Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонда дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилинган депутат қамоққа олинди

Андижонда дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилинган депутат қамоққа олинди

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати прокурор тақдимномасига кўра дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ҳақида тарқалган хабарлар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан айрим маълумотларни тақдим этди. 

Хусусан, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 3 март куни «Alliance R.C.» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 228 ва 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов тегишлилиги бўйича Андижон шаҳар ИИО Тергов бўлимига юборилган.

Аниқланишича, «Alliance R.C.» МЧЖга Андижон шаҳар ҳокимининг 15.07.2017 йилдаги қарори билан Андижон шаҳар, Бўстон даҳаси, У.Юсупов кўчасида жойлашган 4.0 гектар ер майдони кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, коттеж типидаги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, иссиқхоналар, умумий овқатланиш ва чойхона бинолари қуриш ҳамда мевали боғ яратиш учун ажратилган.

Бироқ, «Alliance R.C» МЧЖ мансабдор шахслари ер ва шаҳарсозликка оид қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган, дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, қурилиш ишларини лойиҳалаш ва рухсатномалар олиш учун асос ҳисобланган «Архитектура меъморий режалаштириш топшириғи»ни соҳталаштириб, ҳоким қарорида кўрсатилган 4 гектар ер майдонига қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдонини қўшиб олиб, жами 10 гектар ер майдонига қалбаки топографик чизма тайёрлашга эришган.

Бунинг оқибатида мазкур 6 гектар ер майдони доирасида шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан ер участкалари ажратилган тадбиркор ҳамда бир нечта фуқароларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилган.

Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилиш қилинган 0.36 гектар ер майдонларини электрон аукцион савдоларида сотиш имконияти йўқотилган ва давлат бюджетига 190,8 млн. сўм миқдорда зарар етказилган.

Тергов ҳаракатлари давомида «Alliance R.C.» МЧЖнинг раҳбари ҳисобланган Ш.К. халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутатидир. 

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилгани ва бунда депутат дахлсизлигига амал қилинмагани ҳақида хабар берилганди. Ушбу воқеадан бир неча кун ўтиб бир гуруҳ депутатлар Шуҳрат Каримовнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор ноқонунийлиги юзасидан Президентга мурожаат билан чиқишган. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг