Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эркинжон Каримов

Ҳар қандай вазиятда ҳам самимийлик муҳимдир.

Акс-садо. Раҳбарликка ким лойиқ?

Акс-садо. Раҳбарликка ким лойиқ?

Иллюстратив сурат

Фото: «Sunrise-aktobe.kz»

2018 йилнинг 4 январ куни «Xabar.uz»да «Нега кўпчилик давлат хизматчиси бўлгиси келмайди?» номли мақола эълон қилинган эди. Бу мақола ўқувчиларимиз томонидан яхши кутиб олинди, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди, бўлмоқда. Электрон почтамизга мавзу юзасидан бир нечта мақола келган бўлиб, қуйида математик-олим Эркинжон Каримовнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

* * *

Бир кичик оилага бош бўлишнинг қанчалик оғирлиги, масъулиятли вазифа экани деярли барчамизга аён. Қони бир, ҳаётдаги мақсади муштарак бўлган кичик бир жамоа — «оила»ни фаровон, тинч-хотиржам ҳаёт сари етаклашда қанчалик донишмандлик, фидойилик талаб қилинса, жамиятда тутган ўрни, вазифаси боисгина бирлашиб турган инсонлар жамоасини бошқариш учун юқорида таъкидланган хислатларга эга бўлишдан ташқари, жамият манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўйишдек ноёб фазилат жуда зарурдир.

Жамоага ким раҳбарлик қилиши керак? Бу савол жўндай кўрингани билан унга жавоб топиш ғоят мушкул масала. Лекин биз бу борадаги фикрларимизни, гарчи улар кимларгадир субъектив кўринса-да, билдириб ўтмоқчимиз.

Раҳбарликка номзод мутахассислиги бўйича ўз ишининг устаси, ихтиёрий масалада ўз мустақил фикрига эга, принципиал, маънавияти кучли, тўғрисўз, шунингдек, инсонлар билан муносабатда етарлича дипломат, ўз жамоасида муносиб ўринга эга, эътиқодли инсон бўлиши керак. Жамоанинг манфаати йўлида ўз шахсий манфаатларига қарши бора олишга қодир, жамоанинг умуммақсади йўлида собитқадам бўла олиши ҳам талаб этилади.

Биринчи навбатда ўз соҳасининг кучли мутахассиси бўлиши — жамоанинг мақсад сари тўғри йўлдан қулай усулларда етишига асосий гаровдир. Раҳбарнинг турли масалаларда ўз шахсий фикрига эга бўлиши жамоадаги турли манфаатларни кўзловчи гуруҳларнинг таъсирига тушиб қолишдан асрайди. Бу шахсий фикрнинг мутлақ нотўғри бўлмаслигини эса ўз соҳасида етук мутахассис экани таъминлайди.

Раҳбарнинг принципиаллиги жамоада шаклланган анъаналар, асосийси, қонун-қоидаларга амал қилишда, жамоа аҳиллигини таъминлашда, бир мақсад йўлида муштарак қилишда жуда қўл келади. Жамоадаги қонун-қоида бузилишларига ким томонидан йўл қўйилганидан қатъи назар, принципиал позициядан туриб бир хил жазоланиши ёхуд жамоа мақсадларини амалга ошириш йўлида жонбозлик кўрсатганларни рағбатлантириш масалаларида ҳам принципиалликка амал қилиш раҳбарни жамоанинг том маънодаги лидерига айлантиради.

Раҳбарнинг юксак маънавият эгаси бўлиши барча замонларда, турли жамоаларда ҳам асосий хислат саналган. Бусиз жамоа тўғри йўлдан адашишига шубҳа йўқ. Кейинги ўринларда таъкидлаганимиз тўғрисўзлик, дипломат бўлишлик ҳам жамоанинг бир раҳбар қаноти остида эффектив ишлашига замин яратади. Дипломатлик деганда, аввало, турли фикрларга толерантлик, уларга объектив баҳо берган ҳолда якуний қарорни қабул қилишни назарда тутдик.

Кейинги фикримиз раҳбарнинг эътиқоди ҳақида эди. Эътиқодли инсон деганда кимни назарда тутамиз? Бизнинг фикримизча, эътиқод бу тизимлаштирилган фикрлар мажмуасига содиқлик, унинг анъаналарида собитқадам бўлишликни билдиради. Халқ орасида эътиқод деганда биринчи навбатда диний эътиқод тушунилади. Эътиқодли инсон деганда худога ишонган, иймонли инсонни кўз олдига келтиради халқимиз. Бу асрлар давомида шаклланган мураккаб тушунчанинг оддий кўринишидир. Бизнинг наздимизда ҳам эътиқодли инсон — халқ манфаати йўлида жонкуяр бўлган, инсонларга фақат яхшилик соғинадиган, халқимиз қонига сингиб кетган диндаги ақидаларимизга содиқ мустаҳкам иродали инсондир.

Яна раҳбарнинг маънавиятга қайтсак. Буни оддий бир оила бошлиғи бўлган кичик раҳбар мисолида кўриб чиқсак. Оиланинг раҳбари маънавий бузуқ, кўп ёлғон гапирадиган бўлса, фарзандлар учун оддий бир ўрнак сифатида уларни тубанлик сари етаклаши оддий ҳақиқат. Бошқарувдаги қаттиққўллик ниқоби остидаги қўполлик, кўп ҳоллардаги сўкағонлик оиланинг келажакдаги мувозанати бузилишига олиб келади.

Фарзанднинг хатоси учун уни қўпол сўзлар билан сўкишлик, омборхона ёки оғилга қамаб қўйишлик билан жазолаш, қўрқитишнинг оқибати ўлароқ фарзанд хатосини тўғри тушуниб, келажакда бу хатони такрорламаслиги кафолатланадими? Албатта, йўқ! Оила бошлиғи вақт ўтиб, ана ўша фарзанд қарамоғида қолганда илгари қўлланган жазоларнинг «акс таъсирлари»ни ўз танасида ҳис қилади.

Раҳбар қанчалик кучли маънавият эгаси бўлса, жамоада ана ўша маънавият андозага айланади. Раҳбарнинг ўринбосарлари ҳам шу маънавиятдан озиқланган муносиб инсонлар бўлиб етишади.

Фикримиз сўнгида анча қийин хислат — жамоа манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўйишлик ҳақида тўхталамиз. Бу хислат инсонда биргина оила доирасида шаклланмайди. Мазкур фазилатни инсонда шакллантиришда биринчи навбатда оиладаги тарбия муҳим ўрин тутса, маҳалла-кўй, жамиятдаги тарбиявий муҳит ҳам кам рол ўйнамайди. Бизнинг фикримизча, жамоа манфаати тушунчасини шакллантириш мактабгача тарбия муассасаларида бошланса, мактаб даврида фаоллашади ва олий ўқув юртлари, меҳнат жамоаларида тобига келтирилади.

Ушбуни ўқиб туриб, ўзингизда раҳбарлик салоҳиятини сезсангиз, юрт манфаати шахсий манфаатингиздан устун бўлса, раҳбарликка интилинг. Бунинг ҳеч айби йўқ. Кимдир сизни амалпараст, бошқаси «карьерист» десин, эътибор қилманг. Асосийси, кичик бир жамоада бўлса-да, раҳбарлик қилиб, юрт равнақига кўпроқ ҳисса қўша олинг. Юрт деганимизни жуда баландпарвоз гап деб тушунманг. Сизни ўраб турган жамият, сиз билан бирга ҳаёт кечираётган атрофингиздаги одамлар, ҳудудингиз сиз учун юртнинг бир парчаси эканини унутманг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг