Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жиноят кодексига муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бузилишига доир янги моддалар қўшилади

Жиноят кодексига муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар бузилишига доир янги моддалар қўшилади

Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Бу борада тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, 149-модда  “Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш” ўзгартирилади ва асар, ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғи ва интеграл микросхема топологиясига бўлган муаллифликни ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек ушбу интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш БҲМнинг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Агарда ўша ҳаракатлар такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ҳамда жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, бир йилдан уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади;

Шу билан бирга кодекс муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш жиноятини малакалайдиган 1491 – 1493-моддалар билан тўлдирилади.

Унга кўра, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатиш кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар, такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб ҳамда  жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг