Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мен туғуруқ таътилидан фойдаланишни хоҳламайман. Иш жойимга туғуруқдан сўнг қайтишим мумкинми?

Мен туғуруқ таътилидан фойдаланишни хоҳламайман. Иш жойимга туғуруқдан сўнг қайтишим мумкинми?

Савол: биз давлат идорасида ишлаймиз. Иш берувчи бизга йўлкира ва овқат пулини хоҳласа беришади, хоҳламаса йўқ. Турли баҳоналар қилиб беришмайди. Бундай ҳолатларда нима қилшимиз керак?

МК 67-моддасига кўра, ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, МК 246-моддасига кўра, Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари, шу жумладан тариф ставкалари, маошлар, компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал шароитлардан четга чиқувчи шароитлардаги иш учун шундай қўшимча тўловлар ҳамда устамалар миқдорлари, рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари ҳамда мукофотлаш тизимлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасида белгиланади.

Демак, агар ташкилотингизнинг меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларида, масала, жамоа шартномасида йўл кира ва овқат пуллари назарда тутилган бўлса, иш берувчи ушбу тўловларни тўлаши керак. МК 79-моддасига кўра, жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат шартнома тарафларининг вакиллари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия, меҳнат жамоаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Шартнома тарафларининг вакиллари ҳар йили ёки жамоа шартномасида назарда тутилган муддатларда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференциясида) жамоа шартномасининг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради.

Савол: турмуш ўртоғим болалар боғчасида апрел ойидан бери шартнома асосида тарбиячи бўлиб ишлаб келяпти. Декабр ойида «декрет таътили»га чиқиши керак. Лекин иш жойидан шартнома асосида ишлаб келаётган ходимларга «декрет таътили»га чиқарилмайди ва «декрет пули» берилмайди, дейишибди. Бу қанчалик тўғри? Бундан ташқари шартнома асосида ишлаётган ходим меҳнат татилига ҳам чиқолмаслигини айтган. Шу хақида малумот берсангиз, илтимос.

Агар турмуш ўртоғингиз мактабгача таълим ташкилотида (мулкчилик шаклидан қатъи назар яъни давлат ёки хусусий боғчами аҳамияти йўқ) меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бўлса, МК 404-моддасига кўра, аёлингизга туғруққача етмиш календар кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.

Агар иш берувчи «декрет пули»ни тўлашдан бўйин товласа, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддасига кўра яъни вақтинча меҳнатга қобилияцизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда ( 4 миллион 950 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Агар аёлингиз билан меҳнат шартномаси эмас фуқаролик ҳуқуқий шартнома тузилган бўлсачи? МК нинг 11-моддаси 3-қисмига кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.

МК 33-моддасига кўра, шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатлар тугатилган тақдирда, ушбу муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш суд томонидан амалга оширилади. Мазкур шартнома бўйича ижрочи бўлган жисмоний шахс ушбу муносабатларни якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш учун якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш учун назарда тутилган тартибда ва муддатларда судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Савол: мен туғишдан икки кун олдин таътил олганман. Аммо туғуруқ таътилидан фойдаланишни хоҳламайман. Иш жойимга туғуруқдан сўнг 56 кунда қайтишим мумкинми?

МК 404-моддасига кўра, аёлга туғруққача етмиш календар кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.

«Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 27-бандига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқацизлик варақаси ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникаларнинг, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда бир йўла бир юз йигирма олти календар кунига берилади.

Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш учун туғруқ муассасаси томонидан яна ўн тўрт календар кунига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Демак, ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб Сизга 126 ( ёки 140) календар кунга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади. Эътибор беринг яъни бу даврда меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланасиз.Демак 126 (ёки 140) кундан кейингина ишга чиқа оласиз, ундан олдин эса ишга чиқа олмайсиз.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, МК 405-моддасига асосан хоҳишингизга кўра бола парваришлаш таътили берилади.

Саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг