Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

Энди Деҳқонобод! Ҳоким тадбиркорни «эзса», бундан халқ, ҳатто болалар жабр кўрса...

Энди Деҳқонобод! Ҳоким тадбиркорни «эзса», бундан халқ, ҳатто болалар жабр кўрса...

Фото: Xabar.uz

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан тадбиркор Ҳамдам Маҳмудов туман ҳокими томонидан ўзининг ҳуқуқи поймол бўлаётганлиги тўғрисида кўплаб жойга мурожаат қилган экан. Қайга мурожаат қилмасин, жавобларнинг барчаси қоғозда айланиб ҳоким буванинг ўзига қайтиб келаверган. Бу – мурожаатлар масаласида ҳали пухта тизим яратилмаганлигидан далолат. Биз журналистлар ҳам жавобни қоғоз шаклида қайтармоқчи эдик. Аммо мазмун-моҳиятига қараганда жуда жиддийлиги ва бир тадбиркор ҳуқуқи адолатсизларча поймол бўлаётганлиги, минглаб одамлар жабр чекаётганлиги шундоқ кўриниб турарди.

Муаммони ўрганишга киришдик.

Шикоятда айтилишича, «Бойқўрғон» МФЙ ҳудудида 2007 йил ташкил этилган «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозори тугатилиб 400 метр нарироқда «Бойқўрғон Беклиги» номи билан қайта ташкил этилаётган экан. Бу ўзгартиришларга бош-қош бўлаётган Деҳқонобод туман ҳокимининг келтирган важларига кўра «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозори талабларга жавоб бермас эмиш. Аммо бошқа бир шахснинг номига ўтказиб берилаётган «Бойқўрғон Беклиги» номли бозордан эса бозор талабига жавоб берадиган ҳеч бир жиҳатни топа олмадик.

Янги бозор...

Ҳоким буванинг ташаббуси билан ташкил этилган янги бозор аҳоли зич яшайдиган кичкинагина ҳудудга қурилган. Сотувчилар жой топа олишмай жанжал, ур-йиқитлар билан савдо қилишар экан. Жанжалларда енгилганлар атрофдаги ҳовлилар олдиларидан жой қилиб олишган. Хонадон эгалари эса «2, 3 соатда ўтадиган бозор» деб андиша ва сабр билан яшашмоқда.

Бозор атрофи...

Аммо паттачилар ўша жойлардан ҳам қилиб бера олмаган шароитига патта йиғишар экан. Бозор кўчирилганига икки ой бўлди. Аҳоли норози бўлгани учунми балки, бир ой ичида шу бозорда иккита фалокат юз берибди. Биринчисида бир инсон бевақт ҳаётдан кўз юмган бўлса, иккинчисида бозор олдида ёш келинчакни мотоцикл уриб юборган. Ҳар тугул шифохонага олиб борилиб, унинг ҳаёти асраб қолинган.

Бозор атрофидаги йўл...

Деҳқонобод туман ҳокими Зоир Алиқулов «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозорини тугатиш учун қўл остидаги туман Давлат солиқ инспекциясининг хулосасини ҳам келтирган. Аммо бозор таъсисчиси солиқларни ўз вақтида тўлаб борган. Ҳоким бува ишни пухта қилиш учун туман Фавқулодда вазиятлар бўлимини ҳам ишга солиб «бозор ҳудудига сел келиш хавфи бор» деган хулосани ҳам киритиб қўйган. Арзчининг арз-додини эшитадиган текширувчилар барибир бу ерларга келиб текширишмайди, деган хулоса билан шу фикрга келишган шекилли. Негаки, бундай хавфни вужудга келтирадиган ҳеч бир омилнинг ўзини топ олмадик.

Оқим келадиган тарафлари тепалик билан ўралган. Унинг устига сув йиғилиб келадиган баланд тоғларнинг ўзи ҳам йўқ. Умуман олганда, ҳоким бува мақсадига етишиш учун мантиққа тўғри келса-келмаса ҳар қандай сабабларни қалаштирмоқда. Айни замонга мос мантиққа асосланадиган бўлсак, у бунга ҳақли ҳам. Негаки, туман ҳокими, вақтинча бўлса-да, ўз ҳудудининг мутлақ якка ҳокими. Ҳокимлар нима қилса ҳам қонунга тўғри келиб кетаверади ёки қонун уларга қараб мослашаверади.

Бозор, мол бозори ва болалар боғчаси.

Боғча олди кушхонага айланса…

Бу машмашаларнинг кичкинаси. Аммо энг асосий муаммо шуки, «Бойқўрғон Беклиги» янги бозорнинг молбозор қисми боғча деворининг ёнгинасига қурилган. Бозор бўладиган ҳар душанба куни болалар боғчага келишни исташмас экан. 100 ўринга мўлжалланган «Ёқуб бобо» номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси атрофи машиналар билан тўлиб кетади. Унинг устига машиналарнинг пала-партиш қатнови ҳаттоки катта одамларни ҳам ҳушёр торттиради. Боғча дарвозасининг олдида қассоблар қўй суйишмоқда.

Эндигина тетапоя қилиб дунёни таниётган болакайлар боғчага бориб кўргани қон, эшитгани даллолларнинг савдоси бўлса... Бундай келажак авлод келажакда ким бўлишини тасаввур қилаверинг.

«Ҳоким Зоир Алиқуловга бу иш тўғри эмаслигини кўп бора айтдим, аммо барибир молбозорни боғчамизнинг ёнига кўчириб келди», – деди минг бир истиҳола билан «Ёқуб бобо» номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси таъсисчиси Асқарали Юсупов.

Боғча марказдан олисда бўлса-да, замонавий талабаларга жавоб берадиган қилиб кўркам ва шинам қилиб қурилган. Барчаси кўнгилдагидек, болалар хурсанд. Аммо... Молбозор болаларнинг севимли масканига бир девор қўшни бўлиб кўчиб келгани кўнгилларни хира қилади. Ҳар душанба куни болаларнинг кўпи билан 20 фоизи истар-истамас келишар экан. Қолганлари эса ҳафтада учинчи кунни ҳам уйда ўтказишга мажбур бўлишмоқда.

Деҳқонобод туман мактабгача таълим бўлимининг раҳбари ҳоким буванинг сўзига қарши бора олмаслиги аниқ. Аммо Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бўлимининг бошлиғи нега сукут сақлаётгани ноаниқ.

Боғчадаги болаларни тарбиялашнинг бундай «инновацион» усулидан Мактабгача таълим вазирлиги бехабардир, балким. Нима бўлганда ҳам, боғча билан молбозорнинг бир девор қўшни бўлиши ҳеч бир замон ва маконга тўғри келмайди.

Бу масалада «Бойқўрғон» МФЙ раисининг фикрини билмоқчи эдик. Аммо бефойдалигини англаб етдик. Чунки шу молбозорни боғчанинг ёнига кўчириб келиш ишларига бош-қош бўлаётган ҳам маҳалла раисининг шахсан ўзлари экан. Янги бозорни қайни укасининг номига расмийлаштириб йўлга қўйиш учун елиб-югураётган эмиш.

 МФЙ биноси.

Тайёр бозорни кўчиргунча харобага айланиб қолган МФЙ идорасини эпақага келтириб қўйса бўларди. Жинлар маконига ўхшаб қолган маҳалла биносининг пештоқидаги пештахта ҳали ҳам эски «Обиравон» номида қолиб кетган.

Ҳоким бува ҳам «соққали» жойларни унисидан-бунисига, бунисидан-унисига олиб бериш билан шуғулланмай, қирлардан ошиб, янги барпо этган бозорига олиб борадиган хавфли йўлларни таъмирласа халқдан беҳисоб савоб олган бўлармиди балки.

Бозорга борадиган хавфли йўл.

Бугун Деҳқонобод ҳокими томонидан йўқликка маҳкум этилаётган «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозори 2007 йили Ҳамдам Маҳмудов томонидан ташкил этилган. 12 йил давомида элга овоза бўлиб узоқ-узоқлардан ҳам тадбиркорлар кела бошлаган. Қанча-қанча қийинчиликлардан ўтиб эндигина оғзи ошга етди деганда тўсатдан «тайёрига айёр» чиқиб қолса албатта алам қилади.

Халқда «Бозор билан мозорга тегиниб бўлмайди» деган нақл бежизга айтилмаган. Бозорни кўчирса, барака қочади. Ҳақиқатдан ҳам шундай шекилли, тадбиркорлар ҳам ўрганган бозори кўчирилишидан норози.

Хулоса ўрнида

Сўнгги кунларда ҳокимларнинг «снос» масаласида фуқароларга, айниқса, тадбиркорларга шафқат қилмаётганига кўп гувоҳ бўлдик. Бугунги айни ислоҳотлар даврида ҳоким ва фуқаролар, айниқса, тадбиркорлар ўртасида зиддиятлар вужудга келиб қолганини куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев ҳам қаттиқ танқид остига олди...

Зоир Алиқулов Деҳқонобод туманига ҳоким бўлиб келишдан бир неча йиллар олдин бу бозорни халқ ўзларига мос жойда ўзлари бунёд этган эди. Оддий халқ ўнлаб йиллар мобайнида шу бозорда тирикчилигини қилиб тинчгина яшаб келишаётганди. Бозорни кўчириш машмашаси бошланди-ю юзлаб халқнинг тинчи бузилди. Гарчи кичкинагина бўлса-да, унда барака бор эди. Энди эса нафақат бозордан, ҳаттоки Бойқўрғондан барака кўтарилди.

«Қамчисидан қон томиб турадиган» кўпгина ҳокимларнинг бундай эскича иш услуби нафақат аҳолига жабр келтирмоқда, айни очиқлик даврида бугунги кун сиёсатига жиддий панд бериб қўймоқда.

Шерали Отабоев,
Журналист

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг