Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ностальгия: нима учун ўтмишни соғинамиз?

Ностальгия: нима учун ўтмишни соғинамиз?

foto: xabar.uz

Жуда кўпчилик, балки деярли барча ўтмишини соғинади. Яъни ностальгия ўтмишни соғиниш ҳисси ҳеч кимга бегона эмас. Одатда бу ҳис кутилмаганда келади. Ва ҳар кимнинг онгида вақт машинасини ортга қайтариш учун «калит»лар мавжуд.

Мисол учун ёшлигингизда эшитган қўшиғингиз ёки бувингиз, онангиз оилавий байрамлар учун тайёрлаган таом сизга ўша соғинч ҳиссини беради.

Ҳатто ҳид, таъм, бирор ҳайвонни эркалаш – туйғуларни жалб қиладиган ҳар қандай нарса ностальгияни фаоллаштириши мумкин.

«Ностальгия» атамасининг пайдо бўлиши...

Ушбу атаманинг тарихи 1688 йилдан бошланади. Швейцариялик тиббиёт талабаси Йоханнес Хофер иккита юнонча сўзни бирлаштириб яратди: (ностос, «уйга қайтиш») ва (алгос, «оғриқ»). Бу ибора билан Хофер бегона юртда ўз она юртларини соғиниб юрган швейцариялик аскарларнинг аҳволини тасвирлаб берди.

XVII асрда ностальгия жуда жиддий қабул қилинди. Ўтмиш ҳақидаги қайғули соғинч руҳий касаллик деб ҳисобланган, унинг аломатлари ҳушидан кетиш, доимий қайғу, ташвиш ва иситмани ўз ичига олиши мумкин бўлган..

Бугунги кунда ностальгия ҳақида фан нима дейди?

Ностальгияни синчковлик билан ўрганиш XIX-XXасрларда бошланган – бу вақтгача у ҳали ҳам руҳий бузилиш, яъни касаллик, деб ҳисобланган.

Бугунги кунда ностальгия руҳий бузилиш ҳисобланмайди. Бундан ташқари, ностальгия ўз ватанини соғиниш ҳисси билан боғланмайди. Одамлар ўтмишга ёки муайян одамларга, мактабга ва шов-шувли талабалик йилларига қайтгиси келади.

Тажрибалар шуни кўрсатдики, ностальгия тизгинсиз бўлиб, у бошланиши учун товушлар, ҳидлар, таъмлар ва тасвирлар кифоя қилади. Агар сизда таъм билиш сезгиси ҳали ҳам кучли бўлса бошқа қўзғатувчи ҳисларга қараганда кўпроқ ижобий ҳис-туйғуларни бошдан кечирасиз.

Қизиғи, ҳатто етти ёшли болалар ҳам ностальгияни бошдан кечиришлари мумкин. Болалар ҳам ўтмишдаги туғилган кунлари ёки ёзги таътилларни қўмсашади.

Кўпчилик ҳафтада бир марта ўтган кунларини соғинади, баъзилари эса ҳафта давомида 3-4 марта ўтмиш билан боғлиқ хотираларни эслайди.

Шахсий ўтмиш соғинчидан ташқари, жамоавий ўтмиш соғинчи ҳам мавжуд. Одатда у гуруҳлараро ҳиссиётларга асосланади ва ижтимоий аҳамиятга эга ёки тарихий воқеалар билан боғлиқ.  

Ностальгия нимага ўхшайди?

Тарихчи Светлана Бойм ностальгияни икки турга ажратади:

Рефлектив – ушбу ёндашув ўтмишни одатий ҳол сифатида қабул қилишни таклиф қилади ва ҳозирги пайтда нимадир яхши томонга ўзгарганини инкор этмайди. Бу бизнинг тажрибаларимизни қадрлашимизга ва ноёб вақт ҳақида ташвишланмасдан хотиралардан завқланишимизга ёрдам беради.

Қайта тикловчи – бу тур бошқача ишлайди: одам вақтни қайтариб бўлмаслиги туфайли «ўсмайди» ва «илгари ҳамма нарса яхшироқ эди», деган фикрлар билан ўзини қийнаб қўяди. Ўтмишни идеал сифатида қабул қилиш ва уни такрорлашнинг мумкин эмаслиги ички зиддиятларга, сурункали тушкунлик ҳолатларга олиб келади.

Агар оилавий тадбирлар ёки дўстлар билан учрашувда ўтмишга қайтсангиз, бундан ташвишланманг, бу табиий ҳол.

Ўтмиш билан боғлиқ соғинч кайфияти яқинлар ёнида пайдо бўлади, чунки бизнинг ички доирамиз умумий хотиралар омборидир. Биз улар билан суҳбатлашганимизда қувончли ва қийин даврларни бирга бошдан кечирган воқеаларни эслаймиз. Одамлар ва озиқ-овқат, қўшиқлар ўтмишга қайтиш учун «қидирув сигналлари»дир.

Ностальгия сизга зарар етказиши мумкинми?

Ностальгия – бу кўп қиррали туйғу. Баъзи психологлар буни «йўқотиш ҳисси билан ижобий ҳис-туйғу», деб таърифлайдилар – биз бир вақтнинг ўзида қайғу ва қувончни ҳис қилишимиз мумкин. Ҳа, ўтмишдаги ҳиссий-ақлий саёҳатлар зарар етказиши мумкин. Статистикага кўра, ностальгия кўпинча салбий ҳис-туйғулар билан бирга келади ва бир хил натижаларга олиб келади. Онгнинг ўтмишга чекиниши кўпинча депрессия ва ёлғизлик ҳисси билан боғлиқ.

Ўтмишни қаттиқ соғиниш, яъни энг яхши нарсалар «орқада», яъни ўтмишда содир бўлганига ишониш сизни мотивация ва истиқболлардан маҳрум қилади. Ҳозирги ва келажак ҳисобига ўтмишга яшириниш – йўқотиш стратегиясидир. Сиз тўхтайсиз, лекин ҳаёт бир жойда турмайди.

Объективликни хиралаштириш – вақт ўтиши билан тафсилотлар ўчирилади ва мия алдашни бошлайди. Қизиқарли хотираларни биринчи ўринга олиб, онгни чалғитади, яъни ўтмишдаги муносабатлар ёки иш жойи мукаммал бўлиб туюлади. Лекин бу ҳар доим ҳам шундай эмас. Ҳар бир вақт, давр, воқеа ва шахснинг ижобий ва салбий томонлари бор. Ўтмишга эҳтиёткорлик билан қараш бизга сабоқ олиш, келажак учун хулосалар чиқариш ва ностальгия томонидан уйдирилган ёлғон тасвирларга таянмаслик имкониятини беради.

Ўтмишдаги яхши вақтларни орзу қилиш ва ўтмишга сентиментал боғланиш маркетологлар ва сиёсатчилар қўлида манипуляция қуролига айланади. Ностальгия яхши сотилади, чунки унутилган ва севилган нарса билан қайта учрашиш жуда жозибали-да.

Сиёсатда омманинг ностальгияга мурожаати янги ғояларни жорий этиш ва одамларни ўзгаришларга илҳомлантириш учун ишлатилади. Ёки «илгари яхшироқ эди», деган баҳона билан шубҳали ютуқларни қўзғатади гўёки.

Бу ҳийла-найранг фуқароларга фақат ўтмишдаги ҳақиқатларни эслатиб қўйишдир. «Аввалги буюклигимизни қайтарамиз» каби шиорлар ностальгиянинг шафқатсиз манипуляциясидир.

Ностальгиянинг фойдали томонлари...

Яхши хабар шундаки, ностальгия кўпроқ фойда келтиради. Ўтмишни хотирлаш одамни кўпинча некбинлик ва ижобий ҳис-туйғулар билан қувватлантиради. Ёқимли ва ёрқин хотиралар умид бағишлайди, демак келажакда бахт ва қувонч ҳам бор. Ностальгия депрессияни енгиллаштиради ва болаликдаги фотосуратлар қалбдаги оғриқ даражасини пасайтиради. Шунингдек, унутилмас воқеаларга онгли равишда саёҳат қилиш самарали психотерапевтик машқ бўлиши мумкин.

Бир тадқиқотда олимлар иштирокчиларда атайлаб ностальгияни қўзғатдилар ва ўтмишга қайтиш натижасида келажакка нисбатан оптимизм кучайди.

Масалан, коронавирус пандемияси даврида дунё кескин ўзгарганда, ёқимли хотиралар ўтмиш билан боғланишга ёрдам берди ва умидсизликнинг ҳалокатли таъсирини юмшатди.

Яна бир тажрибада одамлар икки гуруҳга бўлинди: биринчиси гуруҳдан ўтмишдаги эсда қолган воқеа, иккинчисидан эса келажакда кутилган ва ўтган ҳафтадаги ижобий воқеа ҳақида ёзиш сўралган. Кейин иштирокчилар ҳаётда мазмунлилик ҳисси ҳақида анкеталарни тўлдиришди: биринчи гуруҳ иштирокчилари беҳуда яшамаётганликларини аниқроқ ҳис қилишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг