Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон қонунчилигида 1 июндан нималар ўзгаради?

Ўзбекистон қонунчилигида 1 июндан нималар ўзгаради?

2024 йил 1 июндан кучга кирадиган қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар ҳақида қуйида батафсил танишишингиз мумкин.

«Экологик транспорт» тизими ишга туширилади

Тизим доирасида:

  • ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик зоналарга ажратиб борилади;
  • транспорт воситаларига уларнинг диагностикасига «яшил», «сариқ» ва «қизил» стикерлар берилади;
  • экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловлари жорий этилади ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш чекланади ёки тақиқланади.

2024 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва унинг натижалари бўйича экологик стикерлар бериш мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан транспорт воситаларини ДЙҲХХ  бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида босқичма-босқич амалга оширилади.

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари

БҲМнинг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилишини назарда тутувчи «Ёш тадбиркор» танловлари ўтказилади.

Меҳнат муҳожирларига компенсация тўланади

«Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга қуйидагилар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун компенсация тўланади:

  • хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ, башарти улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда;
  • хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ – БҲМнинг 5 бараваригача миқдорда;
  • йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда.

Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оиласига тиббий кўрикда имтиёзлар берилади

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

меҳнат миграциясидан қайтиб келган, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига мувофиқ бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.

Зўравонликка учраган аёлларга ёрдам берилади

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари  томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан рўйхатга олинади.

Аҳолини камбағалликдан чиқариш учун имтиёзли ипотека

«Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида Kaмбaғaлликдaн чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратилади. Бунда:

  • ипотека кредитлари 120 млн сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;
  • ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун - ажратиладиган кредитнинг 15 фоиз  миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун - кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.

Чиқинди бўйича қарздорлик мавжуд бўлганида электр таъминоти учун тўлов қабул қилинмайди

Тошкент ва Нукусда ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмагунига қадар абонентларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш жорий қилинмоқда (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно). Чеклов чиқинди бўйича 6 ойлик қарздорлик мавжуд бўлганида қўлланилади.

Барча ҳудудлар брутто-шартномаларга ўтказилмоқда

Нукус ва бошқа вилоят марказларида мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими ишга туширилади. Илгари бу тизим:

  • 2023 йил 15 апрелдан – Тошкент шаҳрида;
  • 2024 йил 1 январдан – Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганчда жорий этилган.

Боғча педагогларининг ойликлари ўзгаради

Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг олий маълумотли педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари мактабларнинг тегишли педагог ходимлари базавий тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига тенглаштирилади.

Давлат боғчаларида тўловлар ошади

Давлат болалар боғчасида болалар таъминоти учун тўлов миқдори жойлашган жойи, бўлиш вақти ва бир оиладан борадиган болалар сонига қараб ўртача 18,7–21 фоизга оширилади.

Янги уйларга сейсмик талаблар ўрнатилмоқда

8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаштирилади.

Янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III – IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан лойиҳалаштирилади.

Хорижий компаниялар учун ҳуқуқий режим

Рақамли технологиялар халқаро марказида 5 йилгача бўлган муддатга хорижий компаниялар учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий режим эксперимент тариқасида жорий қилинади.

«Ишга марҳамат» ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчиларига имтиёзлар

«Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари ҳамда муҳандис усталарини мақоми бўйича профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштириш ҳамда уларга ушбу ходимлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг