Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Модалар кўргазмасидаги беҳаёлик – гулчамбар таққан, юбка кийган йигитлар

Модалар кўргазмасидаги беҳаёлик – гулчамбар таққан, юбка кийган йигитлар

Шу кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган модалар кўргазмаси ўзбек жамоатчилигининг қитиқ патига тегди. Ижтимоий тармоқда муҳокама бўлаётган ушбу мавзу миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушганлиги айтилмоқда.

Дарҳақиқат, бу нима ўзи? Орияти, номуси бор одам борки, кўрган заҳоти тепа сочи тикка бўляпти! Қачондан буён Ўзбекистонда «ажабтовур» кўргазмалар ўтказиладиган, уятни билмайдиган йигитлар подиумга чиқиб, бўлмағур либосларни, юбкаларни, ўзининг ярим яланғоч танасини кўз-кўз қиладиган бўлди? Нима, шаҳар бедарвозами? Миллийлигимиз, ўзбеклигимиз қаерда қолди?

Айтишларича, ушбу тадбир Абдулла Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган. Биз дастлаб мазкур даргоҳ директори Хондамир Қодирий билан боғланишга уриндик, аммо қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Абдулла Қодирийнинг иккинчи набираси Шеркон Қодирий билан боғландик.

– Менинг асабларим кетди. Шуни гапирадиган бир мард йўқ. Нима қиляпсанлар, дейдиган! Акам (Хондамир Қодирий назарда тутилмоқда) нима қилсин? Тепадан буйруқ берилса бажараверади-да! Маҳаллада шов-шув, тўполонлар бўлди... Адашмасам, бу тадбир ўтган ҳафтада ўтказилган... Ҳозир сиз менинг оғриқли нуқтамга урдингиз! Қон босимим ошиб кетди. Буни кимлар қиляпти, тушунмаяпман. Мана, кўриб қўйинглар, хоҳласам, чўчқа боқаман, хоҳласам, фоҳиша олиб келаман, деб. Қани эди, тўхтатиш қўлимдан келса! Мен ҳеч ким эмасман!

Шеркон ака анча асабийлашди. Шундан сўнг биз Абдулла Қодирий уй-музейи директори Хондамир Қодирий билан боғланишга муваффақ бўлдик.

– Бу модалар кўргазмаси ўн кун давом этади, – деди Хондамир Қодирий. – Унинг фақат бир куни уй-музейимизда бўлди. Аммо кўпчилик ўйлаганидек, беҳаё чиқишлар намойиш этилгани йўқ. У нарсалар бошқа жойда бўлган, аниқ қаердалигини билмайман. Уй-музейда бир кун, шундаям фақат шарқона либослар намойиш этилди. Ҳамма шу ерда ўтказиляпти, деяпти, шекилли? Билмагандан кейин гапираверади-да! Қолган гаплардан хабарим йўқ!

Маълум бўлишича, ушбу модалар кўргазмасининг икки куни ўтган. Демак, ҳали давом этади, аммо қай йўсинда, номаълум. Хориждан келган «мутахассис» бизнинг менталитет, ор-номусимизни инобатга оладими? Умуман, унинг миллийлигимизга доғ бўлиб тушадиган бундай чиқишларига чек қўядиган идора, маҳкама йўқми? Нега керак бу? Ким нимани хоҳласа, кўргазма қилиб кетаверадими? Ким бўлишидан қатъий назар бизнинг урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш керак эмасми?

Билиб қўйинг, ўзбек ориятини йўқотгани йўқ, йўқотмайдиям! Ўйлаб иш қилинг, ташкилотчилар!

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг