Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Биз англамаган ҳақиқатлар

Биз англамаган ҳақиқатлар

Кадр: «YouTube»

«Миллион» ва «Дизайн» жамоаларининг концертини кўргач, шахсан менда пайдо бўлган биринчи фикр шу бўлдики, ўғринча чиқарилган дискларнинг ҳам фойдаси бор экан. Салкам икки соатлик концерт на пул ва на вақт сарфлашга арзийди.

Тўғриси, кўпчилик сингари мен ҳам футболга қизиқаман. Даврон Қобуловни (нимагадир уни Кабулов дейишади. Шахсини тасдиқловчи ҳужжатида хато ёзилса ҳам оғзаки нутқда тўғри талаффуз қилинса бўларди) спорт шарҳловчиси сифатида танир эдим. Футбол ўйинлари, айниқса миллий терма жамоамиз иштирокидаги баҳсларни қизиқарли шарҳлар эди. Асосийси, танқидий фикр билдиришга чўчимасди. Хуллас шу йигит энди санъаткорларни масхаралаш, бемаъни ҳазиллар айтиш билан машғул.

Ҳар ким у ёки бу гапни, маълумотни, ҳазилни ўзича, билими ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади. Бу бор гап. Лекин концерт залида ўтирган баъзи томошабинлар шубҳали даражада берилиб куладики, улар махсус ёлланмаганмикан деган хаёлга ҳам борасан киши. Кулгининг кучидан эс-ҳушини йўқотаёзган, ўтирган ўриндиғидан ирғиган ёки йиқилаёзган, ёнидаги шериги билан қайта-қайта «беш» ташлашган кишиларни кўриб, мен улар чуқур англаб етган бирон нарсани озгина бўлса-да фаҳмламадиммикан деб бояги жойларни қайта-қайта кўрдим. Натижа ўша-ўша. Анқайиб ўтиравердим.

Доимгидек концертда яна уятсиз ҳазиллар, бачкана ҳаракатлар, интим мавзуларга имо-ишоралар... 1-2 соатлик чиқишлардан сўнг 5 дақиқалик «тарбиявий» нутқ янгради.

Тўғри, одамларни кулдириш осонмас. Бир киши учун ҳам, жамоа учун ҳам. Ўзим ҳам ҳар замон ҳажвияга қўл ургандек бўламан. Ёзмишимнинг чоп этилиши ёки интернет саҳифасига жойланишидан олдин бошқа ижодкорларга тақдим қиламан. Уларнинг реакциясини кузатаман. Тушунарсиз ёки кулгидан кўра шунчаки ўйга толдирадиган жиҳатларига ишлов бераман. Хуллас, ярим қоғозлик тайёр «маҳсулот» учун ҳам анчагина вақт сарфланади. Айтмоқчиманки, бутун бошли концерт дастурининг матнини тасаввур қила оламан.

Лекин бу мушкулот юқоридаги жамоаларни оқлашга асос бўлолмайди. Ижод, ижодкор масъулияти, жамиятга бўладиган таъсир масаласи кўндаланг бу ерда. Холис айтганда, хонада, компьютер қаршисида ўтирволиб биров(лар)ни танқид қилиш осондек туюлади. Қўлингдан келса, беш-олти кишини тўплаб томоша кўрсат-чи қани дейдиганлар ҳам бордир. Ёки «бу шоу-бизнес, бунда томошабинбоп нарсаларгагина ўрин бор» дейишар. Ҳолливуднинг машҳур фильмларидан бирида айтилганидек, «Фақатгина бизнес. Шахсий нарса йўқ» («Только бизнес, ничего личного») дея оғзимизга урар кимдир. Уларнинг гапларида ҳам қисман жон бор. Чунки ҳар қандай кўринишдаги бизнеснинг умумий қонуниятлари бор. Улардан асосийси — фойда кўриш. Пул ишлаш. Баъзан ташкилотчиларга берилаётган концертлардан моддий наф деярли йўқ деган гап қулоққа чалинади. Шахсан мен бунга ишонмайман. Эҳсонсифат хатти-ҳаракатлар бошқача бўлади назаримда.

Тан олиш керак, саҳнага чиқаётган йигитларнинг аксариятида артистизм, талант сезилади. Одамларни кулдириш уларга ярашади. Аммо, лекин, бироқ... Бу уларнинг ягона иқтидори эканлигига шахсан менинг шубҳам бор. Куч-қуввати, ақлу заковатини жамият, ёшлар учун фойдалироқ бўлган соҳаларга йўналтириб ҳам муваффақиятга эриша оладилар-ов.

Тўғри, кўча-кўйда, халқ орасида «Дизайн» ёки «Миллион»даги бола дея таништирилиш, оз-моз машҳур бўлиш ёқимлидир. Лекин бу машҳурликка нима эвазига эришилмоқда? Машҳурларнинг ҳаммаси ҳам маънавий бузуқликни тарғиб қилиш билан шу даражага эришганми?

Аллоҳ барчага ниятига яраша бераркан. Бунга кўп гувоҳ бўлаяпман. Уларнинг нияти менга қоронғи. Масалан, мен инсоният маънан қашшоқлашаётган, умуминсоний қадриятлар топталаётган қалтис бир пайтда ёшларимизнинг тарбияси бузилишига ҳисса қўшмасликни хоҳлардим.

Тўлқин Жуманазаров

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг