Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Қўқондаги минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Қўқондаги минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона фаолияти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.

Собиқ Қўқон суперфосфат заводи молиявий соғломлаштириш ва  диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда Сингапурнинг «Indorama Holdings BV» компаниясига инвестиция мажбуриятлари билан сотилган эди. Унинг негизида «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals» корхонаси ташкил этилди. 70 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, ишлаб чиқариш технологиялари модернизация қилинди. Испания, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Испания ва Россия давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Қўшимча 150 та иш ўрни яратилди.

2021 йилда модернизация ишларининг биринчи босқичи доирасида аммонийлашган суперфосфат, сувда тез эрувчан комплекс минерал ўғитлар, азот-фосфор-калийли (NPK) минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод қуввати йилига 75 минг тоннадан 450 минг тоннага етказилди. 

Хомашёлар маҳаллий корхоналардан олиб келинади. Масалан, фосфорит уни Қизилқумдан, сульфат кислотаси Олмалиқдан, аммоний сульфат Чирчиқдан, аммиак «Фарғонаазот» ва «Навоийазот»дан келтирилади.  Бу маҳсулот таннархини барқарор сақлаш имконини бераётир.

Яна бир муҳим томони, модернизация натижасида ишлаб чиқаришга сарфланадиган электр энергияси ва табиий газ харажатларини 35-40 фоизга қисқартиришга эришилган. Бундан ташқари, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик учун асосий ишлаб чиқариш цехларига тўрт босқичли тозалаш ускуналари ўрнатилган. Илгари бу фақат икки босқичли бўлган.

Корхона йилига 30 миллион доллар маҳсулотни экспорт қилиш қувватига эга. Бугунги кунда МДҲ, Европа, Африка ва Осиёнинг 16 давлатига минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда.

Давлат раҳбари завод бўйлаб юриб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Корхона йирик кимё кластерига айланиб, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий намуна бўлиши кераклиги таъкидланди. Завод ходимлари учун замонавий уй-жойлар қуриш, келажакда мактаб ва шифохона лойиҳаларини ҳам назарда тутиш бўйича фикр алмашилди.

Корхона изчил ривожланмоқда ва кейинги босқичлар бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқич доирасида 50 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди. Швейцария, Германия, Ҳиндистон, Хитой ва Италиядан замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. Ушбу босқичда йилига 24 миллион долларлик калий сульфат, сульфат кислотаси ва аммоний-хлорид ўғитлари ишлаб чиқарилади. 120 та янги иш ўрни яратилади.

Учинчи босқич ишлари 2025-2028 йилларда амалга оширилади. Унда моно ва дикальций фосфат, калий-нитрат, азот-фосфор-калийли комплекс минерал ўғит, кальций хлорид, моно аммоний фосфат, моно калий фосфат ишлаб чиқариш  йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати – 100 миллион доллар. 235 та иш ўрни яратилади.

Маълумот учун, сўнгги беш йилдаги рақамларга кўра, бу соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга ошиб, 45 триллион сўмга етди. Хусусан, янги қувватлар ҳисобига минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажми 17 фоизга кўпайиб, йилига 1,4 миллион тоннадан ошди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг