Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мактабларга «қуролланиб» бораётган болалар (фото)

Мактабларга «қуролланиб» бораётган болалар (фото)

Бухородаги қатор мактаб ўқувчиларининг сумкаларидан совуқ қуроллар (пичоқ, қайчи, кастет) ва зўравонликни тарғиб қилувчи воситалар топилган.

 – Ошхона пичоғини нега ўзинг билан мактабга олиб келдинг?

– Олдиндан келишолмай келадиган синфдошим бор, ўшани қўрқитиш учун...

Миллий гвардия лейтенанти ўқувчи қизнинг онаси билан юзлашади.

– Қизим бу пичоқни чархлатиш учун олиб келган, уқдиларингми, нима дейсанлар?! — пўписаланади у хизмат ходимларига.

Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи, капитан Муроджон Раҳматуллоев «Xabar.uz»га маълум қилишича, Бухоро шаҳридаги мактаблардан бирининг 11-синфида ўқувчи қизнинг отасига нисбатан МЖТК 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) қўлланилган. Ҳолатга кўра, ўқувчи қиз ўзи билан келишмайдиган синфдошини қўрқитиш мақсадида уйидаги ошхона пичоғини яширинча сумкасида мактабга олиб келган. Худди шундай ҳолат Жондор туманидаги мактабда ҳам содир бўлган.

«Тўғриси, ўқувчи қизларнинг кўзларида ҳадик йўқ, аксинча, тажовузкорлик акс этиб турарди. Бундай вазиятда ўқувчилар ўртасидаги ички низо кўнгилсиз оқибатларни келтирмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Қиз ҳеч иккиланмай қилмишини тан олди ва уни очиқлади. Бироқ унинг онаси билан суҳбатда катталарнинг бола тарбияси борасидаги мажбуриятларини бажаришмаётгани шундоқ кўриниб  турарди», — деди катта лейтенант Наргиза Ашурова.

Яқинда «Xabar.uz»да «Уйидан қочган қизлар. Уларни «кўча қизлари» деб ҳақоратламанг» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда Бухоро вилоятида ота-онаси узоқ муддатга кетган 631 нафар, она-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 69 нафар, боқувчисини йўқотган 158 нафар бола борлиги, 2 113 нафар тарбияси оғир, 42 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган мактаб ўқувчилари рўйхатлари шакллантирилгани хақида сўз борганди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Ирода Орипованинг айтишича, Бухоро мактабларида жами 327 383 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Агрессив ва зўравонликка мойил контентлардан ҳимоя қаерда?

Юқоридаги ҳолат эса айнан тарбияси оғир 2 113 нафар бола томонидан эмас, маҳалла ва жамият назаридаги оила вакили  томонидан содир этилган. Маълумки, Давлат раҳбари томонидан мактабларда давомадларни мувофиқлаштириш, инспектр-психологлар фаолиятини самарали юритиш вазифа сифатида белгилаб берилган эди. Бунда, албатта, миллий гвардия таълим жараёнларига мутлақо аралашмаган ҳолда тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан шуғулланиб, муаммоларини ечишга қаратилган аниқ чоралар кўришмоқда.

«Ходимлар узрли сабабларсиз дарс қолдирган болаларни аниқлайди, ота-оналар билан суҳбатлар олиб боради. Миллий гвардиянинг мактаблардаги иштироки, нафақат, ўқувчиларнинг  давомати, балки уларнинг умумий  таълим-тарбияси ва хавфсизлигини таъминлашга, умумий таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатишга қаратилган.

Кейинги пайтларда мактабларда буллинг, яъни ўқувчилар ўртасидаги безорилик ҳолатлари ошиб, ўқувчиларнинг ўзини ҳимоя қилиш мақсадида совуқ қуроллар олиб юришига сабаб бўлмоқда. Буни ҳеч иккиланмай, оилада назоратнинг етишмаслигида кўриш мумкин. Гоҳида сумкасига совуқ қуроллар, нос ва бошқа ножўя буюмлар олиб келган болаларнинг ота-онаси билан суҳбатлашганда, улар томонидан ҳатто: «Бу сенларнинг вазифанг, мен боламни эрталаб қорнини тўйғазиб, уст-бошини тоза қилиб юбораман. Бола кун бўйи сенларнинг ихтиёрингда, демак, назоратни фақат сенлар қилишинг керак. Биз ота-онамиз, орган эмасмиз!», — дейдиганлар ҳам йўқ эмас.

Аввало, ота-она боласининг кимлар билан мулоқот қилаётганини кузатиши, уйдан чиқишидан олдин, лозим бўлса, боласининг сумкасини текширишни одат қилиши керак. Албатта, буни назорат эмас, оддий суҳбат орқали тушунтириб, ота-она ва бола ўртасида ишончли муносабатларни амалга ошириш керак, деб ўйлайман. Бу ўзаро ишончли боғланув болаларни ҳар қандай агрессив ва зўравонликка мойил контентлардан ҳам ҳимоя қилади», — деди Муроджон Раҳматуллаев.

Таъкидланишича, Когон шаҳридаги 9-мактаб ўқувчиси, 14 ёшли В.Д.  ўзи билан электрон сигарет олиб келган. Ўқувчилар билан суҳбатда В.Д.нинг синфдошлари шу куни унинг ушбу электрон сигаретни мақтаниб тутатиб, кейин дарсга кирганини сўзлаб беришган.  Жондор туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчисининг чўнтагидан «Қора Дониёр» носининг топилгани ҳаммасидан ўтиб тушган. У носга иштиёқини яширмай, оиласида ҳам чекиб турилишини сўзлаб берган.

Ғиждувон туманидаги 9-мактабда ҳам ачинарли ҳолат. 14 ёшли У.Ф. ўқув қуроллари орасига яшириб ошхона пичоғини олиб келган. Саволларга жавобан, велосипедини тузатиш учун пичоқ олиб чиққанини баҳона қилган.

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев ўқувчилар бўш қолиши оқибатида турли жиноятлар юзага келаётгани боис улар тўгараклар, спортга жалб қилиниб, ота-онаси билан алоҳида суҳбатлар уюштирилаётганига тўхталди. Бу бир қарашда жамият муаммосига айланиб қолаётган оғриқли ҳолатга ечим топишнинг энг кичик қисми ва бу ёндашув аллақачон эскирган.

«Бир ойда ўртача 800 дан ортиқ тадбир ўтказилганда, 100 нафардан зиёд ўқувчиларнинг сумкаси ва мактаб кийими чўнтакларидан чиққан пичоқлар, лезвиялар ва ҳатто кастет каби совуқ қуроллар, сигарет ва нос, карта ва ваҳшийликни тарғиб қилувчи ўйин-ашёлари, нафақат, оила, балки таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолатини ҳам баҳолайди. Бу жамиятнинг ҳам оғриқли муаммосига айланиб улгурган. Интернет ва атроф-муҳитдаги салбий таъсирлар, зўравонликни тарғиб қилувчи видеолар, ножўя одатларнинг оммалашуви болаларга салбий таъсир кўрсатади», — деди миллий гвардия лейтенанти Мирбафо Ибрагимов.

Дарҳақиқат, оқибат эмас, сабаб билан курашиш керак, яъни агрессив муҳит, оилавий муаммолар, таълим тизимидаги камчиликлар, ўз ўрнида, ўқитувчиларнинг ўқувчилар билан ишлашдаги тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўқувчи болаларни фақатгина ўз қизиқишларига қараб, санъат, фан ва технологияга оид тўгараклар сонини ошириш, ижтимоий фаолиятларга жалб қилиш, турли танловлар ва волонётрликни кучайтириш ҳам бевосита уларни телефонга мукка кетишлардан ва унинг таъсири остида яшашдан чалғитади.

Мактаб ёшлар етакчиси: у қайта тикланиши зарур

Айтиш жоизки, ёшлар етакчилари ўқувчилар ўртасида ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Улар мактабдаги тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни тўғри йўналтиришда воситачи сифатида ишлашади.

Бу масалада ёшлар етакчиларининг ўрни салмоққа эга. Ижтимоий тармоқларда ёшлар учун фойдали контентлар яратиш ва уларни ножўя таъсирлардан ҳимоя қилиш, қийинчиликка дуч келган ёки ножўя йўлга кириб қолган ўқувчиларни жамиятга жалб қилишда азал-азалдан етакчи ижобий таъсирга эга бўлган.  Ёшлар етакчилари ўқувчиларни ножўя йўллардан олиб чиқишда, уларга ижобий таъсир ўтказишда ва уларни тўғри йўналтиришда катта аҳамиятга эга. Улар, нафақат, профилактика ишлари билан шуғуллана олишади, балки ўқувчиларга ишончли дўст ва йўлбошчи ҳам бўлишади. Мактабдаги тартиб-интизом ва ўқувчиларнинг тўғри йўналиш олиши айнан мактаб ёшлар етакчилари фаолиятига ҳам боғлиқ.

«Илгарилари бугунги кундагидек бутун бошли маҳаллада битта ёшлар етакчисимас, балки ҳар бир мактабнинг бир етакчиси, лозим бўлса, унинг ёрдамчиси ҳам бўларди. Ўқувчи ёшларнинг ҳар бири билан индивидуал шуғулланишга ҳам куч ва қуввати бор эди уларнинг. Ўқувчи ёшлар ва мактаб етакчиси ўртасидаги жипслик, ўзаро ишонч юксак даражада бўлиб, кези келганда, мактаб директорларинигина эмас, ёшлар етакчиларининг этагидан тутишарди. Буллинг ва зўравонликнинг олдини олишда, мактабларда ўқувчилар ўртасида дўстона муҳит яратиш, жамоавий тадбирлар ташкил қилишда мактаб ёшлар етакчиларининг ўрни ҳаминқадар эканини бугун унутиб қўйгандекмиз. Биргина маҳалла ёшлар етакчисининг саъй-ҳаракати билан ҳудуддаги 2-3 та мактаб ўқувчиларининг ҳар бирининг онги ва юрагига кириб бориш мушкул. Афсуски, бундай штат бирлиги мактаблардан олиб ташланган. У қайта тикланиши зарур», — деди суҳбатдошлардан бири.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг