Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қор йўлбарси, сайғоқ, кўл ва табиат – Самарқанддаги CMS COP14 конференцияси нимаси билан муҳим?

Қор йўлбарси, сайғоқ, кўл ва табиат – Самарқанддаги CMS COP14 конференцияси нимаси билан муҳим?

Ўзбекистон Самарқандда бўлиб ўтаётган CMS COP14 конференциясида трансчегаравий табиий парклар яратиш бўйича минтақа мамлакатлари билан келишувларга эришмоқда. Xabar.uz мухбири анжуманда кўтарилаётган масалалар ҳақида маълумот тайёрлади.

Кўчиб юрувчи ҳайвонлар
Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолиш масаласи дунё бўйлаб долзарб аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда кўплаб ноёб турлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Замонавий давлатлар ўртасида ўрнатилган чегаралар ҳайвонот дунёсига зарар келтирмай қолмаяпти. Бундай вақтда CMS COP14 каби тадбирлар муҳим заруратга айланади.

Анжуманда кўтарилган масалалар қаторида Марказий Осиёда трансчегаравий табиий парклар яратиш ҳам муҳокама этилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу ташаббус қор қоплони, сайғоқ, морхўр, Бухоро тоғ қўйи ва бошқа кўплаб кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонларни асраб қолишда жуда муҳимдир. Масалан, куни кеча Xabar.uz сайтида сайғоқларнинг кўчиб юришида юзага келган муаммолар кўтарилган эди.

Йўқолиб кетган тур
Конференция давомида Марказий Осиё давлатлари нафақат ноёб ҳайвонларни асраб қолиш, балки йўқолиб кетган турларни тиклаш масаласида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди. Хусусан, Турон йўлбарси бўйича Қозоғистонда олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев йўллаган мурожаатда Устюрт платоси кенгликларида яшаган ва инсон омили таъсирида йўқолиб кетган Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштириш бошланиши маълум қилинди.

Бу масала шуниси билан муҳимки, йўқолиб кетган турга тегишли ҳайвонлар бошқа минтақадан келтирилиб, шунчаки иқлимга мослаштирилмайди, балки унга тегишли озуқа занжирини яратиш бўйича ҳам кўплаб ишлар амалга оширилади. Бу эса экотизим барқарорлашига олиб келади.

Трансчегаравий йўлаклар
Бугун ноёб жониворларни асраб қолишда миграция йуллари жуда муҳимдир. Анжуманда Марказий Осиё давлатлари вазирлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ўртасида миграция турлари ва трансчегаравий йўлакларни ҳимоя қилиш бўйича қатор келишувларга эришилмоқда.

Табиийки ташқи сиёсат ва қўшни давлатлар билан алоқаларда Ўзбекистон Республикаси тутган позиция ҳам бу борада катта аҳамият касб этмоқда. Ҳар қандай масалани ўзаро мулоқот асосида ҳал қилиш имконияти табиатни асраб қолишда ҳам муҳимдир.

Жилтирбас кўли
Яна бир муҳим маълумот – жорий йилда Қорақалпогистоннинг ЖИЛТИРБАС кўли халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ерлар рўйхатига киритилди. Шу вақтгача РАМСАР сувли-ботқоқли ерлар рўйхатига юртимиздаги Денгизкўл, Арнасой, Тўдакўл, Қуйимозор ва Судоче кўллар тизими киритилган эди. Эндиликда Жилтирбас ҳам халқаро аҳамиятга эга объект сифатида юритиладиган бўлди.

Зафар Қосимов
Самарқанд

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг