Шавкат Мирзиёев уруш фахрийларини зиёрат қилди (фото)
Шу кунларда юртимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Президент фармонига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофоти топширилмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, меҳр-эҳтиром кўрсатилаётир.
Юз ёш билан юзлашиб, ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини кўрган бу инсонлар учун энг муҳими соғлик. Шунинг учун уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Айни кунларда ҳам бир гуруҳ уруш фахрийлари госпитал ва санаторийларда даволанмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди.
Ускан ота Хаджиманов Боёвут туманидан, Файзулла ота Нурматов Оққўрғон туманидан, Анарбой ота Жалилов Паркент туманидан, Муҳиддин ота Дусанбаев Ўртачирчиқ туманидан келиб даволанмоқда. Улар ҳаётидан рози экани, давлатимизнинг ва одамларнинг ҳурматидан хурсанд эканини айтишди. Саломатликлари туман тиббиёт бирлашмасининг доимий назоратида, бепул дори-дармон ва ҳар йили санаторийларга йўлланмалар берилади.
Нуронийлар Президентимизга невара-чевараларининг ўқиш ва ишлари, ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди. Улар таълим, қурилиш, ички ишлар, қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшмоқда. Ёшлар замонавий билим олиб, чет элларга ўқишга кетмоқда. Боболар уларни тинчликнинг қадрига етиш, ватанпарварлик, меҳнатсеварликка даъват этиб келади.
– Ҳамма ҳаракатларимиз халқимизни рози қилиш учун, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ислоҳотлар натижаси энг қуйига, ҳар бир хонадонга кириб боришини истаймиз. Режаларимиз ҳам катта. Ҳамма жипслашса, биргаликда ҳаракат қилса, ўйлаган ниятларимизга тезроқ етишамиз. Сиздек нуронийларнинг дуолари бунда бизга мададкор бўлади. Сизларнинг ҳаётингиз ирода, жасорат мактаби, гапларингиз ёшларга ибрат.
Отахонлар меҳр-эътибор учун давлатимиз раҳбарига раҳматлар айтди. Дунёнинг тинчлиги, ёшларнинг порлоқ келажагини сўраб дуолар қилди.
Госпиталда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари муносиб парвариш қилинмоқда. Бу муассаса мукаммал таъмирланиб ва янги бинолар қурилиб, 2022 йил фойдаланишга топширилган эди. Госпитал жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter