Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Ўзбекистон ҳаво йўлларидан кўнглим жуда ёмон қолганди

Ўзбекистон ҳаво йўлларидан кўнглим жуда ёмон қолганди

2016 йил 29 июн. Хитойдан Ўзбекистонга қайтяпман. Бир кун аввал Чонгқинг шаҳридан Пекинга учишим керак. Рейсим кечки пайтда. Пекиндан Тошкентга рейсим эса тонгда. Ҳаммаси режадагидек эди.

Лекин Хитойда шу кунларда об-ҳаво ниҳоятда ёмон, шамол, чақмоқ, момоқалдироқ, жала. Ўша пайт Рамазон эди. Рўзаман. Аэропортга бордим. Самолётда овқатланаман деб, аэропортда ифтор вақти кичик тамадди билан ифтор қилиб олдим. Лекин "ҳа" деганда самолётимиз учмаяпти, ваҳоланки юкларни анча аввал топширгандик.

Балки хитойчада нимадир эълон айтган бўлса, мен тушунмай ўтказиб юборгандирман деб бориб аэропорт ходимидан рейсим нега кечикаётганини сўрадим. Об-ҳаво ёмонлиги боис кечикмоқда деди. Кеч бўлса ҳам учишим керак, акс ҳолда тонгдаги рейсимга кеч қоламан. Икки рейс билети алоҳида олинганлиги боис агар иккинчисига кеч қолсам, билетим куйиши аниқ. Афсус, рейс қолдирилди. Бизни меҳмонхонага олиб кетишди. Чақмоқ чақиб момоқалдироқ бутун шаҳарни ларзага келтирмоқда. Юрак эса жуда хижил. Ювиниб чиқиб, Аллоҳга ибодат қилиб, уйга эсон-омон етиб олай деб дуо қилдим. Кўзга уйқу келмасди. Пекиндаги дўстларимга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим ва эрталаб кеч қолсам самолётни озгина бўлса-да, ушлаб туришни илтимос қилдим.

Ўзим билан деярли егулик олмагандим. Ярим тунда сув ва қуритилган мева билан саҳарлик қилдим. Бизни тонг отмай яна аэропортга олиб кетишди. Ва узоқ кутишдан кейин самолётга чиқдик. Лекин ҳали ҳам самолёт ўрнидан силжимас эди. Юрак жуда хижил. Бир томондан Тошкентга учадиган рейсга кеч қоляпман, иккинчи томондан об-ҳаво қандайдир юракка ғулғула солади, худди осмонда нимадир бўладигандек.

Негадир хаёлимга уйдагиларга хабар қолдириш фикри пайдо бўлди. Мен йўлга чиқдим. Фалон рақамли рейсдаман, сизларни яхши кўраман деб ёздим. Борт кузатувчисидан нега учмаяпмиз деб сўрасам, икки йўловчи ҳали самолётга чиқмади, ўшаларни кутиб турибмиз деб жавоб берди. Хуллас, бунақа вазиятларда ҳар доим бўладиганидек, устма-уст бўлаётган эди. Узоқ кутишдан кейин соат 7 лар атрофида самолёт ҳавога кўтарилди. Тошкентга учадиган самолётим 10:15 лар атрофида эди. Чонгқингдан Пекинга деярли уч соатлик йўл. Уч соат ўтди, самолёт Пекинга соат 10 ларда қўнди. Юракни хижил қилган ҳеч қандай воқеа содир бўлмади. Аллоҳга шукур, энди ватанимга эсон-омон етиб оламан деб ўйладим. Бироқ ҳали мени олдинда нималар кутаётганини билмасдим...

Менда атиги бир неча ўн дақиқа бор. Пекин аэропортининг чатоқ тарафи Тошкент самолётига чиқиш учун юкларимни олиб қайтадан топширишим керак. Камига аэропорт уч қават, Тошкент рейсига юклар қаерда қабул қилинаётганини билмайман. Юкимни олиб югурдим. Дўстларим келяпсизми, юк топшириш тугади, сизни ана келяпти деб юк топширишни ёпмаслигини илтимос қилиб ушлаб турибмиз, 5 дақиқа ичида етиб келмаса ёпамиз, бошқа кута олмаймиз дейишяпти деб қўнғироқ қилишди. Қани энди мен ҳам улар қаердалигини топа олсамда.

Ўша вақтдаги асабийлашганимдан минглаб нейронларимни ҳалок қилган бўлсам керак. Кечадан бери бўлаётган стресс, рўзадорлигим учун томоғимнинг қуриб бораётгани, уларнинг қаердалигини топа олмаётганим бир-бири устига устак бўлиб мени ҳолдан тойдирарди. 10 дақиқа деганда уларни топдим. Юк топшириш бўлими олдида фарғоналик дўстим ва Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Пекиндаги вакили кутиб турган экан. Ана у вакил тошконча қилиб «қатта юрибсан ука, тезроқ бўмисамми сани бутун самалёт кутвотти» деб жеркиб гапирди.

«Сенсирамасдан чиройли гапиринг, жаноб, муомала қилишни ўргатишмаганми?» деган жавобни олди. Юкларимни топшириб охирги бўлиб паспорт бўлимидан рўйхатдан ўтиб самолётга чиқиб олдим. Аллоҳимга шукур, улгурдим.

Ўша вақтда шунақанги енгил тортдимки, бир суткадан ортиқроқ вақдан бери ухламаганим, ҳолдан тойганим ҳам эсдан чиқиб кетгандек бўлди. Энди бемалол ухлаб уйга кетаман деб ўйладим.

Пекиндан Тошкентга олти соатлик йўл. Кеч қолганимга яраша самолёт ҳам тезда учмади. Осмонда қанақадир ҳарбий машғулот кетаётгани боис йўловчи учоқларга учишга рухсат бермай туришди. Менга деса энди эртагача қолдирмайдими, Тошкент рейсига чиқиб олдимку, деб эътибор бермадим. Бирор соатдан кейин учоқ ҳавога кўтарилди. Бунгача 4-5 марта самолётга чиққандим. Парвоз ҳар доим тинчликда ўтганди, деярли эсда қоларли ҳаво чуқурларига тушганимизни эслай олмасдим. Лекин бу гал бизни олдиндан бўшлиқ эмас жарлик кутиб турарганини ҳали билмасдим.

Пекинда ёмғир ёғмаётган бўлса ҳам осмон булутли эди. То булутлардан тепароққа чиқиб олгунча юракни ваҳимага соладиган даражадаги қора эди у. Шунақа вақтда учоқ булутлар орасидан ўтиб кетаётганида ўзингни нақадар зарра, кичик эканлигингни ҳис қиласан. Нақадар ночор ва нотавонлигингни, бу дунёда ҳеч нарса сенга боғлиқ эмаслигини бутун тананг билан ҳис қиласан.

Ерда юрган одам ўзининг вестибуляр анализаторлари қандай ишлашини деярли ҳис қилмайди. Унинг қандай ишлашини ҳис қилиш учун бир марта бўлса ҳам ҳавога кўтарилиб кўриш керак дейман. Самолёт аэропортда ҳавога кўтарилишидан аввал тезлашиб, ҳавога бирган кўтарилганида ёки учиб туриб бирдан пастлаганида ёхуд ҳавода кескинроқ бурилишни амалга оширганида кўзинг боғланган ва ҳатто ухлаётган бўлсанг ҳам буни жуда аниқ-тиниқ ҳис қиласан, юрагинг бир лаҳзага тўхтаб қолади, вестибуляр анализатор фазода организм ҳолати ўзгарганлигини оний лаҳзаларда ҳис қилади.

Хуллас, самолётимиз Пекиндан ҳавога кўтарилди. Учоқда учганлар билади, дастлабки 20-30 минутда ҳеч ким ўрнидан турмайди, камарини ечмайди, салонда юрмайди, сабаби самолёт диагонал ҳолатда тепага кўтарилаётган бўлади. Ярим соатлардан кейин 9-10 минг метр баландликка чиқиб олгач, ана ундан кейин бемалол туриб юриш мумкин. У вақтда мотор шовқинини ҳисобга олмаса, ҳатто 900 км/соат тезликда учиб кетаётганингни ҳам ҳис қилмайсан. Биз ҳам ана шундай тепаликка кўтарилиб борардик. Учоқ иллюминаторидан осмонни томоша қилиб кетардим. Самолёт қоп қора булутлар ичидан ўтиб борарди. Ён тарафимизда ўртадаги қатордаги учта ўриндиқда бир аёл икки боласи билан эди. Улар ўриндиқлар тутқичини кўтариб ётиб олишган эди.

Бирдан учоқ силкина бошлади, тушундимки, биз ҳаво бўшлиғига тушиб қолдик. Бу 10-20 сонияда ўтадиган тебраниш. Лекин шу оддий тебраниш ҳам одам юрагини ваҳимага сола олади. Бошинг устидан то оёғинг остигача бир хилда силкиниб қимирлайди. Юрагингни ваҳима босади. Бироқ биздаги силкиниш 20 сонияда ўтиб кетмади. Тебраниш қаттиқроқ бўлди ва мен самолёт пастга жуда катта тезликда шўнғиётганини ҳис қилдим. Ўша ҳолат ҳали ҳамон кўз олдимда турибди.

Самолёт ичида бақир-чақир бошланди, ён тарафимда ҳалиги ётган аёл ва унинг қизи ҳавода муаллақ турарди. Ўриндиқлар ортидаги жойда турадиган журнал ва турли йўриқномалар шувиллаб отилиб ҳавода сочилмоқда, худди кинолардагидек. Ўша вақтда ўйлаганим шу бўлгандики, демак кинолардаги ҳолат ҳаётдагига ўхшар экан, улар реал ҳолатни тасвирлар экан.

Мен ўшанда энди тамоммиз деб ўйладим. Калима қайтарардим, тўғри айрим хато-гуноҳларимга афсусланиш бўлди, уларни тўғрилай олмаганимга афсусландим. Бу ҳолат ҳаммаси бўлиб бир минут атрофида ёки ундан салгина кўпроқ давом этди. Самолёт бирдан ўз ҳолатини тиклаб олди. Аксарият одам шок ҳолатида эди. Борт кузатувчилари уёқдан буёққа югурарди. Орангизда докторлар борми деб сўрарди. Тебраниш ва шўнғиш вақтида туриб юрганлар менимча жароҳат олган эди.

Ана ўшанда Ўзбекистон ҳаво йўлларидан кўнглим жуда ёмон қолганди. Шўнғиганимиз ёки бўлган вазиятдан эмас. Ҳолатдан кейин на кема капитани, на борт кузатувчилари нима бўлгани тўғрисида бирор изоҳ беришди, на узр сўрашди. Худди ҳеч нарса бўлмагандек тутишди ўзларини. Тошкентга яна беш соат атрофида учган бўлсак, самолётдаги телевизорлар қайта ёқилмади. Гўристонда ўтиргандек ҳамма жим келди. Мотамдек сукунат.

Аэропортга қўнганимизда бизни бир олам ички ишлар ходимлари ва шифокорлар кутиб олди. Ўша вақтларни самолётда учганлар яхши эслашса керак, Тошкент аэропортига қўнгандан кейин ташқарига чиқиш учун камида 2-3 соат кетарди. Чунки юк чиқадиган жой атиги 2 та, паспорт назорати божхона қисми ҳам иккита, ҳар бир одамни игнанинг тешигидан ўтказишар эди. Одамлар бир-бирига сиқилиб, итарилишиб бир нарса қилиб ташқарига чиқиб олар эди. Ўша куни билмадим нима бўлди, бизни 20-30 дақиқага қолмай ҳаммамизни ташқарига чиқариб юборишди.

Бугун тонгда ютубеда видеоларни томоша қилиб туриб, Индонезия учоқларидан бирининг кучли турбулент ҳудудга тушиб қолгани ҳақидаги 1 дақиқалик видеони кўриб қолдим. У ерда бизникига каби шўнғиш бўлмаса ҳам, кучли тебраниш кўрсатилганди. Йўловчиларнинг аксарияти қўрққанидан калима келтирар, Аллоҳга дуо қиларди. Комментда эса айримлар ҳолат устидан кулибди. Менимча булар ё умрида самолётга чиқмаган ёки чиққан бўлса ҳам ҳеч бундай кучли турбулент ҳудудга тушмаганлар бўлса керак. Ундай вақтда ўлимни аниқ ҳис қиласиз. Ўлим нафаси баданингизга тегаётганини сезасиз, ана ўшанда мана ман деган кофир ҳам эй худо деб юборса ажаб эмас. Ўша комментларни ўқигач, мен ўзим билан бўлган ушбу воқеани сизларга айтиб бергим келди.

Бир юнон файласуфи айтган эди (исми эсга келмаяпти негадир, Брант эдими ёки Блунтми, ҳа майли кимлиги муҳим эмас): «Кемага чиққанлар на ўликлар ва на тириклар қаторидадир». Тўғри айтган экан. Самолётга чиққанлар ҳам худди шундай ҳисобланади. То манзилига эсон-омон етиб олмагунча на ўлик, на тирик ҳисобланади.

Ҳа, дарвоқе, юқоридаги воқеани кимнидир қўрқитиш учун ёзмадим. Аслида самолётлар дунёдаги энг хавфсиз транспорт тури ҳисобланади. Мен суткалаб поезд ва машинада кўп юрганман. Шу боисми ҳар доим танлаш имконияти берилса ҳеч қандай иккиланишларсиз самолётни танлайман. Ўша воқеадан кейин яна 20 мартача самолётда учдим, фақат Ўзбекистон ҳаво йўлларида эмас. Худога шукур, ҳеч қандай нохуш воқеа содир бўлмади. Бошқалар қандай ўтказишади билмайману, лекин мен самолётга китоб олиб чиқаман, учишидан бошлаб то қўнгунгача китоб ўқийман, бу ҳам тинчланишимга, ҳам вақтни ўтказишга ёрдам беради. Кўпинча қандай етиб олганимни сезмай ҳам қоламан. Ана шунақа гаплар, азизлар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг