Автомобил бадавлатлик белгисими? Ёхуд машина сотиб олмаслик учун етти сабаб
Кеча Repost.uz сайтида бир мақола чиқиб қолди. Унга кўра, йигитнинг машинаси бўлмагани учун, қиз унга турмушга чиқишни истамагани баён қилинган.
Воқеалар бироз қулоғидан тортилгандек, фақат машина асосий сабабчи эмасдек. Лекин, бир нарсани тушуниш керак, бизда машина шунчаки буюм ёки транспорт воситаси эмас. Унинг ижтимоий аҳамияти бор, ҳатто жуда ошириб юборилган. Машина тўғридан-тўғри жамиятимизнинг айрим қатламларида одамнинг статусини белгилайдиган даражага келиб қолган.
Мана 5 йилдирки машина харид қилишни қатъий рад этиб келяпман. Одатда қанақадир муҳим учрашувларга таксида кириб борсам, мани машинам йўқлигидан ҳайрон бўлишади. Тез-тез ўзимдан қанақа машинада юришимни сўраб қолишади. Таксида ёки метрода деган жавобдан ҳам ҳайрон бўлишади.
5 йил олдин ҳам, ҳозир ҳам бир хил фикрлайман. Менга ўхшаган, асосан ишга ва учрашувларга қатнайдиган одамга машинанинг фойдасидан зарари кўпроқ. Тошкент каби транспорт тизими ва такси хизматлари анча яхши шаҳарларда машиналик бўлиш унчалик ҳам шарт эмас. Вилоятларда, туманларда, чекка қишлоқларда машинасиз қийин бўлиши табиий.
Мен машина сотиб олмаслик учун қуйидаги сабабларни келтираман:
1. Тошкент шаҳрида бошқа йирик мегаполислар билан солиштирганда такси нархлари анча арзон. Яндекс Таксида оддий «Старт» эмас, одатда Кобальт ёки Ласэтти русумли автомобиллар келадиган «Эконом» ва «Комфорт» тарифларида бир ойда ўртача 1 500 000 сўм атрофида харажат қилар эканман. Бир марталик такси чақириш ўртача нархи 7-8 минг сўм. Бу бугунги курс билан 1 доллар ҳам эмас. Оддий иш ҳақига нисбатан кўп кўриниши мумкин, лекин мегаполислар билан солиштирганда бу арзон нарх.
2. Машиналар нархининг қимматлиги. Бизда ҳозирги кунда машиналарга ўртача нарх 100 миллион сўм, бизнес класс машиналар 300 миллион сўмдан бошланади деб оладиган бўлсак, 100 миллион сум мани ҳолатимда беш ярим йиллик такси харажатлари дегани. Шунингдек, Ғарбда бугунги кунда янги авлод ўз маблағларини буюмдан кўра ҳиссиётга ёки ўсишга сарфлашга ўрганган. Буюм эскириб қолиб кетади. Лекин, чет элга саёҳат, бирор янгиликни ўрганиш одамда бир умрлик ҳиссиёт қолдиради. Камида, пулингизни бирор бизнесга ёки омонатга қўйсангиз, йиллик 25-30 фоиз даромад олиш бугунги кунда муаммо эмас.
3. Машинанинг кундалик харажатлари. Машинага бензин ёки газ қуйиш, мой алиштириш, ювиш, бузилган ҳолатда эҳтиёт қисмларини алиштириш, буларнинг ҳаммаси пул туради. Сиз ўзингиз билмаган ҳолатда анча суммани ишлатиб қўясиз.
4. Психологик муаммолар. Машина ҳайдаш ҳам бир масъулият. Доимий диққатни жалб қилиш, биздаги каби ҳаракат тартибсиз мамлакатларда машина ҳайдаш одамнинг асабини анча чарчатади. Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида пробкалар куннинг хоҳлаган қисмида кузатилиб туради. Ҳар куни ярим соат вақтингиз пробкада ўтса ҳам анча асабдан айриласиз.
5. ГАИ ва штрафлар. Рулда туриб телефонда гаплашдингиз, тезликни оширдингиз ёки бошқа сабаблар билан штраф тўлайсиз. Мана шу штрафларнинг ўзи ҳам ортиқча асаббузарлик ва бунга ҳам вақтингиз, ҳам нақдингиз кетади.
6. Паркинг муаммоси. Шаҳарда кундан-кунга машинани тўхтатишга ёки қолдиришга жой муаммоси жиддийлашиб бормоқда. Кўп жойларда тўхташ мумкин эмас белгиси қўйилган бўлса, яна бошқа жойларда шунчаки паркинг қиммат ёки жой йўқ.
7. Экологик муаммо. Ҳар бир машина табиатга зарар етказади. Заҳарли газлар шундоқ ҳам шаҳар атмосферасини анча бузишди. Сиз машинани ўрнига жамоат транспортини танлаб, оз бўлсада экологик муаммони жиддийлашмаслигига ҳиссангизни қўшсангиз бўлади.
Бу билан машина оладиганларни ёмонлаш ёки олмасликка чақирмоқчи эмасман. Шунчаки, одамларимиз тушунишларини хоҳлардимки, машина шунчаки буюм. Қимматбаҳо машина минган билан одам ақлли ёки яхши бўлиб қолмайди. Бу шунчаки ҳаракатланиш имкониятини берадиган транспорт воситаси. Машина олиш ёки олмасликни ҳар кимнинг ўзи ҳал қилади, ҳар ким учун ўз қарори тўғри. Ягона сўраётган нарсам одамларни машинасига қараб ажратмаслик.
Доим кўзлаган манзилга эсон-омон етиб олинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter