Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фируз Аллаев

Пессимист шамолдан нолийди, оптимист унинг тўхташидан умид қилади, реалист эса шамолга қарамасдан қанот ёзиб учади.

Тошкентда ўқитувчилар маоши 1,5 баробар оширилиши таклиф этилди. Шу тўғрими?

Тошкентда ўқитувчилар маоши 1,5 баробар оширилиши таклиф этилди. Шу тўғрими?

Фото: Google.com

Тошкент шаҳрида кейинги йилдан бошлаб маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитувчиларнинг маошини 1.5 маротабага кўтаришни таклиф қилишибди. Бу ижтимоий тармоқларда кучли эътирозга сабаб бўлди. Лекин, эътирозлар тўғри эмас деб ўйлайман.

Тошкент шаҳрида бугун аксар мактабларда ўқитувчилар етишмайди. Сўнгги йилларда кучли ўқитувчилар мактаблардан хусусий ўқув марказларига кетиб бошлашди. Тадбиркорликни тушунадиган ўқитувчилар ўзлари ўқув марказлари очишди. Эркак ўқитувчилар мактабларда деярли қолмади.

Бунга бир неча сабаблар бор. Тошкент шаҳрида яшаш бошқа жойларга нисбатан қиммат, деярли ҳар бир қадам пул туради. Бугун, ҳатто кўчада Матизда такси қилиб юрган одам ҳам оддий ўқитувчидан кўпроқ даромад қилади. Бугун ўқитувчининг маоши билан оила боқиш қийин. Буни устига иш шароити, асаблар чарчаши, ўқувчилар ва ота-оналар билан муомала қилиш кундан-кунга оғирлашиб бораётганлигини ҳисобга олса, бу касб ўзининг мафтункорлигини бутунлай йўқотади.

Ҳозирги вазиятда яхши маош орқали ўқитувчиларни жалб қилмаса ёки ушлаб қолмаса, бошқачасига вазиятни тўғрилаб бўлмайди. Эътироз маошни ошишига эмас, фақат Тошкентда ошишига бўлди. Бу кўпчиликка яна бир бор Тошкентни ажратиб қўйгандай кўринди.

Лекин, қарорга қаралса «калит сўз» бу «маҳаллий бюджет»дан дейилган жойи. Яъни Тошкент шаҳри бюджетнинг ёки солиқларнинг ўзига қоладиган қисмидан таълимга инвестиция қилади. Шавкат Мирзиёев президентликка келгандан сўнг бюджетдаги ортиқча маблағлар, солиқларнинг бир қисми вилоятларнинг ўзига қайтариб бошланди. Уни нимага ишлатиш назарияда маҳаллий ҳокимиятнинг иши. Амалда, марказ бунга аралашиш ёки аралашмаслиги ҳақида манда маълумот йўқ. Бу масалани ҳокимият ўзи ҳал қилса керакки, Масалан, Навоий вилоятида ўша бюджетдан ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари учун «Малибу»лар сотиб олишган эди.

Манимча, ўқитувчиларни маошини маҳаллий бюджетдан ошириш ташаббуси Тошкент шаҳар ҳокимиятидан келган бўлса керак ва бу шаҳар келажаги учун ажойиб инвестиция деб ўйлайман. Бошқа вилоятларда ҳам маҳаллий бюджетдан буни қилиш имкони бор бўлса ва агар қайсидир вилоятда шу қарорга келишса, буни фақат олқишлайман. Масалан, Бухоро вилояти Олий таълимга қабул қилинган талабалар сонидан келиб чиқса таълим сифати бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринда туради. Бундан фойдаланиб, таълимни ривожлантириб, Бухорони келажакда таълим марказига айлантириш, хизмат сифатини яхшилаб, бутун Ўзбекистондан келадиган ёшларни ўқитиш мумкин. Фақат маҳаллий ҳокимият бу йўналишда нимадир ишлар қилиши керак. Ўйлайманки, вилоят ҳокимияти марказга ўз бюджетидан таълимга инвестиция қилиш ғояси билан чиқса, марказ бунга қаршилик қилмайди.

Хуллас, таълимга қилинган ҳар қандай инвестиция фойдали ва келажакда ўз мевасини бермай қолмайди. Шифокор ва ўқитувчиларнинг маошини йиллар давомида ошириб бориш, уларнинг жамиятдаги статусини кўтариш мамлакат келажаги учун жуда муҳим. Тошкентда маҳаллий бюджетдан пул ажратилиб ўқитувчиларнинг маоши оширилаётганлиги фақат ва фақат олқишга сазовор.

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг