Сериал бошланди, сценарийнинг давомини эса томошабин ёзади...
Интернет орқали миллий сериалларни қидирсангиз, бир қанчаси чиқиб келади. Сериални кўришдан ҳам кўра томошабинларнинг изоҳларини ўқиш қизиқ. Танқидчиям шу ерда, томошабин ҳам, ҳатто сериални қандай тугатиш, ўзанни қаерга буриш, қайси персонаждан воз кечишни айтиб турадиганларам шу ерда... Яъни сериалнинг ривожланиши, давоми томошабинлар танловига, маслаҳатига қараб давом эттирилади, қойилмисиз?
«Менинг юртим» каналида бундан икки-уч йил олдин «Xon films» ижодкорлари томонидан «Номус» сериали қўйилишни бошлади. Ҳатто такроран қўйилмоқда.
Томошабинларнинг изоҳларига эътибор қаратамиз:
50-қисм. О: «Бу беномуслар качон тугайди шу кинони ишлаб чиқарганга лаънатлар бўлсин. Шу кинонинг қаерини яхши деб айта оласизлар, яна 2-фаслга бало борми? Ўзбекистонда бунақа одамлар бўлиши керак эмас».
«Бу сериалнинг номи номус эмас, беномуслар бўлиши керак. Нимаси номус бунинг, фарзанди кимданлигини билмаган аёлни икки эркак талашиб ётибди».
Дарҳақиқат, сериал 247- сериагача давом этган демак, бу дегани бир йилгача чўзилган. Истаймизми, йўқми одамлар бир йил қаҳрамонларнинг тутуруқсиз ҳаёти билан яшаган. Тўғри сериалдаги воқеалар учраб туради. Аммо сценарий шу қадар бўш, йўл-йўл йўлакай ёзилганки, воқеаларга ишониш қийин. Масалан ушбу сериалда бир қарасанг бош қаҳрамон Алишернинг сочи мажнунникидек ўсиб ақлдан озади, бир қарасанг, яна бир қаҳрамон Ғолиб дайди, кўча одамига айланиб қолади. Икки эркак ҳам бир аёлни севади Гулнорани. Гулноранинг фарзанди Алишердан, аммо у Ғолибга тегаман дейди, Ғолиб бола бошқадан бўлганини билиб туриб ҳам бахтиёр.
Шу ерда S никидаги бир мухлис ёзаяпти, яъни 61-қисмда «Тавба Алишер ўз хотинини эрга бераяпти...»
Сериалнинг олдинги қисмларида Гулнора Ғолибга турмушга чиқишга рози бўлса, охирида Алишерга эрга тегишга рози бўлади. Тўғри ҳаётда шундай воқеалар кўп. Аммо қарор қилиш бу қадар тез ва осон эмасда. Сериалнинг қисми кўп, бир йилга чўзилганига қарамай инсоннинг ички олами умуман очилмайди, руҳий касал бўлиш ҳам осон, тузалиш ҳам осон, бомж бўлиш ҳам осон, ўзига келиш ҳам осон.
С: «Мурожаат, ҳурматли режиссёр, илтимос қизларимиз бахти билан ҳазиллашманг, қайси сериал бўлмасин, қизнинг тўйи куни олиб қочиб кетади. Наҳотки шунчалик паст кетасизлар, пул ишлаш керак, деб ҳар хил уйдирма нарсаларнинг нима кераги бор.»
М: «Ғолиб ролини зўр ўйнаган, ҳақиқий чиққан, омадини берсин, ҳаётда бундай оилалар бўлмасин, бирининг эрини тортиб олган, бирининг хотинини севиб қолган.»
М: «Кино нима бўлиб кетди, мен анчадан бери кўрмай қўйгандим, чалкашиб кетдими, Алишер шунда нечанчисига уйланаяпти?»
«Томошабинларнинг яна бири шундай ёзади, ўлим ўйинчоқ, бола ўйинчоқ, қизларнинг иффати ҳам ўйинчоқ, муҳаббат ҳам ўйинчоқ.
Агар муҳаббат ўйинчоқ бўлмаганида Алишер сериалдаги бутун персонажларни навбати билан севиб қолмас эди. Ва охирида яна Гулнорага қайтмас эди...»
66-қисмда эса бир мухлис сериал ичида адашиб қолганини кузатасиз:
«Гўзал ростдан ўлганми ёки яна тириладими? Жавоб ёзинглар, илтимос, ҳеч вақт кинодаги бош қаҳрамон ҳам ўлиб қоладими?»
Ва ниҳоят сериал тугади.
М: «Вой сериал тугадими, Ҳилола шунча ёмонлик қилиб бахтли бўлиб кетаверадими, ҳеч бўлмаса Гулнорани охирида бахтли қилсаларинг бўларди. Бу режиссёрни Гулноранинг оиласида қасди бормиди, ҳаммасини ўлдирворди.»
Сценарий йўл-йўлакай ёзилади, ғоя бошиданоқ бўлмайди. Яъни сериал томошабинларнинг хоҳиш-иродаси билан давом эттирилади.
Анча олдинроқ аноним бўлиб қолишни истаган режиссёр, продюссерлардан бири билан гаплашгандим.
«Цензура кучли, уни тушунамиз майли, яъни қайси мавзуларни олиш ёки олмаслигимиз кераклиги ҳисоб-китобли. Маиший мавзулар учун цензура йўқлиги ғалати. Фаҳш саҳналар кетаяпти, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқдек. Очиқчасига бўлиб кетаяпти. Бунга сабаб эса телевидение каналлари биздан шу нарсаларни талаб қилаётгани. Сериалларда бир хил мавзу опасининг эрига синглиси тегиб олиши, кимдандир ҳомиладор бўлиб қолиши ҳаммасини бирданига таъқиқлаш, бутун умрга таъқиқлаш керак. Нимага каналлар ўша мавзудаги интригалари бор 18+ мавзуларни талаб қилаяпти? Чунки томошабинлар бугун хусусий каналларни кўпроқ кўраяпти ва рейтинг мана шундай кинолар орқали кўтарилаяпти. Рейтингги кўп кўрилган каналларга эса реклама талабгорлари кўпаяди. Одамлар кўришга нарса бўлмагач кўради-да. Лекин халқ шуни кўраркан, деб тиқиштиравериш нотўғри. Каналларга савияли нарсаларни олиб борсангиз, ғоя билан борсангиз бизнинг каналга тўғри келмайди деган жавоб эшитасиз. Уларниям тушунса бўлади, ён қўшни канал маиший мавзудаги сериал қўяди ва рейтингни олиб кетади. «Менинг юртим» каналида «Пирамида» деган яхши сериал қўйилди, бошқа каналда эса маиший сериал қўйилди. Ва маиший темаси йўқ «Пирамида» рейтинг ололмади. Ваҳоланки, бугунги долзарб фирибгарлик ҳақидаги сериал эди. Яна бир режиссёр 20 қисмли сериал олди, ички ишлар мавзуси бўйича, чет эл, голливуд филмларидек жуда катта бюджет сарфланди, аммо бир рейтинг ҳам олмади. Шунча пулга сериал ва яна сифатли ишлашсаю пулини оқламаса.
Яъни томошабинни енгил-елпи асарга ўргатиб қўйдик. Энди буни тузатишнинг бирдан бир йўли, барча каналга енгил-елпи мавзуларни таъқиқлаш керак. Ва аста-секин одамларни савияли мавзуларга ўргатиш лозим, юқорида айтганимдек бошқа нарса бўлмагач савияли кўрсатувларни кўришга мослашади ва аста-секин дид ўсади...»
Миллий ТВ каналида «Йиғлаган қизлар» сериали YouTube платформаси орқали ҳам анча машҳур бўлди. Мақола ёзиш асносида баъзи сериалларини кузатдим. Жаҳонгир исмли бош қаҳрамон 15 йил бирга яшаган хотини Исмигулдан осонгина воз кечиб кетди.
Сериалга ёзилган изоҳларда кўпчилик Исмигулнинг фарзандли бўлиб Жаҳонгирни жазолашини кутаяпти. Исмигул эса (қизиқ шундай онадан қандай қилиб яхши фарзанд тарбияланади) шаллақи, уришқоқ Жамила опанинг қизи. Жамила опа ролида Саида Раметова. Сериалнинг бош ғояси номаълум. Хотинидан воз кечган ва бир неча қизларнинг бошини айлантирган субутсиз Жаҳонгирнинг тўхтаган бекати Наргиза исмли яна бир шантаж аёл. Умуман бу сериалларда аёлларнинг деярли барчаси шантаж, шаллақи, авом, пулга ўч, мақсади фақат қандай қилиб бўлсада эрга тегиш. Жамила опа Наргизани куёвини илинтириши, у ҳақда маълумотлар тўплаши учун ёллайди, Наргиза эса буюртмани бажариш ўрнига Жаҳонгирни ростманасига севиб қолади, аммо фарзанд бўлмайди. Наргиза эри ҳайдаб юбормаслиги учун сохта ҳомиладор деган ҳужжат тўғрилайди. Ва бир куни эр командировкага кетганда биринчи эрининг ёнига бориб уриш чиқармоқчи, ундан калтак емоқчи ва бола тушиб қолди деб алдамоқчи бўлади. Тасаввур қилинг, бу қаҳрамон ёшларга келажак авлодга нимани ўргатаяпти? Биринчи эрига шунақа қўпол гапларни гапирадики. Мана унинг сўз бойлиги «ифлос, мараз, ит, эркак бўлмай ўл».
60 дан ошган она Жамила опанинг ҳам сўз бойлиги худди шундай: «Сен ифлосга кўрсатиб қўяман, безбетлар, ифлослар...». Ҳатто қизлар ўстираётган Жамила опа лақаб қўйишга уста. Ўзининг қизларидан тортиб бегоналарнинг фарзандигача: «бўтакўз, линзакўз, кўкармас». Тўғри Саида Раметова ўз ролини жуда қойиллатиб ўйнаган, ҳар бир сўзни мимикалари ва оҳанглар билан етказиб берган, лекин яна ўша савол бу томошабинга нима беради?
Куёв Жаҳонгир эса бир қисмида қайнонаси ҳақида шундай дейди: «итга ўхшаб искаб келади...»
Энди яна сериалга ёзилаётган муносабатларни, оддий томошабинларнинг изоҳларини кузатишда давом этамиз:
20-қисм, Д: «Маҳзунанинг сочини текисланглар, ҳар кўрганда асабим ўйнайди, ҳеч бўлмаса пешанасидаги сочини».
Маҳзунанинг сочи ҳар сафар худди шундай танқид қилинади. Кейин яна изоҳларда шундай эсланади:
«Бизни ўқишадими дейман, Маҳзунани сочи ўзгариб қолибди, бўлмаса жуда қўзичоқникидек жингалак эди»... 60-қисмга келганда эса яна бир мухлис шундай ёзади: «Маҳзуна сизга жингалак соч ярашмас экан, шу сочингиз ярашибди»...
Бу қандай кино саноати эдики, томошабин сериал ўзанини қаёққа буришни ижодкорга ўргатиб турса.
Яна изоҳларга қайтамиз, ахир томошабин ушбу ёзганлари билан кинонинг ва афсуски кўпчиликнинг савиясини ҳам белгилаб бермоқда.
55-қисм, Ш: «Кинонинг маъноси қолмади, шилта сингил, даюс ака, фақат минғир-минғир...».
Z: «Шунча воқеалар бўлдию Саида опа ҳалиям уйига бормади, ана бизнинг кинолар. »
N: «Наргизанинг акаси керакмас образ, қамоққа кетсин режиссёр амаки... »
М: «Маҳзунанинг ҳомиладор бўлгани қачон эдику, менимча айтиш эсидан чиқиб кетган» ( қотиб кулган смайлик)
R: «Сабинани йўқотинглар, ортиқча пул тўлаяпсизлар, шу қизни кўрмасдан барибир ўтказиб юборамиз».
Д: «Жамшид кинодан чиқиб кетсин деганлар нечтамиз, Сабина билан шу бор жойини ўтказиб кўраман».
«Жамшид билан Сабинани ролдан чиқариш керак, улар фалокат», дейди яна бир мухлис сериалнинг 45-қисмида.
Яна бир изоҳ: «Жаҳонгирнинг опа-синглиси йўқми, дегандик опаси пайдо бўлиб қолди, бизни ўқишадими дейманда... »
М: «Кино тушунарсиз 6 ой дан кейин ўлади деганди лекин соғлом одамдай юрибди».
S: «мультфильм кўрган яхши бундан»...
М: «Ғолибжон ваъдангизнинг устидан чиқинг Лолани қийнамай, шунчалик ҳам тошбағир бўласизми, Мухлисанинг ҳам юзи йўқ экан, шунга инсонларга раҳм килиш керакмас, айниқса ҳозирги замонда раҳмим келяпти Лолага».
«Бу Ғолиб кинони фақат ўзи ўйнабди ҳамма жойда ўзи, бошқалар йўқми башарасини кўриб зерикдик кинодан».
N: «Мухлиса касал эди лекин уни хатти ҳаракати соғлом инсондай тинимсиз ҳамшира билан чиқиша олмаяпди. Мухлисадан бошка актриса йўқмиди, умуман зерикарли ўйнаган Лоланинг чиқиши ўзига ярашган.
Лола Ғолиб бирга бўлсин»...
Демак, бу сериалларнинг томошабинлари орасида ҳақиқий санъаткорлар, ҳақиқий кино шинавандалари йўқ, балки шунчаки бекорчилар. Демак сериаллар шулар талаби билан ёзилмоқда ва ҳатто давом эттирилмоқда. Аммо шу мухлисларнинг дидини ўстириш ёки пастга тушириш мана шундай сериаллар орқали «едирилади». Афсуски ушбу сериалларнинг бошида норозилик кўрасиз ва охирига келиб эса томошабиннинг кўникканини, диди мослашганига гувоҳ бўласиз.
М: «Биз келиним билан ҳар бир сериални аҳамият билан кўрдик, фильмда ҳамма актёр ва актрисалар яхши роль ўйнашган, оилавий ва тарбиявий сериал экан...»
Яна бир аноним продюссер: 15 йилдан бери шу соҳада ишлайман. Жар ёқасига келиб қолишимизнинг асосий сабаби, ким кўпроқ ўша канални кўрса, шунга кўп пул, яъни реклама келади. Олдин МТРК олган «Опа-сингиллар», «Туташ тақдирлар», деган сериаллар бўларди. Энди шунақа сериал олсангиз рейтинг кўтармайди. Ҳозир тажрибага эга бўлмаган одамлар ҳам сериал олаяпти. Драматургиядан хабарсиз, эпизод билан эпизод боғланмайди. Енгил-елпи асарлар – миллион-миллион кўришлар. Телеканаллар ўзини маблағ билан қоплаш учун мажбур шундай сериалларни ишлашга. Фикримча, буларнинг барчасига бирданига тақиқ қўйиш ва бир жой ташкил қилиш керак. Яъни ўша ерда сериаллар ҳар томонлама муҳокамага қўйилсин. 5 серияси тақдим қилинсин, агар талабларга жавоб берса қолган қисмлари олинсин. Ҳозир 5 қисми яхши ишланади, каналлар билан шартнома қилиб олингач қолган сериялари атала. Масалан «Қодирхон»ни кўрсангиз ўлиб кетган одам қайтиб тирилиб келаяпти. Бир пайтлар Қозоғистон, Қирғизистон ҳавас қиларди бизнинг кино саноатимизга. Ҳозир-чи, оналар сериалларимизда қизини у эрдан олиб бу эрга бериб ётибди. Ижодкор халқнинг орқасидан эмас, халқ ижодкорнинг орқасидан кетиш керак, биз афсуски халқнинг орқасидан кетаяпмиз. Мен ҳамма талабларга жавоб берадиган иккита сериал олдим, аммо ичида хиёнат, фаҳш бўлмагани учун рейтингги кўтарилмади. Яна битта катта фожеамиз бор. Турк сериаллари бизга ана шу хиёнат, фаҳш мавзуларини олиб кирди, биз эса улардан ҳам ўтиб кетдик. Телеканаллар олдидан эркакларни қочириб юбордик, экран олдида аёллар қолди. Шармандали ҳолга келдик, бунга чек қўйилади, деган гапларни эшитаяпмиз, ишқилиб тезроқ чек қўйилсин...»
Айни кунларда «Севимли» телеканалида «Юрагим сеники» сериали бошланди.
7-қисмида бир томошабин ёзаяпти: «Энди кўрмайман, жонга тегди»...
Р: «Бу кинодан кўра қизча ва қуёнлар мультфильмни кўриб асабим тинчланса керак»...
Яна бир томошабин: «Асабга тегмасдан охиригача қўйинглар, чала қолдирмасдан, бўлмаса қўйманглар... »
Нима деб ўйлайсиз сериал қандай давом этади?
Бизнинг-ча эса, сериал ўзани ҳар ёққа бурилиб, томошабинлар сценарийси асосида ҳали узоооқ «ёнади»...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter