Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Қош қўяман деб, кўз чиқарманг!

Қош қўяман деб, кўз чиқарманг!

Кеча ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири «Севимли» телеканалида намойиш қилинган беҳаё лавҳа бўлди, десам нотўғри бўлмас.

Очиғи, кеча пульт билан телеканалларни алмаштираётиб, бир неча дақиқа худди шу фильмнинг айрим лавҳаларини томоша қилган, қаҳрамонларнинг бепарда диалогидан бироз энсам қотиб, бошқа каналга ўтказгандим. Лекин «ҳалиги» жойини кўрмаган эканман. Эрталаб бу ҳангомадан хабар топдим.

Тўғриси, бу ҳолатни оқламоқчи эмасман. Яхши бўмапти. Буни телеканал жамоаси ҳам тушуниб етган чоғи, томошабинлардан узр сўради. Менимча, бу ҳолатни тўғри тушуниш лозим. Чунки, «Севимли»да жаҳон киносининг кўплаб бамаъни, яхши фильмлари ҳам намойиш этилади. Айниқса, шарқ халқлари ҳаёти акс этган кўплаб фильмлар томошабинлар эътиборини қозонган.

Бироқ, бугунги кунда ижтимоий тармоқ аҳлининг жунбушга келиши, билган ҳам, билмаган ҳам телеканалга тош отиши, турли мессенжерлар орқали телеканалда кўрсатилган фильмнинг айнан «ўша» жойини фойдаланувчилар бир-бирига «улашиши» мантиқан ўйлаб қаралса, ушбу телеканал хатосини такрорлашдан бошқа нарса эмас. Хўш, ўша уятсиз лавҳани телеканалдаги билибми-билмайми кўрсатворибди, сиз-чи? Сиз ҳам ҳаммага тарқатиб, ҳатто кўрмаганларни ҳам қизиқтиряпсиз-ку?

Бу ҳолат менга жуда таниш. Уч тўрт йил илгари бир грузин адибининг ҳикоясини ўзбекчага ўгириб, ҳали «рандаланмаган» вариантни бир ҳамкасбимга ўқиш учун жўнатгандим. Ҳамкасб дўстимиз менга ҳадди сиққани учунми, ўзимдан сўрамай ҳикояни газетага босибди. Орадан кўп ўтмай, бир телеканалда хусусий нашрлар танқидига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди. Унда каминанинг таржимасидаги ўша асар «миллий маънавиятимизга, ахлоқий қадриятларимизга, ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясига мутлақо зид ҳикоя» дея баҳоланди. Сабаби... ҳикояда қаҳрамон қизнинг бир тана аъзоси олмадек бежирим ва таранг экани айтилган. Барака топкур кўрсатув ижодкорлари ўша саҳифани катталаштириб, «беҳаё жумла»нинг тагига чизилиб, буям етмагандек «булбулигўё» сухандон томонидан бурро-бурро қилиб ўқиб ҳам берилган эди.

Қизиғи шундаки, нари борса минг-икки минг нусха чиқадиган газетадаги ўша ҳикояни кўпи билан 2000 киши ўқиса, ўқигандир. Ўқиганлар ҳам ўша «беҳаё» ташбиҳга эътибор қилишганми йўқми, худо билади. Аммо, уч қайта намойиш қилинган бу танқидий кўрсатувни кўрган томошабинлар сони газетани ўқиганларга нисбатан ўнлаб баравар кўпроқ бўлгани аниқ.

Хўш, энди мантиқан ўйлаб кўрилса, бу ерда ким кўпроқ «уятсиз»? Бадиий асардаги сўзлар орасига кўмилиб кетган биргина жумлани ковлаб топиб, уни бўрттириб томошабинларга кўз-кўз қилган кўрсатув ижодкорлари эмасми?

Қолаверса, жаҳон адабиётини-ку, қўяверинг, ўзимизнинг мумтоз ва замонавий адабиётимизда «олмадек» муболағалар истаганча топилади-ку? Нима бўлганда ҳам, Крилов бобо «айбинг шуки учраб қолдинг қорним очганда» деганларидек, ўша пайтда кўрсатув ижодкорлари танқид қилиш учун кичкина бўлсаям мисол қидиришган ва ўша ҳикоя дуч келганига шубҳа қилмайман.

Ҳолбуки, мазкур ҳикоя беҳаёлик эмас, эзгулик, меҳр-оқибат, олижаноблик каби хислатлар тарғиботига бағишланган эди. Мен бу кўрсатувни кўриб, «Келинлар қўзғолони» фильмидаги Соттининг ҳаракатларини эслагандим. Овсинларини Фармонбибига сотмоқчи бўлган «шпион» келин баҳонада ўзи ҳам улардан қолишмайдиган тарзда қилпиллаб рақс тушиб кетгани ёдингиздами?

Хуллас, телеканал ижодкорларига бундан буёғига эҳтиёткор бўлишни тилаб, қолганлардан ҳам беҳаёликни танқид қиламан деб, унинг тарғиботчисига айланиб қолмаслигини сўрайман.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг