Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Индамасдан бўлиб-бўлиб олаверинглар...

Индамасдан бўлиб-бўлиб олаверинглар...

Иллюстратив фото

Ўзбекистондаги «Coca-Cola» заводининг 57 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилганидан буён унинг атрофидаги машмашалар тинмаяпти. Улуш сотувга қўйилди, бироқ қўйилган талаблар бўйича Ўзбекистон компаниялари унда иштирок эта олишмаяпти, ҳатто эҳтимолий «сирли харидор»дан икки баравар пул беришни истаса ҳам.

Заводни хусусийлаштиришга ҳеч ким қарши эмас, аммо унинг давлат улушини паст нарх сотиб юборишлари мумкинлиги шубҳали. Зарарига ишлаётган корхона бўлса ҳам майли эди. Ўзбекистондаги 1-рақамли, йиллик соф фойдаси 27 миллион доллар бўлган, барқарор даромадга эга алькоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи заводнинг давлат улушига эга чиқишни истовчилар жуда кўп. Балки айнан шунинг учун ҳам тендерда қатнашиш шартлари ҳар кимга йўл бермайдиган тақиқлардан иборат қилиб белгилангандир?! Айни воқеалар ривожи шундай хулоса чиқаришга ундайверади (асосли сабаб кўрсатилмаганидан кейин). Акс ҳолда, «керак бўлса, 70 миллион ўрнига 150 миллион АҚШ доллари беришга тайёрман» деб турган компанияларнинг тендерда қатнашишига имкон берилган бўлмасмиди? Давлат улуши қимматроққа сотилиб, бюджетга кўпроқ маблағ тушишидан манфаатдор бўлмаган кимсалар борми ёки? (Пойтахтнинг қоқ марказидаги гектарлаб ерлар «ноль қийматда» сотилганиниям кўргандик).

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг кечаги баёнотида шундай дейилганди: «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўплаб тадбиркорлар ва фуқаролар, шунингдек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондининг 57,118 фоизга тенг давлат улуши сотувга қўйилиши жараёнлари амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда».

«Кўплаб тадбиркорлар» мурожаат қилишига арзирли сабаб бўлгандирки, антикоррупция агентлигининг «эшиги тақиллатилган».

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганишларга кўра, аукцион шартларида шаффофлик йўқлигини аниқлаб, савдони тўхтатиш бўйича тегишли идораларга тақдимнома киритди. Бу — йирик коррупция аломатлари сезилган жараённи тўхтатиш бўйича дадил ҳаракат бўлди деб турилган бир пайтда, Давлат активларини бошқариш агентлиги тақдимномага расмий муносабат билдириб, унда жамоатчиликка «тушунтириш берилиши»ни айтиш билан чекланди. Яъни савдони тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай ишора бўлмади.

Кўп куттирмай, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг навбатдаги баёноти чиқди.

«Тақдимномага Давактив агентлиги томонидан оператив равишда расман муносабат билдирилганлиги ва хусусийлаштириш жараёни бўйича барча асослар тушунтириб берилганлигига миннатдорчилик билдирамиз.

Маълум бўлишича, ҳозирда Компаниядаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни халқаро амалиёт бўйича олиб борилмоқда. Бунга дунёнинг нуфузли «Rothschild & Co» инвестиция банки молиявий маслаҳатчи ва «Dentons» юридик фирмаси юридик маслаҳатчи сифатида жалб этилиб, жараёнлар шаффоф тамойиллар асосида ташкил этилмоқда.

Шу муносабат билан, Агентлик хусусийлаштириш жараёнларини халқаро компаниялар иштирокида амалга оширилаётган бундай янги амалиётни тўла қўллаб-қувватлайди ва хусусийлаштириш жараёнининг давом эттирилишига эътирози йўқлигини маълум қилади», дейилади баёнотда.

Катта умидлар билан ташкил этилган ва фаолият бошлаганига кўп бўлмай, унга нисбатан саволлар юзага келаётган агентлик шу тарзда бир кундаёқ шаштидан қайтгани сезилди. Биласиз-а, йўқотилган ишонч қайта тикланиши жуда қийин бўлади.

Ўзбекистонда ҳали яна ўнлаб, юзлаб йирик корхона, банк ва заводлар хусусийлаштирилиши белгиланган. Агар уларда ҳам эгаси олдиндан аниқлаб қўйилган тендер савдолари ташкил этиладиган бўлса, расмиятчиликка не ҳожат?! Индамасдан ўзаро келишиб бўлиб-бўлиб олаверинглар...


Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг