Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Қонунлар амалдорларнинг ҳаракатига қараб ёзиладиган жамият ҳақида

Қонунлар амалдорларнинг ҳаракатига қараб ёзиладиган жамият ҳақида

Фото: «Yhxbb.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг маълумот беришича, Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш ҳақида таклиф киритибди. Таклифда эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш мақсадида жарима майдонига жойлаштириш тартибини жорий этиш илгари сурилаётган экан.

Бу нима дегани?

Бу шуни англатадики, бугунги қонунчилик бўйича карантин қоидаларини бузганлиги учун транспорт воситаларини жарима майдончасига қўйиш мумкин эмас. Бу янги тартибни энди қонунчиликка киритишмоқчи.

Амалиёт

Аммо юртимизда карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида 26 мингдан ортиқ автомобиллар карантин қоидаларини бузганлиги учун жарима майдонларига олиб кирилган. Тасаввур қиляпсизми, 26 мингдан ошиқ!

Хулоса

Агар ҳали бунақа қонун йўқ бўлса, унда демак, шу кунга қадар жарима майдончасига жойланган 26 мингта автомобиль қонунларга хилоф тарзда жарима майдончасига жойланган ва фуқароларга миллиардлаб зарар етган. Улар ҳеч бир қонуний асоссиз жарима майдончалари учун тўлов қилишга мажбур бўлган, машинасиз қолиб, рўзғорини боқа олмаган ва бошқа маънавий-моддий жабр чекишган.

Бу нарса кимнидир ўйлантирадими? Бундан кимдир уяладими? Буни кимдир назоратга оладими? Бунинг учун кимдир халқдан узр сўрайдими? Бунақа ноқонуний қарор қабул қилингани учун кимдир жавоб берадими?

Ёки ҳеч нарса бўлмагандай, келган жойидан давом этиб кетилаверадими? «Халқнинг хотираси қисқа, ҳаммасини унутади» принципими?

Суднинг қарори

Балки, орангизда «Ўзингча нималар деб валдираяпсан, бирор қонуний асоси бўлмаса, 26 мингта бунақа қарор қабул қилишмаса керак, ўзинг қонунни нотўғри талқин қилаётгандирсан», деган фикрда бўлаётганлар бордир. Мантиқан тўғри фикр.

Бунга жавобим эса қуйидагича: Миробод туман маъмурий судининг раиси шунга доир ишни кўриб чиқиб, фуқаронинг машинаси жарима майдончасига қонунга хилоф тарзда қўйилган деб топган эди. Суднинг қарорида мана бундай гаплар бор:

«ИИБ ЙҲХБ инспектори Ш.Атахатжаев ва Миробод туман санитария-эпидемиология назорати инспектори Д.Айматовлар томонидан ўтказилган тадбирда, М.В. бошқарувидаги транспорт воситасида юқоридаги қонун талабларига зид равишда жарима майдончасига қўйилиши, транспорт воситаси 7 майдан 27 майгача – 20 кун мобайнида жарима майдончасида сақланиши, шунингдек у автомашинасини жарима майдонидан олиб чиқиш учун ортиқча сарф-харажат қилгани, сарсон-саргардон бўлгани оқибатида унинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари қўпол равишда бузилган».

Суд фуқаронинг фойдасига қарор чиқарган.

Менинг гапим, балки, кимлар учундир бир тийинлик аҳамиятга эга эмасдир, аммо суд қарори барча учун мажбурий, буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Хулоса ўзингиздан.

P.S.: ривожланган жамиятларда аввал қонунлар чиқарилади, кейин амалиёт унга мослаштирилади. Аммо аввал фуқароларнинг ҳуқуқларини бузадиган қонунга хилоф амалиётни жорий қилиб, кейинчалик уни қонунчиликка киритадиган жамиятда нимадир нотўғри кетяпти, буниси аниқ. Балки, жамиятнинг ривожланиб кетмаётганининг кўплаб сабабларидан бири ҳам шудир, ким билсин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг