Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

«Қизил китоб»га киритилган айиқни отишга рухсат бериб, тўғри қилганмиз» — Экология қўмитаси

«Қизил китоб»га киритилган айиқни отишга рухсат бериб, тўғри қилганмиз» — Экология қўмитаси

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Қизил китоб»га кирган Тяньшан қўнғир айиғини отиб ўлдирган россиялик овчи масаласида баёнот берибди.

Мазкур баёнот ўта нопрофессионал тарзда, ғийбатчи инсонларнинг минғир-минғири шаклида ёзилган бўлиб, асосий масала қолиб, шу мавзуни кўтариб чиққан журналист ва блогерларнинг ўзини айблашибди, уларга жазо борлиги ҳақида огоҳлантириб, таҳдид ҳам қилишибди.

Экология қўмитасининг айтишича, «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларни отиш учун ҳар йили квота тасдиқланар экан ва отишга рухсат бергани эвазига тўлови ҳам бўларкан (3 минг АҚШ доллари).  2021 йил учун 2 дона Тяньшан қўнғир айиғини отиш орқали тутишга квота белгиланган. Ва энг қизиғи ўша 2 та квотани битта овчига тақдим этишибди.

«Биз ҳаммасини қонуний ва тўғри қилганмиз», — деб иддао қилмоқда Экология қўмитаси.

Лекин Қўмита шу узундан-узун баёнотида журналистларга мағзава ағдаргунча, нима учун «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларни отишга рухсат берилиши, бундан кўзланган мақсад нималиги, ноёб ҳайвонларни умуман овламасдан, уларни янада кўпайтирса нималар бўлиши, йиллик квота нимага қараб белгиланиши, рухсатнома учун бир неча овчилар талабгор бўлганда айнан қайси асосга кўра номзодлар танланиши, бу жараёнда коррупцион элементларнинг қандай олди олингани («Қизил китоб»даги ҳайвоннинг рухсатномаси учун фалон пул пора берилиши ҳам мумкин-да) ҳақида маълумот ёзишганида фойдалироқ бўларди.

Бундан ташқари Қўмита овчилар ноёб ва «Қизил китоб»га кирган ҳайвонларни овлагач, шунақа қон излари билан расмларни тарқатиши мумкинми ёки йўқми, бу ҳайвонот оламига нисбатан зўравонликни тарғиб қилиш, қолганларни ҳам ноёб ҳайвонларни овлашга ундаш бўлиб қолмайдими, овчилар бундай расмларни тарқатиш орқали аҳоли, айниқса ёшлар психологиясига салбий таъсир кўрсатмайдими, шулар ҳақида муносабат билдирса яхши бўларди.

Ўзи умуман давлат органлари бераётган кўплаб баёнотлар асосий масала бир четда қолиб, журналистларга ақл ўргатиш, уларга билвосита таҳдид қилиш мазмунида бўлиб қоляпти. Бу нотўғри амалиёт. Масалага, туғилган саволларга изоҳ бериш керак, бўлди. Агар журналист қонунни бузган деб ҳисобласангиз, ана судга ёки тегишли органларга шикоят беринг, кўриб чиқишсин, лекин ўзингиз қозилик қилманг.

Бунақа баёнотлар асосан журналистларни дўст эмас, ўзига душман деб биладиган ташкилотлардан чиқади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг