Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ватандошлар» жамоат фонди фаолияти, вазифалари ва режалари – Бошқарув раиси билан суҳбат

«Ватандошлар» жамоат фонди фаолияти, вазифалари ва режалари – Бошқарув раиси билан суҳбат

Жорий йилнинг 11 август санасида Президентнинг тегишли қарори билан «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилди. Бугунги кунда фонд ва унинг қандай фаолият юритишига қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Ана шу саволларга жавоб олиш мақсадида «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали фонд Бошқарув раиси Одилжон Сатторов билан интервью ташкил этди.

– Одилжон ака, аввало, суҳбатга розилик бериб, вақт ажратганингиз учун ташаккур! Жорий йил Президентнинг тегишли қарори билан «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилди ва сиз фонднинг Бошқарув раиси этиб тайинландингиз. Фонднинг тузилишига қандай омиллар сабаб бўлди? Келинг, суҳбатимизни шу мавзудан бошласак.

– Аввало, сизга ҳам таклиф учун миннатдорчилик билдираман. «Xabar.uz» нашрига интервью бераётганимдан хурсандман. Нашрни кўпдан буён кузатиб бораман. Айниқса, нашрдаги «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси орқали бериб бориладиган туркум интервьюларни катта қизиқиш билан ўқиб бораман.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, «Ватандошлар» жамоат фондини ташкил этишдан асосий мақсад хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларнинг салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтиришдан иборатдир.

Жамоат фонди олдида турган энг асосий вазифалар, биринчи навбатда, хориждаги ватандошларимизнинг жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари билан алоқаларни ўрнатиш, улар билан яқин ҳамкорликда ишлаш, хорижда истиқомат қилувчи, катта илмий-амалий тажрибага эга бўлган профессионал мутахассислар, олимлар билан турли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ватандошлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда таниқли ёзувчи ва шоирлар, фан арбоблари, диний уламолар, санъат ва маданият ходимлари иштирокини таъминлашда кўмаклашишдан иборат. Бир сўз билан айтганда, чет эллардаги ватандошларимиз билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш Жамоат фонди асосий вазифаси ҳисобланади.

– Фонд ўз фаолиятини бошлаганига у қадар кўп муддат бўлмади. Шу қисқа давр оралиғида хориждаги ватандошлар билан алоқаларни йўлга қўйиш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

– Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг сиёсий иродалари билан хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан мулоқотлар олиб бориш ва улар билан ишлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу ўринда ватандошлар кимлар деган саволга жавоб бериб ўтсам. Хорижда доимо истиқомат қиладиган, меҳнат фаолияти ёки таълим олиш, оилавий сабаблар ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган Ўзбекистон Республикаси билан маданий, гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодлари, этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ва қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ватандошлар ҳисобланади.

Хорижий давлатлардаги ватандошларнинг жамоат бирлашмалари рўйхатини шакллантирган ҳолда улар билан мулоқотларни бошлаб юбордик.

Хусусан, Европанинг 17 та давлатида истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамда уларнинг 30 дан ортиқ жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари иштирокида видеомулоқот ўтказдик. Мулоқотлар самимий, очиқ ва дўстона муҳитда ўтганлиги, ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ишлашга келишиб олганимизни алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, мулоқотда ватандошларимизнинг Ўзбекистонда «Ватандошлар» жамоат фондининг ташкил этилганлигидан ниҳоятда мамнун эканликларини алоҳида эътироф этишлари, айниқса, хориждаги ватандошларнинг жамоат бирлашмалари билан яқин ҳамкорликда ишлаш, ўзбек тилини кенг тарғиб этишга қаратилган Фонднинг интилишларини юқори баҳолашди.

«21 октябрь – Ўзбек тили» байрами куни муносабати билан хорижий давлатлардаги ватандошларимиз иштирокида видеоконференция ташкил этган ҳолда тадбир ўтказдик. Тадбир давомида ватандошларимиз хорижий давлатларда истиқомат қилишса-да, лекин оиласи даврасида фақат ўзбек тилида сўзлашишларини алоҳида таъкидлашди, хусусан, ёшлар ўртасида ўзбек тилини мустаҳкамлаш борасида Португалияда 20 йилдан бери истиқомат қилаётган ватандошларимиз Илҳом Чоршанбаев ва Гулзода Чоршанбаеваларнинг фарзандлари ўртасида она тилига бўлган муҳаббатини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ишлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

Ҳозирда барча хорижий давлатлардаги ватандошларнинг жамоат бирлашмалари билан видеомулоқотлар олиб бориб, ҳамкорликда ишлаш мақсадида 2022 йилга «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш устида бош қотираяпмиз.

– Кечаги мулоқот давомида Европадаги ватандошларимиз ушбу ўзгаришларни қувонч билан кутиб олганини айтиб ўтдингиз. Фонд дастлаб ташкил этилганда бунга ватандошларимизнинг муносабати қандай бўлган эди?

– Очиғи, хориждаги ватандошларимиз бу янгиликни жуда илиқлик билан қарши олишди. Хусусан, бир қатор ватандошларимиз шахсан менга турли давлатлардан қўнғироқлар қилишди. Масалан, АҚШнинг Сиракьюз университети тадқиқотчиси Миржаҳон Турдиев, Германияда фаолият олиб бораётган ватандошимиз Камолиддин Бедиев, Туркиядаги Экбер Ясса, Жанубий Кореядан Отабек Жўраевларнинг номларини келтириб ўтишим мумкин. Ватандошларимизнинг «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилганлиги юзасидан билдирган фикрлари бизнинг олдимизга жуда катта масъулият ва тинимсиз меҳнат қилиш лозимлигини англатади.

– Фондни ташкил этиш тўғрисидаги Қарорда хориждаги ватандошларимизни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига жалб қилиш масаласи ҳам таъкидлаб ўтилган. Буни амалга оширишнинг қандай механизмлари ишлаб чиқилмоқда?

– Қарорда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш шартларига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тенглаштирилиши белгиланган. Хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хориждаги иқтидорли ватандошларимизнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш, уларга методик, ҳуқуқий ва бошқа зарурий ёрдам кўрсатиш устида ишларни ҳам олиб борамиз.

Хусусан, хорижий давлатлардаги ватандошларнинг жамоат бирлашмалари қошида «Ўзбек тили ва маданияти» курслари ҳамда «ўзбек якшанба мактаблари»ни ташкил этиб, электрон порталимиз орқали ватандошларимиз учун мўлжалланган ўзбек тилини ўргатиш ва уни янада мустаҳкамлаш борасида турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режаларимиз бор.

Фурсатдан фойдаланиб «Xabar.uz» жамоасига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Жамоанинг кейинги фаолиятида муваффақият ва нашрни хориждаги кўплаб ватандошларимиз кузатиб боришини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликда кўплаб хайрли лойиҳаларни амалга оширамиз деган ниятдаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг