Адлия вазирлиги «MY5»ни огоҳлантирди. Бошқа телеканалларнинг «шохи» борми?
Бундан бир ой аввал «Xabar.uz» сайтида «Омбудсман: «ОАВнинг фуқаро шахсий ҳаётига аралашиши қонун билан тақиқланган» сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Тўғри, ушбу мақола мамлакатимизнинг 33 миллион аҳолисининг ўн фоизини ҳам қамраб олгани йўқку-я, лекин журналист ёки бошқа ОАВ вакилларининг эътиборини тортган бўлиши тайин. Бу билан телевидение, газета ва интернет сайтларида жинояти ҳали исботланмаган гумондорларнинг юзини оммага кўрсатиш, исм-фамилияси ва яшаш манзилини ошкор этиш ҳоллари бартараф этилдими?
«MY5» телеканалида 2018 йил 1 апрель куни эфирга узатилган «Яширин камера» кўрсатуви юзасидан Адлия вазирлигининг эътирозлари баён қилинган мактуб кечагина ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. Ва бу турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда (матнни қуйида эълон қиламиз). Фуқароларнинг эътиборини жалб қилган бу мавзу инсонларнинг шахсий ҳаётига очиқчасига дахл қилиш, уларнинг юзини, яшаш манзилию, исм-шарифларигача очиқ кўрсатиш ҳолларидан норозиликларини кўрсатмоқда. Тўғри, кўрсатиш керак, қачонгача яшириш мумкин, бундан хулоса қилиш керак-ку, дегувчилар ҳам бор.
Жумладан, 2018 йил 28 март куни Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» телеграм каналида сўровнома ўтказилди. Савол қуйидагича: «Маст ҳолда автомашина бошқараётганда, фоҳишалик билан шуғулланаётганда ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этаётган вақтда ушланган шахсларнинг видео ёки фототасвирлари телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида кўрсатилиши ҳақида қандай фикрдасиз?»
- Кўрсатиш керак, бундай номаъқул ишларни бошқа қилмайдиган бўлади. — 3 100 та овоз.
- Кўрсатиш керак эмас, бу ўша шахсларнинг шахсий иши — 1 000 та овоз.
- Мен қаршиман, бу ноқонуний — 1 700 та овоз.
- Менга фарқи йўқ — 128 та овоз тўплаган.
Агар фирибгарлар, борингки, ўғрию каззоблар, одам савдогарларию бошқа шунга ўхшаш шахсларни огоҳликка чақириш мақсадида қилинаётган хайрли иш бўлса, уларни халққа танитиш мақсадидаги бу ишни оқлаш мумкин. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор-да. Бу ерда инсон шаъни, қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари масаласи турибди. Иснод деган тушунча ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган. Бир номақбул оила аъзосининг иснодини бутун авлод кўтариб юришига тўғри келади. Аслини олганда, бу миллатимизнинг ёзилмаган қонунлари. Бироқ расмий қонунчилик нуқтаи назаридан олиб қараганда ҳам инсон шаънини камситишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ-ку! Шу маънода айбдорни очиқ-ойдин телеэкран орқали намойиш этишимиз, уни ҳаммага танитишимиз, уруғ-аймоғигача иснод ботқоғига ботиришимиз тўғрими?
Бундай кадрлар ёки хабарлар нафақат «MY5»да, балки бошқа телеканалларда ҳам ошкора эълон қилиняпти. Масалан, «Ўзбекистон-24» телеканалидан узатилган хабарда уйида фоҳишахона очган онасини ва 5 яшар укасини ўлдирган йигит ҳақидаги лавҳа намойиш этилди. Унда йигитнинг юзи аниқ-равшан кўрсатилди. Хўп, у қотил ҳам дейлик, жиноятчи ҳам дейлик, бироқ буни кенг оммага кўрсатгандан нима наф? Сиз ҳам онангизни, укангизни ўлдирманг. Орамизда шундай одамлар ҳам бор экан. Сиз буни такрорламанг, демоқчими? Аслида, жиноятлар ҳақидаги хабарлар жамиятда салбий ҳолатларнинг олдини олишга бағишланган профилактика тадбирлари учун керак эмасми? Бу хабар билан ким, қандай тарбияланади? Масаланинг яна бир томони бор. Ушбу материал ёритилганда йигит қандай қилиб одам ўлдиргани, яъни фактлар тўлиқ келтирилган. «Етти марта ғишт билан бошига уриб» жумласи кадр ортидан ўқиб эшиттирилган. Бу тарбиялашга эмас, балки одамларда, айниқса, вояга етмаганларда жиноятга мойилликни уйғотувчи ёки уни қандай қилиб амалга ошириш механизмлари борасидаги «шпаргалка» вазифасини ўтамайдими?
«ZO'RTV» каналидаги «Хафа бўлиш йўқ» лойиҳаси ҳақида ҳам икки оғиз фикр билдириш ўринли бўларди. Тўғри, бу кўнгилочар, ҳазил кўрсатув. Унинг ҳар сони бир томон билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Лекин дастур қаҳрамонининг бўладиган ҳодиса ва саргузаштлардан умуман хабари бўлмайди. Хуллас, кўрсатувнинг бешинчи сонида «Афруз» гуруҳининг вакили ва унинг автомашинаси нишонга олинган. Манзара: лотерея ўйини ўйналаётган саҳна. Ютуққа хонанданинг машинаси қўйилган. Атрофда атайин уюштириб йиғилган одамлар. «Афруз» гуруҳи вакилининг автомашинаси рақами эгасининг йўқлигидан фойдаланиб, ечиб олинган ва усти бантиклар билан ўралган. Хонанда савдо марказидан чиқиб келаётганда машинаси лотереяда ўйналаётганини кўради ва табиийки, бу ноҳақлик устидан норозилигини билдириб, ўзини ҳимоя қила бошлайди. Буни томошабинлар кулиб томоша қилади, албатта. Лекин иккинчи томоннинг маънавий зарари-чи? Бунга қанча асаб, қанча вақт сарфланади. Биз эса уларни экран орқали кўриб, циркда ўтирган томошабиндек хатти-ҳаракатлари устидан кулиб ўтирамиз. Бу очиқчасига инсон ҳаётига дахл қилиш эмасми? Бировнинг кўнглини оламан деб, бошқаларнинг ҳуқуқларига дахл қилишга қонунчилигимиз асло йўл қўймайди.
Яна бир гап. «Учбурчак» кўрсатувининг ўша машҳур сони, яъни қайнотаси келинига севги изҳор қилгани танқид остига олинган эфирни эслайлик. Тўғри, бу мавзу ижтимоий тармоқларда хўб ва кўп танқид қилинди. Лекин кейин-чи, бугун бу оила маҳаллада қандай қилиб бош кўтариб юрган экан? Шу ҳақда бирор маротаба ўйлаб кўрдикми? Маҳалланинг тўрт-беш «интернетчи» хотинлари (подьезд олдида йиғилиб ўтирадиган аёллар назарда тутилмоқда) уларнинг ёнидан елкасини қисибгина ўтиб кетмаётганмикин? Балки телеэкранда оилавий муаммолари очиқ-ойдин намойиш этилганлар шу маҳалладан бош олиб кетишга мажбур бўлаётгандир. Ҳар ҳолда айтилган гап айтилди. Бир оиланинг шаънига айтилган сўзлар, нафақат маҳаллада, балки халқимиз орасида дув-дув гап бўлди. Бироқ танқид остига олинган бу оиланинг бошқа вакиллари ҳам бор эди-ку. Маҳалла-кўй «ана, келинига севги изҳор қилган қайнотанинг катта келини ёки невараси келяпти», деб қўлини бигиз қилиб кўрсатмаслигига ким кафолат бера олади?
Инсонларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш мумкин эмас. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан юқорида таъкидлаганимиз эътироз ва огоҳлантирувчи мактубида шундай дейилади:
«Биринчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги белгиланган. Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида тўлиқ имплементация қилинган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.
«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига асосан, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.
«Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиши шарт.
Журналист ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.
Иккинчидан, Нодавлат телерадиоканаллар Хартиясида журналистларнинг касбий бурчини бажаришда инсонларнинг ахлоқий, жисмоний ва руҳий соғлигига зарар етказиши мумкин бўлган телерадиокўрсатувларни оммага узатишда рухсат этилган чегарани ва касбий этикани эътиборга олиш қайд этилган.
Ушбу Хартия журналистлар томонидан умумий ахлоқ меъёрларини илгари суриш жараёнида чуқур инсонийлик, тарбиявийлик, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш орқали амалга ошириш мажбуриятини назарда тутади.
Шу каби меъёрлар Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг профессионал журналисти ахлоқ кодексида ҳам ўрнатилган.
Учинчидан, сўзсиз, ўсиб келаётган авлод келажаги учун уларни бой тарихий-маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш муҳимдир.
Шу билан бирга, ахлоқ-одоб қоидалари жамиятда фуқароларнинг дунёқараши, эътиқоди, шахсий фазилатлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб шаклланади.
Адлия вазирлиги тарбия муҳимлигини, лекин бу инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳисобига эришилишига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этади.
Телеканал кадрларида кўрсатилган ёшлар хулқ-атворида амалдаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари мавжуд эмас ва бунда ОАВ вакилларининг ҳаракати уларнинг етарлича касбий тайёргарликка эга эмаслигидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканини инобатга олган ҳолда, ОАВ вакиллари фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишлари лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, келгусида теледастурларни тайёрлашда ушбу қонунчилик нормаларига риоя қилиш шартлигини билдириб ўтамиз».
Телевидение, матбуот ва интернет нашрларида эълон қилинаётган материалларга нафақат Адлия вазирлиги, балки бошқа мутасадди ташкилотлар (жумладан, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ) ҳам ўз фикрини билдирса, яхши бўларди. Зеро, кичик туюлган хатоларга ўз вақтида чек қўйиш катта хатолар юзага келишининг олдини олади.
Адлия вазирлиги нега айнан «MY5»ни огоҳлантирди? Бошқа телеканаллар (давлат ва нодавлат) томонидан тайёрланаётган шу хилдаги кўрсатувлар ҳам кўп-ку! Ёки уларники «ёшлар тарбиясига ижобий таъсир» кўрсатадими?
Биз таҳлилимизни тугатганимизча йўқ. Бу борада матбуот ва интернет нашрларидаги хатоликлар алоҳида мавзу. Тез орада бу борадаги хатоликлар бўйича ҳам сизларни хабардор қиламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter