Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

«Толибон» минтақада қолдириб кетилган Троя отига ўхшайди — сиёсатшунос (видео)

Бундан 2 йил олдин, аниқроғи, 2021 йил 15 август куни «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятга келган эди.

Иқтидорга келган «Толибон» мамлакат ичида барқарорликни ўрнатишга ҳаракат қилди. Хусусан, наркотик моддалар етиштиришни тақиқлади. Аммо, шунга қарамай, дунё мамлакатларидан ҳеч бири «Толибон» ҳокимиятини ҳозирча тан олгани йўқ.

Бундан ташқари, Афғонистон ичида гуманитар инқироз кузатилмоқда. Мамлакатда содир бўлаётган сув тошқинлари бу инқирозни кучайтириб юборди. Аксига олиб, Афғонистоннинг хориждаги активлари ҳам музлатиб қўйилган. Хўш, шундай вазиятда «Толибон» қандай маблағлар эвазига яшаб келмоқда? «Толибон» миллий давлатчилик ярата оладими?

«Xabar.uz» юқоридаги саволларга жавоб олиш мақсадида афғоншунос сиёсатчи Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди.

– «Толибон» иқтидорга келгач, дастлаб қабул қилган муҳим қарорларидан бири гиёҳванд моддалар етиштиришни тақиқлаш бўлди. Ҳозирда «Толибон» жаҳон ҳамжамиятига гиёҳванд моддаларни етиштиришга қарши курашаётганини исботлашга ҳаракат қилмоқда. «Толибон» бу орқали нимага эришмоқчи?

– «Толибон» Афғонистонда муваққат ҳукуматини ташкил этганидан кейин, 2 йил давомида амалга оширган ишлари орасида кўпчилик учун қизиқарли бўлгани – бу наркотик моддалар савдосини тақиқлангани бўлди. Бу орқали «Толибон» 3 та мақсадни кўзлаган. Биринчиси – ички сиёсий бирдамликка эришиш. Иккинчиси – халқаро ҳамжамият билан алоқаларни йўлга қўйиш. Яъни, тан олиниш масаласини тезлаштириш. Учинчиси – бу норасмий мақсад. Келинг, бу мақсадларни таҳлил қилиб кўрсак.

«Толибон» мамлакат ичида барқарорликни, сиёсий бирдамликни йўлга қўйиш мақсадида наркотик моддалар савдосини тақиқлади, дейиш мумкин. «Толибон» раҳбари Мулла Ҳайбатулла Охунзода наркотик моддаларни етиштириш шариатга тўғри келмаслигини эълон қилди. Бу бир нечта клан (гуруҳ)лар ўртасидаги муаммоларга нуқта қўйди. Бошқа томондан, «Толибон» гўёки жаҳон ҳамжамиятига ўзини гиёҳванд моддалар етиштиришни тақиқлаш орқали терроризм билан алоқаларини узганлигини таъкидламоқчи бўлди. Яъни, улар «мана, биз терроризм билан алоқаларни уздик, унинг манбасини йўқотишга ҳаракат қиляпмиз», демоқчи.

Учинчи мақсад эса бизнес билан боғлиқ. Агар гиёҳванд моддалар савдоси маълум муддат тақиқланса, наркотик моддаларнинг нархи ошади. Бу эса унинг даромадини ошишга сабаб бўлади. Сўнгги йиллардаги статистика ҳам буни тасдиқламоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг наркотик савдоси ва жиноятларга қарши кураш бошқармаси берган маълумотларига кўра, 2022 йилда Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш 32 фоизга ошган. 2021 йилда 1 килограмм наркотик моддасининг нархи 205 долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб афюннинг нархи 327 долларга кўтарилган. Афғонистоннинг жанубий ҳудудларида наркотик нархи 400 долларгача ошиб кетган. Бундан ташқари, Афғонистондан қўшни мамлакатларга гиёҳванд моддалар савдоси авж олган.

Тожикистон гиёҳванд моддаларга қарши кураш агентлиги раҳбари Ҳабибулло Воҳидзода берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 2,4 тонна афюн мусодара қилинган. Бу мусодара қилинганлари, мусодара қилинмаганлари ҳам бўлиши мумкин. Бу наркотик моддалар орқали даромад топиш кучайганини англатади.

– Нега биринчи «Толибон» ҳукуматини тан олган давлатлар – Покистон, Саудия Арабистони ва БАА янги «Толибон» ҳукуматини тан олмаяпти?

– Амалдаги Афғонистон муваққат ҳукуматини ҳозирча ҳеч бир дунё давлати тан олмади. Бунга бир нечта сабаблар бор. Лекин юқорида сиз санаб ўтган давлатлар (Покистон, Саудия Арабистони ва БАА)га алоҳида тўхталишимиз керак. Чунки улар «Толибон»нинг биринчи ҳукумати (1996–2001)ни тан олган. Юқоридаги уч давлатнинг «Толибон» ҳокимиятини тан олмаётганига асосий омил – бу сафар «Толибон»нинг ҳокимиятга келишида Покистон, Саудия Арабистони ва БАА ҳеч қандай рол ўйнамагани. Бу ерда асосий масала АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги битим ҳисобланади. Афғон сиёсий саҳнасига «Толибон»нинг кириб келишида шу омил жуда муҳим. Келинг, шу давлатларни алоҳида-алоҳида таҳлил қиламиз:

Покистоннинг «Толибон» ҳокимиятини тан олмаётганига бир нечта сабаблар мавжуд. Тўғри, Покистон «Толибон» ҳокимиятда бўлишдан қисман манфаатдор. Масалан, 2018 йилда Покистондаги қамоқхонадан Мулла Абдул Ғани Бародар озод этилиб, «Толибон»нинг Қатардаги расмий идорасига раҳбар этиб тайинланган. Бундан асосий мақсад – Ҳиндистоннинг минтақадаги таъсирини заифлаштириш ва ўз тарафдорларини Афғонистонда ҳокимиятга олиб чиқиш. Шу нуқтаи назардан маълум бир келишувлар бўлган бўлиши мумкин. Лекин шунга қарамай, бир қатор муаммолар мавжуд. Биринчидан, Покистоннинг иқтисодий аҳволи оғир аҳволда. Айниқса, сув тошқинлари оқибатида мамлакатдаги иқтисодий аҳвол анча оғирлашиб қолди. Мана шундай вазиятда улар «Толибон»ни тан олса, халқаро санкцияларга учраши мумкин. Яъни, Покистоннинг бундай рискка бориш нияти йўқ.

Покистоннинг Кобулдаги элчисининг айтишича, Покистон халқаро ҳамжамият билан келишмасдан туриб, ҳозирги «Толибон» ҳукуматини тан олмайди. Бошқа томондан, Покистоннинг бундай сиёсат юритиши собиқ бош вазир Имрон Хон билан ҳам боғлиқ. Чунки Имрон Хон «Толибон» тан олинишига мойил бўлган сиёсатчи ҳисобланади. У «Толибон» кафолати остида Марказий Осиё, Хитой, ва Россия билан алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида бўлган. Менинг тахминимча, шу сабабдан ҳам Имрон Хон ўйиндан чиқарилди.

Бир қанча Покистон раҳбарларининг айтишларича, пуштунлар масаласи Покистон олдидаги катта муаммо ҳисобланади. Чунки «Толибон» пуштунларни қўллаб-қувватласа Покистоннинг ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф туғилади. Бундан ташқари, Покистон ва Афғонистон чегарасида бўлаётган можаролар «Толибон»нинг Покистон томонидан тан олишига тўсиқ бўлиб келмоқда.

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига тўхталадиган бўлсак, бу мамлакатлар ҳам «Толибон» ҳокимиятга келишида асосий ролни ўйнамади. Сабаби, бу ерда Қатар омили мавжуд. Сўнги вақтларда Қатарнинг «Толибон» билан алоқалари жуда кучайди. Ҳозирда Қатарнинг «Толибон» сиёсий ва ҳарбий қаноти билан алоқалари жуда мустаҳкам. Маълумки, «Толибон»нинг Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида сиёсий маҳкамаси бор. Шунингдек, Қатар АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишувда воситачи бўлган.

Хўш, «Толибон»нинг ҳарбий қанотида Қатарнинг роли қандай кучайиб бормоқда? 2022 йилнинг июль ойида Афғонистон муваққат ҳукуматида мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мулла Муҳаммад Ёқуб Қатарга ташриф буюрди. Ва ташриф давомида Қатар мудофаа вазири, ташқи ишлар вазири ва Қатар амири билан учрашиб, музокаралар ўтказди. Бу ерда эътиборга молик жиҳати, Мулла Муҳаммад Ёқубнинг Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашганидир. 2021 йилдан буён «Толибон» вакиллари учрашган ягона давлат раҳбари Қатар амири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ўшанда «Толибон» Қатар билан Афғонистоннинг мудофаа тизимини кучайтириш билан боғлиқ битим тузган. Шу сабабдан ҳам Саудия Арабистони ва БАА «Толибон»ни тан олишга бироз иккиланмоқда. Ҳатто, Саудия Арабистони ўз дипломатларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетди.

– Ҳозирда Афғонистоннинг хориждаги активлари музлатилган. Шундай вазиятда «Толибон» молиявий масалаларни қандай ҳал қилмоқда? «Толибон» қандай маблағлар эвазига яшаб келмоқда?

– Кўриб турибмиз, Афғонистонда иқтисодий муаммолар жуда кўп. «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин ҳам бу муаммолар бартараф этилгани йўқ. Ҳозирда «Толибон»ни молиявий томондан қўллаб-қувватлаётган давлат – АҚШ. Очиқ манбаларга кўра, Америка томонидан 2023 йилгача бўлган давр орқалиғида «Толибон»га «гуманитар ёрдам» ниқоби остида 3,20 миллиард доллар етказиб берилган. Бошқа манбаларга кўра, АҚШ «Толибон»нинг ҳар бир катта раҳбарига 80 миллион доллардан нақд пул бериб келади.

«Толибон»ни пул билан таъминловчи кейинг давлат – Қатар. Лекин Қатар қанча маблағ ажратаётгани ҳақида маълумотлар ошкор этилмаган. Аммо юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, Қатарнинг ҳам «Толибон»га пул масаласида ёрдам бериб бориш эҳтимоли юқори.

Defense.gov (АҚШ) нашрининг маълумотларига кўра, «Толибон» даромадининг деярли 50 фоизи наркотик моддалар савдосидан келади. Минтақадаги actor (лидер)лар орасида «Толибон» билан муносабатларда Хитой алоҳида ажралиб турибди. Хитой «Толибон» билан бир қанча иқтисодий лойиҳалар бўйича келишиб, бундан сиёсий мақсадларда фойдаланмоқчи. Маълумотларга кўра, ҳозирда Афғонистонда Хитойнинг 27 та энг нуфузли компанияси фаолият юритмоқда. Лекин шундай бўлса-да, Хитой биз таъкидлаган юқоридаги иккита мамлакатни ҳисобга олиб, жуда ҳушёр сиёсат юритмоқда.

– «Толибон»нинг мавжудлиги Марказий Осиё учун хавфми ёки имконият?

– Бу жуда мураккаб савол. Агар эътибор қаратадиган бўлсак, айрим сиёсатчилар «Толибон»ни имконият дейди. Бошқалар эса уни хавф деб ҳисоблайди. Юқоридаги ташқи кучларнинг таъсирини эътиборга олган ҳолда, менинг назаримда, «Толибон» афғон халқининг танлови эмас, балки ташқи кучлар танлови. Шу жиҳатдан айтадиган бўлсак, «Толибон» Сэм тоғанинг минтақада қолдириб кетган Троя отига ўхшайди. У жуда жозибадор лойиҳалар таклиф этмасин, муаммолар кўпайиб бормоқда. Икки йил ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилсак, биз ўртага қўяётган саволнинг жавоби ойдинлашади. Масалан, «Толибон» ҳокимиятга келганида қўшни мамлакатларга хавф бўлмайди, деб кафолат берганди. Бироқ Хитойдан бошқа барча қўшни давлатлар билан чегараларда тўқнашувлар содир бўлди. Мисол учун, Покистон билан чегарада 17 маротаба йирик тўқнашув бўлган. Мудофаа вазири Хожа Муҳаммад Осиф агар Афғонистон ҳудудидан Покистонга таҳдидлар давом этадиган бўлса, ҳарбий куч ишлатишини маълум қилди.

Яқинда ҳам чегарада тўқнашув рўй бериб, унда 12 та тинч аҳоли қурбон бўлган. Бу тўқнашувларда Покистон «Толибон»ни айбламоқда. Ҳаттоки, Эронга «Толибон»нинг баъзи бир раҳбарлари уруш эълон қилишини айтди.

– «Толибон» ҳозирда Афғонистонни куч билан ушлаб турибди. Нима деб ўйлайсиз «Толибон» давлатчилик ярата оладими?

– Халқаро ҳамжамият томонидан «Толибон» олдига қўйилган асосий талаблардан бири – инклюзив ҳукумат яратиш. Лекин «Толибон» бу талабларнинг биронтасини ҳам бажармади. Инклюзив ҳукумат Афғонистоннинг қочқинда юрган собиқ ҳукумат аъзоларини ҳам қамраб олиши керак эди. Бироқ ундай бўлмади. Инклюзив ҳукумат тузилмас экан Афғонистондаги қолган озчилик миллат вакилларининг мавқеи тушиб кетаверади ва уларнинг давлатчиликдаги иштироки пасайтирилади. Бу эса мамлакатни тўлиқ пуштунлаштириш сиёсатига етаклайди. Оқибатда давлатчилик муаммолари юзга чиқади. Буни эътиборга олиш керак!

– «Толибон» ичида ҳам бўлиниш борми?

– «Толибон» вакиллари ўртасида қарама-қаршиликлар бор. Улар буни Қандаҳор ва Кобул кланлари деб аташади. Аввало, «Толибон» ичида сиёсий ва ҳарбий қанот ўртасида зиддиятлар мавжуд. «Толибон»нинг сиёсий қаноти Мулла Абдуллоҳ Бародарга яқин. Ҳарбий қанот эса амалда ички ишлар вазири бўлган Сирожиддин Ҳаққонийга яқин. Улар «Толибон» разведкасини ҳам назорат қилади. Мана шу қанотлар ўртасида ва уларни ортида турган кучлар қўллаб-қувватлаши оқибатида муаммолар келиб чиқмоқда. Яъни, маълум бир кучлар сиёсий қанотни, бошқа кучлар эса ҳарбий қанотни қўлламоқда. Мана шундай вазиятда «Толибон» ўртасида баъзи масалаларда ихтилофлар юзага келмоқда.

– Бу вазиятда Афғонистонда тинчлик бўлиши мумкинми?

– Бундай шароитда қандай қилиб тинчлик ҳақида ўйлаш мумкин? Бу ерда тинчлик бўлиши жуда мураккаб. Гарчи айримлар «Толибон» маълум ютуқларга эришганини таъкидлаётган бўлса-да, Афғонистондаги вазият ҳали ҳам стратегик мавҳумлигича қолмоқда. Қўшни мамлакатлар билан низолар давом этмоқда. Мана шундай шароитда Афғонистонда давлатчилик тикланиши қийин кечади. Бундан ташқари, сув билан муаммолар келиб чиқди. Кўришимиз мумкинки, имкониятлар ўрнига муаммолар борган сари кўпайиб кетмоқда.

– Бундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати қандай сиёсат юритиши керак деб ўйлайсиз?

– Ҳар доим «Толибон» билан муомала қилганда айтиб келадиган фикрим бор: «Дўстларингни ўзингга яқинроқ тут, душманларингни янада яқинроқ». Агар «Толибон» билан мулоқот қилсак, уларнинг келажакдаги мақсадлари ва стратегик режаларини тахмин қилишга имконимиз бўлади. Улар билан алоқаларни узиб қўйсак, муаммолар янада кўпаяди. Қолаверса, уларнинг ортида катта кучлар турибди. Миллий манфаатларимиз нуқтаи назардан «Толибон» билан мулоқот қилишимиз ва ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз керак. Улар билан мулоқот бизга 2 та нарса беради. Биринчиси – минтақавий хавфсизлик. Иккинчиси – Афғонистондаги геоиқтисодий лойиҳалар. Бу лойиҳалардан «Толибон» ортида турган айрим кучлар ва «Толибон»нинг ўзи ҳам манфаатдор. Лекин бу осонликча амалга ошадиган жараён эмас. Чунки Афғонистондаги вазият бунга йўл бермайди.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг