Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Оилам» видеолойиҳаси: 2+6. Кўп болали 31 ёшли она

Президентимиз Миллий гвардияни меҳрибонлик уйларига бириктириб қўйганидан кейин Фарғона вилоятида биринчилардан бўлиб Меҳрибонлик ва болалар уйлари бирин-кетин ўз эшикларини ёпа бошлади. Айни дамда оилавий болалар уйларининг сони 16 та. Ҳатто болаларни Миллий гвардия ходимлари ҳам ўзларига фарзанд қилиб олишда ўрнак кўрсатдилар. Шулардан бири Ойсанам Бердиева. Фарғонанинг Данғара туманида яшайди. 31 ёшли 8 фарзанднинг онаси. Миллий гвардия Фарғона вилоят бошқармаси Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда психолог мутахассис бўлиб ишлайди. 

– Меҳрибонлик уйларида ишлаш жараёнидаёқ биз болаларнинг ойисига, дадасига айланамиз. Айниқса, кам сонли болалар меҳрибонлик уйларида қолгач улар билан хайрлашиш жуда қийин кечади, – дейди Ойсанам биз билан суҳбатда. – Шунинг учун қолган болаларни ўзим фарзанд қилиб олишга қарор қилдим. 3 ёшли Жасурбек «ая мени ташлаб кетасизми», деганида бошқача бўлиб кетдим. Бегона бола сизни ойи, деса, қандай қилиб бефарқ бўлиш мумкин. Ва турмуш ўртоғим билан келишиб болаларни фарзандликка олишга қарор қилдик.

Ҳозир Артем, Роза, Нуриллоҳ, Мунисахон, Шахризода, Жасурбекнинг энди ўз оиласи бор.

Ойсанам: «Мунисахонда қўрқув бор, барибир бир кун мени ойим олиб кетади ва яна ташлаб кетади, деган, Артем ҳам мени тушунадиган оила бўлмаса керак, деб ўйларди, Жасур боғчага  боришга қўрқарди, «бир куни мени ташлаб кетасиз»деб йиғларди.

Болаларнинг онаси ҳар биридаги қўрқувни, хавотирни ич-ичидан ҳис қилади. Унинг айтишича, бир хил оилаларда ростданам болаларни боқишга имкон йўқ, баъзи болаларнинг отаси ёки онаси ўзи тарбияласа ҳам имкони бор.

Болалар яшаётган Бердиевлар оиласида улар учун барча шароитлар муҳайё.

Артем келажакда машинист бўлмоқчи, Роза футбол спортини яхши кўради. Ота-оналар эса уларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Ойсанамнинг айтишича, болалар меҳрибонлик уйларида барчани ая, деб ўргангани боис улар ота меҳрига жуда зор. Шу боис тоғалар ҳам, амакилар ҳам улар учун бирдек севимли дадажон...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг