4 та туманда саноат ҳажми ўтган йилгига нисбатан камайгани қайд этилди
Президент Шавкат Мирзиёев 28 август куни саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ва самарадорликни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Бу йил 7 ойда саноат ҳажми 7,1 фоизга ўсиб, 435 триллион сўмга етди. Электр техникаси, тўқимачилик, чарм ва автомобиль саноатида юқори ўсиш бўлди. Жойларда 1,3 мингта янги қувватлар ишга туширилиб, қўшимча 40 триллион сўмлик ишлаб чиқариш манбаси яратилди.
Лекин ҳамма ҳудуд ва тармоқда ҳам ишлар бирдек эмас. Хусусан, 4 та туманда саноат ҳажми ўтган йилгига нисбатан камайган, 14 тасида эса ўсиш 2 фоизга ҳам етмайди.
Шу боис жойларда саноат билан “корхонабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири шу борада бошланган ишлар ва йил якунигача мўлжалланган режалар бўйича ахборот берди.
Қайд этилганидек, ҳудудлардаги корхоналар ўрганилиб, муаммолари ҳал қилиб борилмоқда. Жумладан, айланма маблағ, электр ва газ таъминоти, солиқ масалалари бўйича кўмаклашилган. Йил якунигача 30 триллион сўмлик қўшимча ишлаб чиқаришни таъминлаш имконияти бор.
Бунинг учун ишчилар сонидан келиб чиқиб, корхоналарга масъулларни бириктириш, тадбиркорларни замонавий ёндашувларга ўқитиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳар бир вилоятнинг саноатга ихтисослашган туманлари бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йирик лойиҳаларни ишга тушириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter