Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Замонамиз қаҳрамони: юзлаб ўқувчиларни олий маълумотли қилган Исомиддинов устоз ҳақида

Замонамиз қаҳрамони: юзлаб ўқувчиларни олий маълумотли қилган Исомиддинов устоз ҳақида

«Халқ таълими аълочиси» нишони соҳиби, педагог Нажмиддин Исомиддинов.

Буюк Британия тарихида ёрқин из қолдирган бош вазир Уинстон Черчилл қуйидагича лутф қилган экан: «Ўқитувчилар шундай қудратга эгаки, бош вазирлар бу кучни фақат тушида кўради...»

Ҳа ростан устозлар жамият тақдирини ҳал этиши бор гап, уларнинг кучини вазирларга менгзашда ҳам ҳикмат бор.

Қашқадарё вилояти, Китоб туманида яшовчи Нажмиддин Исомиддинов ўттиз йилдан бери ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Устоз 1991 йилдан бери бошланган фаолияти давомида минглаб ёшларни ўқитди. Фаолиятида кўп чиғириқлардан ўтди. Ҳатто пахта далаларида ўқувчилар билан фан ҳақида, синовларга тайёргарлик ҳақида бош қотирди. Кириш имтиҳонлари арафасида абитуриентлар ҳаёти билан яшади, пойтахтга илк бор қадам босган юзлаб ёшларни суяди. 2008 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди...

«Ўқувчилар билан кечаю-кундуз ишлаган ютади...»

Қаҳрамонимизнинг таълимдаги шиори шу. Китоб туманида жойлашган 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари яхши билади: «Исомиддинов домла» қатиққўл, жиддий аммо, кўзида йилт этган нури бор ўқувчи борки, кўксидан итармайди.

Домлани суҳбатга тортамиз.

— 2010 йилгача мактаб интернатда ишладим. Сўнгра ҚМИИ қошидаги академик лицейда дарс бердим. Айни дамда тумандаги касб-ҳунар мактаби ва 44-умумий ўрта-таълим мактабида она тили ва адабиёти фанидан дарс бермоқдаман. Асосий мақсадим ўқувчиларни олий маълумотли, ўқимишли бўлишига эришиш. Рости, шу вақтгача қанча ўқувчим университетларга кирди, билмайман. Икки-уч юзтачалар бўлса керак. Имтиҳонлардан кейин баъзилари йўқлайди, айримлари йўқ (кулади) Муҳими, улар ҳаётда ўрнини топса бўлди. Айрим йиллар ўқишга кирувчилар бир мавсумда 30-40 нафаргача етади. Масалан, 2020 йилда ўттиз бир ўқувчим талабага айланди, — дейди Нажмиддин Исомиддинов.

Пахта даласидаги «айтишув»

Маълумки, авваллари юқори синф ўқувчилари пахта йиғим-теримига жалб этиларди. Ўттиз-қирқ кунлаб давом этадиган ҳашарларда ўқувчилар бир қийинчиликка дуч келишади: билимларни мустаҳкамлаш тугул, уларни эсда сақлаб қолиш муаммо.

Нажмиддин Исомиддиновнинг шогирди, юрист Акрам Раҳимов қуйидагича эслайди:

- Саҳарлаб далага чиқамиз. Хаёлимиз имтиҳону, ўқишга киришда. Дилдираб, пахта эгатларига энамиз. Айримларнинг қўлтиғи, этагига китоб-дафтар қистирилган бўлади. Бирор кило пахта териб, пана-панада китоб титамиз. Тил ва адабиёт бўйича баҳсларимиз кўп бўларди. Бир куни қизиқ устида баҳсга берилиб, ўқитувчининг тепамизга келиб қолганини сезмабмиз. Чуғурлашиб Гулханийнинг «Зарбулмасал»ини таҳлил қилаётгандик.

Ўқитувчимизни кўргач, ҳамма қотиб қолди. Аммо домла лом-лим демай китобни олди ва савол-жавобни давом эттиришни буюрди. Шу куни ҳатто тушликка ҳам чиққимиз келмади. «Пахта даласидадаги айтишув» чуқур ёдимда қолган. Чунки у вақтда терим вақти бўш ўтирганлар тугул, кам терганлар ҳам жазоланар эди...

«Исомиддиновча темир интизом»

— Ўқувчи зоти ўзгарувчан табиатга эга бўлади. Туппа-тузук болага бир ҳафта тузук эътибор қилмасангиз айниб қолиши мумкин. Мактаб-интернатда ишхона яқинидан ижарага уй олиб ишлаганман. Ўқувчининг дарсга бориши, тўгаракларга қатнашиши, ҳатто неччида овқатланиб, уйқуга ётишигача, режалаштириб, назоратга олганмиз. Бундан тартибга чидай олмай қочиб кетганлар ҳам бўлган. Аммо олдимизда бошқа чора йўқ: ота-оналар болам ўқишга киради, деб умид қилади.

Бугун ўша тартибда ўқиганлар прокуратура, ИИБ, суд органларида ишлаяпти, нуфузли ташкилотларда матбуот котиби бўлганлар, телевидение юзига айланганлари ҳам бор. Яқинда Токиодаги нуфузли университетга ўқишга кирган шогирдим интернет орқали қўнғироқ қилиб, раҳмат айтди. Бир ўқитувчига мукофот шунча бўладида, — дейди устоз.

«Уйимга чамадонда пул кўтариб келганлар ҳам бўлди...»

— Афсуски, беш қўл баробар эмас. Олий маълумотли бўлиш учун жон койитишни хушламайдиганлар ҳам бор. Айрим ҳолларда ота-оналар ҳам уларга қўшиладилар. Пул ҳамма эшикларни очади деб ўйлашади. Яширмайман, уйимга пул кўтариб келиб, ўқишга киритиб беринг дегувчилар ҳам бўлди.

Узоқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаман: ҳалол тиришқоқ ўқувчи ҳар қадамида устозига мақтов олиб келаверар экан. Юқоридаги тоифа эса... Майли, улар орасида ҳам илм калити меҳнатда эканини англаганлар ҳам йўқ эмас.

Шундай инсонлар бор

Бугун бизда кўпчилик таълимнинг сифатидан нолийди. Аммо тармоқлар ва муҳокамалар қаҳрамони кўпроқ шоу-бизнес вакиллари бўлади. Қачонки бизда ўқитувчи,шифокор каби оддий касблар трендга чиқса, жамият тафаккури ўзгарган бўлади.

Келинг, биргалашиб, шу азиз касб эгаларини эътибор марказига чиқарайлик. Йўқса, келажак авлод олдида қаттиқ жавобгарликка қолишимиз ҳеч гап эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг