Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Жадидлар орзуси» спектакли премьераси бўлиб ўтади

«Жадидлар орзуси» спектакли премьераси бўлиб ўтади

Яқин тарихимизнинг энг эътиборли ҳодисаларидан бири, шубҳасиз, жадидчиликдир. Маълумки, ўз фаолиятини нафақат сиёсий, балки таълим ва тарбияни юксалтириш, туркистон ўлкасини маънавий ҳамда маърифий ислоҳ қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласини ўз олдига мақсад қилиб қўйган жадидлар ҳаракати ўлкамиз халқлари тарихида муҳим роль ўйнаган.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди  ҳамкорлигида ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм-маърифатга чорлаб, том маънода миллатни уйғотиш умидида яшаган жадид боболаримиз ҳаётига бағишланган «Жадидлар орзуси» спектакли саҳналаштирилди. Жорий йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Касаба  уюшмаларида федерацияси саройида ушбу саҳна асарининг премьераси бўлиб ўтади.

«Жадидлар орзуси» спектакли  Туркистонда бир неча мактаблар очилишига сабабчи бўлган, биринчи ўзбек драматурги Маҳмудхўжа Беҳбудий, ўзининг «Жамияти хайрия» фонди туфайли етим болаларни чет элларда ўқишига беминнат ҳисса қўшган Абдулла Авлоний ва миллий уйғониш ҳаракатининг яна бир  намояндаси Абдулҳамид Чўлпон ҳаётига бағишланади.

Унда ўз даврида боболаримиз ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан ватан равнақи, юрт осойишталиги ва энг муҳими  халқимиз эрк тушунчасини ҳис қилиши учун толиби илмлар сафи кенгайишида кўрсатган беҳисоб хизматлари тилга олинади.

Жадидларни эсларканмиз бу Самарқандда Беҳбудийдан ташқари Абдуқодир Шакурий,  Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий, Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдулла Қодирий, Бухорода Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Фарғона водийсида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Обиджон Маҳмудов, Абдулҳамид Чўлпон, Исъҳоқхон Ибрат, Хивада Бобоохун Салимов, Полвонниёз ҳожи Юсупов  номларини тилга олмасдан иложимиз йўқ. Туркистонда жадидчиликни XIX аср охири ХХ асрнинг бошларида зиёлиларнинг халқ орасида озодлик, демократия, маданий – маърифий ғояларини кенг тарғибот қилиш ва амалга оширишга қаратилган миллий тараққийпарварлик ҳаракати деб олсак, юқорида номи зикр қилинган инсонлар шу ҳаракат йўлбошиларидир. 

Маълумки, Жадидларимиз сиёсий ишлар – ҳақ-ҳуқуқ, миллий давлат, ҳокимият масалалари билан мунтазам шуғулландилар. Айни пайтда мактаб–маориф ислоҳ қилина бошланди. Миллий матбуот йўлга қўйилди. Театр пайдо бўлди. Янги адабиёт шаклланди, бир сўз билан айтганда, янги тафаккур майдонга келди. Бу – миллатнинг ўзлигини англаш ва мустақиллик мафкураси эди. Бу ҳол, шубҳасиз, миллатнинг кейинги 3-4 асрлик тарихий тараққиётида мисли кўрилмаган ҳол эди. 

Спектакль намойишидан кўзланган мақсад ҳам ҳар бир ватандошимиз қалбида жадид боболаримиздаги шиддатни уйғотиш, уларни миллат бирлиги ва тараққиёти йўлида ягона мақсад сари оғишмасдан якдилликда ҳаракат қилишга ундашдир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда эса, «Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий. Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг