Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон «атом»чилари Сочидаги халқаро форумда қатнашяпти

Ўзбекистон «атом»чилари Сочидаги халқаро форумда қатнашяпти

21 ноябрь куни Сочи – Сириус фан ва санъат марказида атом саноати соҳасидаги энг йирик тадбир «Атомэкспо 2022» XII форуми иш бошлади. Икки кун давом этадиган ушбу энг йирик конгресс ва кўргазма тадбирининг мавзуси: «Ядро баҳори: Барқарор келажак яратиш».

Aнжуман «Росатом» давлат корпорацияси ташаббуси билан ташкил этилди. 2500 дан ортиқ делегатлар рўйхатдан ўтган ушбу форумда жаҳон ядро саноатининг етакчи компаниялари, давлат идоралари, халқаро ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, етакчи экспертлар атом саноати учун энг муҳим бўлган ва ривожлантириш тенденцияларини шакллантиришга қаратилган панел муҳокамалари ва давра суҳбатларида қатнашадилар.

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзатом, Ядро физикаси институти, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасидан келган ўзбекистонлик мутахассисларнинг ҳам чиқишлари кун тартибига киритилган.


Форум иштирокчилари углеродсиз энергетика ривожланишининг муҳим масалалари, табиий ресурслар ва экологияга масъулиятли ёндашув, «яшил» инвестициялар, барқарор ривожланиш мақсадларидаги халқаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқмоқда.

МАГАТЭ бош директорининг ўринбосари Михаил Чудаков очилиш маросимида сўзга чиқар экан, ковид пандемияси туфайли форум 3 йилдан сўнг ташкиллаштирилаётганини, гарчи сайёрамиз учун оғир йиллар бўлган бўлса-да атом энергияси ривожланганини, объектлар сони кўпайганини таъкидлаб ўтди.

«Бутун инсоният учун ядро энергетикасининг аҳамияти жуда катта. Халқаро энергетика агентлиги 2050 йилга бориб ядровий ишлаб чиқаришни икки баравардан кўпроқ, шу билан бирга, камида 30 баравар оширишни башорат қилмоқда. Мамлакатлар 2050 йилга қадар ядро энергиясидан фойдаланишни жуда катта миқдорда амалга оширади. Чунки глобал энергия инқирози тоза ва хавфсиз келажак сари тарихий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Инсоният етарли энергияга эга бўлиши учун ҳар йили ерда 20 та реактор қурилиши керак», – деди МАГАТЭ бош директорининг ўринбосари Михаил Чудаков ўз чиқишида.

Форум доирасида Беларус, Бурунди, Зимбабве, Қирғизистон, Мянма, Никарагуа ва Ўзбекистон билан бир қатор халқаро ҳужжатлар, шунингдек, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича 40дан ортиқ битим имзоланиши режалаштирилган. Ана шундай битимларнинг дастлабкиси кеча форумнинг илк кунидаёқ Ўзбекистон билан имзоланди.


 Илҳом Содиқов, ЎзФА Ядро физикаси институти директори:

 – Биз бу форумда учта ҳужжатга қўл қўйдик. Дунёда энг катта қувватга эга  бўлган тадқиқот ядро реактори қурилиши бўйича Ўзбекистон Републикаси ядро физикаси институти аъзо бўлиб қўшиляпти. Келгусида шу реакторда ўтказиладиган тадқиқотларда биз ҳам иштирок этамиз. Иккинчиси, дунёдаги энг катта «Наука инновация» акциядорлик ташкилотининг қошида 10 та катта институтни бирлаштирилган. Биз ҳам мана шу ташкилотга қўшилиш мақсадида сентябрь ойида музокара олиб борганмиз. Улар бизнинг институтимизда қилинаётган ишларга катта қизиқишлар билдирган. Учинчиси, ҳамкоримиз Твэл компанияси – Россиянинг атом реактори учун ёқилғи тайёрлайдиган энг катта компания ҳисобланади. Мана шу компания тадқиқот реакторимизга доимо ядро ёқилғисини етказиб берган.  Бугунги кунда бизнинг Ядро физикаси институтимиз дунёнинг 14 давлатига изотоп маҳсулотларни экспорт қилади. Булар – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Россия, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда.

Маълумот учун, «Атомэкспо» халқаро форуми 2009 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг