«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига аъзо бўлган ишлаб чиқарувчиларга солиқдан имтиёз беришмоқчи
Олий мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида заргарлик саноатини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасида айрим қонун ҳужжатларига заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларнинг қимматбаҳо металларга бўлган талабини қондириш, уларнинг ривожи учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва қонунчиликда мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, лойиҳа билан 2027 йил 1 сентябрга қадар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни мол-мулк ва ер солиғидан озод этиш белгиланмоқда.
Шунингдек, аффинаж корхоналарига (таркибида қимматбаҳо метал ва қимматбаҳо тошлар бўлган хом ашё билан ишлаш фаолиятини лиценсия асосида амалга оширувчи корхоналар) қимматбаҳо металларни заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун қулай шакл ва миқдорларга келтирган ҳолда сотиш ҳамда қимматбаҳо металлардан сувенир тангалар тайёрлаш ва реализация қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутиляпти.
Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга ҳам ўз навбатида ўзлари ясаган заргарлик буюмларининг хомаки маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчиларга реализация қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахслардан қимматбаҳо металларни ва заргарлик буюмларини сотиб олиш фаолияти ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотувга қўйиш ҳамда чакана савдода реализация қилиш тақиқланмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатларнинг айрим нормалар юзасидан саволларига қонун ташаббускорлари томонидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши республикамизда заргарлик саноатини ривожлантириш, маҳаллий заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қуватлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратади. Шунингдек, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг сифатли заргарлик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар биринчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter