Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Эҳтиёт бўлинг, ГМО! Ҳақиқат ва афсона

Эҳтиёт бўлинг, ГМО! Ҳақиқат ва афсона

Мутахассислар 2018 йилнинг декабрь ойида Ер юзи аҳолиси 7,67 млрд. кишига етганлигини эълон қилишди. Аҳоли кўпайиб боргани сайин уни озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, тураржой билан таъминлаш масаласи ҳар бир давлат сиёсатининг асосий вазифаларидан бирига айланаверади.

Лондонда жойлашган «Institution of Mechanical Engineers» (IME) ўтказган тадқиқотларга кўра, Ер юзида йилига 4 млрд. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Уларнинг аксарияти турли қишлоқ хўжалиги экинларидан олинади. Экспертлар ҳисоблаб чиқишди: бугунги кунда қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ҳосилнинг деярли 30-50 фоизи (1,2-2 млрд. тонна) турли сабабларга кўра йўқотилмоқда. Жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Ер юзида етиштириладиган донли экинларнинг 5 фоизга яқин қисми турли зараркунандалар оқибатида бой берилади, бу кўрсаткич турли давлатларда турлича кўринишда намоён бўлади, масалан, Мисрда — 25-50 фоиз, Польша, Болгария, Германияда 5-14 фоиз, Ҳиндистонда 15 млн. тонна, Украинада 3,5-4,5 млн. тоннага етади.

Қолаверса, қурғоқчилик, ёввойи ўсимликлар ва бошқа омилларни ҳам келтириш мумкин. Уларнинг таъсирини қўшиб ҳисоблаганда йўқотиладиган ҳосил миқдори янада ортади. Биргина Россия Федерациясида ёввойи ўсимликлар таъсирида 20 фоизга яқин ҳосил йўқ бўлади. Юқоридаги омилларни ҳисобга олганда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласида муаммолар юзага келади. FAO ташкилотининг маълумотларига кўра, айни вақтда Ер юзидаги ҳар еттинчи одам очликдан қийналяпти. БМТнинг 2017 йилги маълумотида Нигерия, Жанубий Судан, Яман ва Сомали каби давлатлардаги 20 млн. кишининг очликдан ҳалок бўлиш хавфи борлиги айтилади. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам 2 млн. нафарга яқин инсон (аҳолининг 5,8 фоизи) тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

Юқоридаги сабаб ва омиллар соҳа мутахассислари олдига аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бунинг учун зарур ўсимлик навлари (айни вақтда ер юзи аҳоли истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг 80 фоизи 12 турдаги ўсимликдан олинади) ва ҳайвон зотларини яратиш, уларни етиштириш биотехнологиясини мукаммаллаштириш талабини қўймоқда.

Кўпчилик биолог, эколог, селекционер ва генетик мутахассислар ушбу муаммони ҳал этишда турли бегона ўтларга, зараркунандаларга, кимёвий моддалар, қурғоқчилик, совуқ ва бошқа чекловчи омилларга бардошли ўсимлик навлари ва ҳайвон зотларини яратиш, табиий селекция йўли билан яратиш имкони бўлмаган ҳолларда уларнинг генларини модификация қилиш орқали яратишни мазкур муаммонинг ечими сифатида кўрсатадилар.

Ўқувчиларга янада тушунарли бўлиши учун қўшимча тушунтиришлар беришга ҳаракат қиламан. Табиий селекция йўли дегани табиий равишда чатиштириш йўли билан олинадиган ўсимлик навлари ва ҳайвон зотлари олинишига айтилади. Масалан, ўзбек олимлари томонидан вильт касаллигига чидамли «Тошкент 1», «Тошкент 2» каби ғўза навлари оддий ғўза навларини ёввойи ғўза билан чатиштириш орқали олинган. Ёки буғдойнинг қилтириқсиз, қурғоқчиликка чидамли навлари, серсут Қозоғистон оқбоши, гўшт йўналишида боқиладиган Швиц, Санта-Гертруда каби қорамол зотлари, кўп тухум қўядиган рус оқ товуғи, Загорск каби зотлар ҳам ана шундай турдошларни ўзаро чатиштириш орқали олинади. Лекин организмлар хромосомасининг турлича сонда бўлиши турлараро чатиштириш имконини бермайди. Масалан, сиз ҳеч қачон узум билан олмани чатиштириб янги олма ёки узум навини ҳосил қила олмайсиз, бунга уларнинг хромосомалар сони турлича эканлиги йўл бермайди. Ёки балиқ билан қорамол ёки итларни ҳам чатириштириб янги зот яратиб бўлмайди. Генетиканинг фундаментал қонунлари бунга имкон бермайди. Айни вақтда илм-фаннинг ривожланиши ана шундай муаммоларни бартараф этиш, ўзаро чатиша олмайдиган узоқ турларни ўзаро чатиштириш, уларнинг генларини ўзаро алмаштириш имконини бермоқда.

Хўш бу жараён қандай содир бўлади? Келинг, буни сизга назарий бир мисол билан тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

ГМО нима ва у қандай ҳосил қилинади?

ГМО бу гени модификацияланган (ўзгартирилган) организм бўлиб, бактерия, ўсимлик ёки ҳайвон организмининг қайсидир хусусияти генетик инженерия усули ёрдамида организмга бегона организм генини киритиш йўли билан ўзгартирилади. Бундай жараёнлар аслида табиатда табиий ҳолатда ҳам учрайди, бу ҳолатга трансформация ёки генларнинг горизонтал кўчиши деб аталади. ГМО да эса ушбу жараён одам томонидан кўзланган мақсад асосида ҳосил қилинади.

ГМОнинг қандай яратилишини назарий мисол орқали тушунтирадиган бўлсак, тасаввур қилинг, кундалик таом тайёрлашда ишлатадиган ошпиёз, одатда -1оC да музлаб қолади ва уни музлагандан кейин ўз ҳолига қайтариб бўлмайди. Уни энди овқатга ишлатиб бўлмаслигини ҳамма уй бекалари жуда яхши билишади, шу боис пиёзларни музлаб қолишдан сақлаш чоралари кўрилади. Чунки пиёзнинг ҳужайраларида унинг совуққа чидамлилиги -1 даражагача холос деб белгилаб қўйилган. Унинг генларига худди ана шундай ёзиб қўйилган. Худди мана шу пиёзни -10 даражада ҳам музламайдиган қилишнинг имкони борми? Ҳозирги генетик инженерия бунга имкон беради, қандай қилиб? Масалан, Антарктидада яшовчи Х балиқ -8-9 оC совуқда ҳам фаол ҳаракатланиб юраверади, яъни унинг генига балиқ организми шу совуқ даражагача чидай олиши ёзиб қўйилган дейлик. Олимларнинг олдига вазифа қўйилади: балиқнинг ўша хусусиятини пиёзга кўчириб ўтказиш! Бу қуйидаги 4 та босқичдан иборат:

  1. Аввало пиёзнинг қайси гени унинг совуққа чидамлилигини белгилаши қидириб топилади. Худди шундай — Х балиқнинг ҳам ўша гени қидириб топилади ва ўша геннинг ўзи лаборатория шароитида балиқ ҳужайрасидан ажратиб олинади.
  2. Балиқдан ажратиб олинган ген пиёз генига киритилиши учун махсус вектор конструкция деб номланувчи жараён ташкиллаштирилади. Бунда генни ташиш учун турли плазмидлар деб номланувчи генетик структуралардан фойдаланилади. Керакли генни одамнинг ўзи пиёз ҳужайрасидаги генга шундоққина кўчиб ўтказиб қўя олмайди. Махсус плазмидга керакли ген бириктирилади, плазмид эса уни бактерия ёки вирус ёрдамида ҳужайра ичига олиб киради.
  3. Пиёзнинг битта ҳужайрасидаги совуққа чидамлилик гени махсус усулда олиб ташланади. Энди аввалдан яратилган вектор конструкция балиқ генини пиёз ҳужайрасига киритади ва белгиланган жойга улаб қўяди. Натижада пиёзнинг илгари -1 даражага чидайдиган гени ўрнига балиқнинг -8-9 даражага чидайдиган гени олади. Балиқнинг бошқа ҳеч қандай хусусияти ўтмайди, ҳеч қандай! Фақатгина совуққа чидамлилик генигина кўчиб ўтади холос. Шундай усулда ҳосил қилинган ҳужайра трансген ҳужайра дейилади.
  4. Мана энди ўша трансген ҳужайрадан махсус озуқа муҳитида биз билган бутун пиёз ўсимлиги ҳосил қилинади. Унинг кўриниши, ҳиди, мазаси ва бошқа ҳамма хусусиятлари аввалги пиёзнинг ўзи, чунки бошқа генларига тегилмаган. Лекин энди бу пиёзимиз табиий шароитда -8-9 даражали совуқда қолиб кетса ҳам музлаб қолмайди. Мана шундай яратилган пиёзга биз трансген пиёз ёки гени модификацияланган организм (ГМО) деб атаймиз. Ушбу пиёз кўпайтирилиб, лаборатория шароитида қайта-қайта текширилади ва шундан кейин бозорга чиқарилади.

ГМОнинг афзалликлари

Айни вақтда худди мана шундай усулда ҳосил қилинган жуда кўплаб трансген ўсимлик ва ҳайвон турлари мавжуд. Уларнинг зараркунандаларга, қурғоқчиликка, турли салбий табиий ва антропоген омилларга чидамлилиги туфайли йилдан-йилга йўқотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори камайиб бормоқда. Жумладан, 2014 йилда ўтказилган 147 та метаанализ тадқиқотларининг натижаларига кўра, бутун дунёда қишлоқ хўжалиги экинлари орасидаги ГМО ҳосилдорлигининг зараркунандалар туфайли йўқотилиши оддий ўсимликларникига қараганда 21,6 фоизга паст бўлган, шу туфайли пестицидларга 36,9 фоиз кам харажат кетди. Умумий чиқим 39,2 фоизга оз, кирим эса 68,2 фоизга юқори бўлган.

ГМО маҳсулотларининг энг муҳим хусусиятларидан яна бири уларни етиштириш осон, арзон ва қулай. Шу билан бирга ГМО ўсимлик маҳсулотларини бошқа ўсимликларга қараганда йилнинг исталган вақтида топиш имкони мавжуд. Шу бирга ГМО маҳсулотлари нисбатан арзонлиги, уларни сақлашда махсус талаблар мавжуд эмаслиги билан ҳам ажралиб туради.

Кўпчилик ГМО деганда фақатгина ейиладиган маҳсулотларни кўз ўнгига келтиради, аслида ГМО фақат озиқ-овқат учун ишлатилмайди. Улар илмий тадқиқотларда, тиббиётда, фармацевтика саноатида, қишлоқ хўжалигида, атроф-муҳитни тозалашда ҳам қўлланилади.

Илмий тадқиқотларда эса ГМО организмлардан кўплаб касалликлар қандай юзага келишини аниқлашда кенг фойдаланилади. Жумладан, Альцгеймер, саратон каби касалликларнинг қандай юзага келиши айнан ана шундай организмларда ўрганиш асосида аниқланди.

Айни вақтдаги расмий статистикага кўра, Ер юзида 415 млн. киши қандли диабет касаллиги билан оғрийди. 2040 йилга бориб, уларнинг сони 642 млн. нафарга етиши айтилади. Мана шу касалларнинг кўпи кунига инсулин қабул қилишга мажбур, акс ҳолда аҳволи тезда ёмонлашади. Хўш, шунча беморга инсулин қандай етказиб берилади деб ўйлайсиз? Дастлаб бу гормон буқа ва чўчқа ошқозон ости безидан ажратиб олиб тайёрланган, лекин бу усулни саноат миқёсида қўллаб бўлмайди. Ҳозирда айнан инсулин гормонининг гени махсус бактериялар геномига киритилиб ГМО бактериялар ҳосил қилинган. Улар ўз фаолияти натижасида инсулин ҳосил қилади. Мана шу бактериялар 415 млн. аҳолининг саломатлигини бир маромда ушлаб туриш учун хизмат қилмоқда.

Қоннинг қон томирлари ичида ивиб қолиши натижасида юзага келадиган тромбоз касаллигини даволашда қўлланиладиган дори препаратлари ҳам айнан ГМО эчкилар сути таркибидаги оқсил асосида яратилган.

Айни вақтда 33 турдаги трансген ўсимликлар (ГМО) одамлар томонидан озиқ-овқат сифатида кенг қўлланилмоқда: картошка, папайя, ошқовоқ, бақлажон, олма, маккажўхори, соя, ловия, қовун, гуруч, помидор, ширин қалампир, буғдой, қанд лавлаги, рапс ва бошқалар.

ГМО қонунан рухсат этилган ва тақиқланган мамлакатлар

ГМО зарарли эмас!

Мен илм-фан оламининг вакили сифатида фақатгина илмий асосланган фактларгагина ишонаман. Чунки илм-фан тажрибада исботлаб берилган далилларгина асосланади. Бошқаларга ҳам мана шундай ишончли манбалардаги далиллар асосида хулоса қилишни тавсия қиламан.

Кўпчилик билан ГМО ҳақида гаплашганимда шу нарсага амин бўламанки, аксарият одамлар ГМО маҳсулотлари одамнинг генини ўзгартиришига, уни егандан сўнг қандайдир касалликлар юзага келиши мумкинлигига, наслий аномалиялар юзага келишига ишонадилар.

Бу қанчалик ҳақиқат?

Биринчидан, ГМО сизнинг генингизни ўзгартириш хусусиятига эга эмас, буни генетиканинг фундаментал қонуниятларини билган ҳар қандай одам тасдиқлаши мумкин. Бу нарса тажрибада исботланган. Биз истеъмол қиладиган ҳар бир ўсимлик ва ҳайвон таркибида у табиий бўладими, ГМО бўладими албатта ДНК бўлади. Одам одатда овқат еганда ўзи истеъмол қилган ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари асосида 0,1-1 г. гача ДНК истеъмол қилади. Уларнинг 95 фоизи ҳазм йўлида ичакка боргунча алоҳида нуклеотидларгача парчаланиб кетади. Қолган 5 фоиз ДНК ўртача 100-400 нуклеотиддан иборат бўлиб, ичаккача етиб боради. Кўпчилик мана шу ДНК бўлаклари одам ДНК сига трансформация бўлиш эҳтимоли мавжудлигини айтади. Худди мана шу эҳтимолликни олимлар жўжа ва бузоқларда тажрибада синаб кўрганлар. Натижада овқат таркибидаги ДНК бўлаклари ичак деворидан қон томирларига ўта олмаслиги маълум бўлди. Сичқонларда ўтказилган тажрибаларда ҳам айни натижага эришилган.

Тажрибаларнинг бирортасида ГМО маҳсулот таркибидаги ДНК бўлаклари наслдан-наслга ўтиши кузатилмаган, яъни ГМО ҳеч қанақасига сизнинг ва авлодларингизнинг генингизни ўзгартириб қўймайди.

ГМО маҳсулотлари сизнинг дастурхонингизга етиб боргунча юзлаб тажрибалардан, текширувлардан ўтади. Улар хавфсиз, истеъмол қилса бўлади дейилгандан сўнггина сотишга рухсат берилади. 2013 йилги маълумотга кўра, 36 мамлакатда доимий равишда 2833 навдаги турли ГМО ўсимликлар етиштирилади. Шулардан 1321 хили бевосита одамлар озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш учун қўлланилса, 918 хилидан қорамоллар учун озуқа тайёрланади.

Агар сиз дунёдаги энг нуфузли илмий мукофот Нобель мукофоти эканлигига ишонсангиз, қуйидаги маълумот сизни бефарқ қолдирмаса керак. 2016 йилда мутахассислиги тиббиёт, физиология, биология, кимё бўлган 131 нафар Нобель мукофоти соҳиблари БМТ ва Гринпис (Халқаро мустақил ноҳукумат экология ташкилоти)га ГМО га қарши курашни тўхтатиш борасидаги хатга имзо чекишди. Чунки бу олимлар ГМО маҳсулотлари айни вақтда инсоният учун нақадар зарур эканлигини ўз тажрибалари давомида исботлаганлар, кўрганлар, билганлар.

Ҳозиргача олимлар томонидан чоп этилган 1783 та илмий тадқиқот натижаларида ГМО маҳсулотларининг одам ҳаёти ва саломатлиги учун хавф туғдириш эҳтимоли мавжуд эмаслиги ҳақида айтилади.

Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) қайд этишича, генетик модификацияланган озиқ-овқат маҳсулотлари «одам саломатлиги учун хавф туғдирмайди».

ГМО нинг қандай зарарлари мавжуд?

ГМО маҳсулотларидан, айниқса трансген соя билан юзага келадиган кўнгилсиз ҳолатлардан бири бу кишилардаги, айниқса, ёш болалардаги аллергия касаллигидир. Олимлар соянинг чидамли ва маҳсулдор бўлиши учун унинг генига бразил ёнғоғининг генини кўчириб ўтказишган. Натижада соя таркибида ана шу ёнғоқ оқсили синтезланади. Агар одамда аввалдан бразил ёнғоғига нисбатан аллергия мавжуд бўлган бўлса, бу ҳолат энди соя ёки соя қўшилган бошқа маҳсулотлар истеъмол қилинганда ҳам кузатилади. Шу боис озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида ГМО қўшимчалардан фойдаланганлик ҳақида кўрсатиш деярли барча давлатлар томонидан мажбурий қилиб белгиланган.

Хулоса ўрнида

ГМО бу генетик модификацияланган организм: бактерия, ўсимлик ёки ҳайвон бўлиб, уларни яратишдан мақсад аввало инсониятнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш, зарур дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришдан иборат. Айни вақтда бутун дунё ГМО борасида икки гуруҳга бўлиниб олган, уларнинг бири унинг безиён эканлигини исботлашга уринса, иккинчи гуруҳ унинг зарарли эканлигини таъкидлайди. Мен юқоридаги кичик таҳлилий мақолада ГМО нинг зиён эмаслиги, бундай организмлар инсониятга фақат фойда келтириши ҳақида сўз юритдим. Биология ва генетика соҳасида бир неча йилдан бери фаолият юритиб келаётган мутахассис сифатида қуйидаги тавсияларимни бермоқчиман:

  • Дўкондан сотиб олаётган маҳсулотингиз ёрлиғидаги «без ГМО» сўзларига унчалик эътибор берманг, чунки бу маркетинг ҳийлаларидан бири —  маҳсулот таркибидаги ГМО миқдорини кўрсатувчи алоҳида сертификациядан ўтмагунча бунақа оддий ёрлиқлар ҳеч нарсани англатмайди. Бизда эса ҳозирча бундай сертификат бериш йўлга қўйилмаган.
  • ГМО ҳақида ОАВ да дуч келган ахборотга ишониб кетаверманг. Мен юқоридаги мақолада аксарият маълумотларнинг асл манбаларига ҳавола қолдириб кетдим. Агар ОАВ да ГМО ҳақида ижобий ёки салбий фикр билдирилар экан, албатта у ерда асл манбага ҳавола бор ёки йўқлигига эътибор беринг. Ҳавола оддий ахборот сайти бўлмаслиги лозим, у ё илмий манбага ёки расмий ташкилот сайтига ҳавола қилинган бўлиши керак.
  • ГМО маҳсулотларидан фойдаланиш танловини сиз учун ҳеч ким амалга оширмаслигини ёдда тутинг. Мен ёки бошқа биров ГМО ҳақида ижобий ёки салбий фикр билдиришидан қатъи назар ўзингиз мустақил қарор қабул қилишингиз лозимлигини унутманг. Бундан аввал эса расмий илмий манбаларга қулоқ солиш фойдадан холи бўлмайди.

ГМО тўғрисидаги якуний хулосам шундан иборатки, трансген организмлар инсониятни ҳалокатга етакловчи йўл эмас, у инсоният оғирини енгил қилиш учун дунёнинг минглаб олимлари томонидан узоқ йиллар давомида тинимсиз меҳнатлар натижасида юзага келган илмий кашфиётдир. Унинг нақадар фойдали ёки зарарли эканлигини энг одил ҳакам вақтнинг ўзи кўрсатиб беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг