордлар бошланганидан бери энг қуруқ ой бўлди.

Эмбер тадқиқот маркази маълумотларига кўра, июл ойида Европа мамлакатларида гидроэлектростанцияларни ишлаб чиқариш йиллик кўрсаткичлари 15 фоизга камайиб, 57,8 ТВт/соатни ташкил этди. Шунингдек, атом электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш қарийб 14 фоизга қисқариб, 74,2 ТВт/соатни ташкил этди.

Ёмғирнинг кучли танқислиги Европанинг катта қисмларида дарёлар оқимига таъсир қилди. Сув таъминотининг қисқариши энергетика секторига жиддий таъсир кўрсатди, бу ҳам гидроэнергетика, ҳамда бошқа турдаги электр станцияларининг совутиш тизимларига таъсир қилди.

ГЭСларнинг бехато ишлаши бевосита станцияга етарли миқдорда сув етказиб бериш билан боғлиқ. Таҳлилчилар фикрича сув сатҳининг тушиши турбиналар айлана олмай қолишига ва оқибатда электр энергияси ишлаб чиқарилиши камайишига олиб келади.

Бундан ташқари, ғайриоддий иссиқ об-ҳаво кондиционер тизимларига кўпроқ энергия сарфлашга мажбур қилади, бу эса умумий ёқилғи тақчиллигини оширади.

Кўриниб турибдики, чироқ, газ ва сув билан боғлиқ муаммолар фақатгина бизда эмас экан.  Кўпчиликни нима учун аввалари бундай муаммолар бўлмас эди деган савол қизиқтириши табиий. Йилдан-йилга экология ёмонлашаяпти. Жазирама авж олиши натижасида қурғоқчилик кучаймоқда, демак ўз навбатида, сув пасайган сари электр энергияси ишлаб чиқарилиши муаммога айланади.

Бу муаммоларнинг ечими борми? Бу борадаги энг оқилона йўл – сув, электр энегрия ва газдан тежаб-тергаб фойдаланиш. Оилада фарзандларга ўргатиш, ишхонада ҳамкасбларга ўрнак бўлиш, жамоат жойларида тежамкорликни кенг тарғиб қилиш шарт.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг