Илгари зарарда бўлган «Ўзбекистон темир йўллари» 30 млрд сўм фойдага чиқди
Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни темир йўл ва авиация соҳасидаги давлат компанияларида трансформация жараёнларининг боришига оид тақдимот билан танишди.
Ҳам иқтисодий самарадорлик, ҳам одамларга қулайлик нуқтаи назаридан бу соҳада катта ўзгаришлар қилинмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибида 6 та мустақил корхона ташкил этилди. 1 минг 200 та янги юк вагони олинди, ички йўналишда юк ташиш вақти 2 карра камайди.
Рақамлаштириш натижасида вагонга буюртма бериш 7 босқичдан 3 босқичга, бунга кетадиган вақт 72 соатдан 12 соатга қисқарди. Тошкент атрофида поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди. Илгари зарар билан ишлаган акциядорлик жамияти бу йил 30 миллиард сўм фойдага чиқаяпти.
Авиация соҳасидаги компанияларда ҳам ўсиш бор. «Uzbekistan Airways» тизимида авиақатновлар 25 фоиз кўпайди. Маҳаллий йўналишларда самолётлар сони 8 тага етиб, ички қатновлар 2,5 баробарга ошди. Марказий Осиёдаги халқаро ташувларда миллий авиакомпаниямиз улуши 20 фоизга етди. Йиллик йўловчи ташиш кўрсаткичи 6 миллион нафардан ошиши кутилмоқда.
«Uzbekistan Airports» самолётлар, юк ва йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилингани самара бераяпти. Дунёдаги 44 та авиакомпания юртимизга парвозни амалга ошираяпти. Аэропортлар орқали юк ташиш ҳажми ҳам бу йил 22 фоизга ошиши кўзда тутилган.
Лекин ҳали вазифалар кўп. Транспорт йўллари қанчалик муҳимлигини дунёдаги мураккаб вазият ҳам кўрсатаяпти.
Шу боис йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш жараёнларини тезлаштириш, транспорт хизматлари таннархини пасайтириш жуда муҳим.
Йиғилишда шу борадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
– Мамлакатимизда иқтисодиёт, савдо алоқалари йилдан йилга ривожланаяпти. Аҳоли даромади, ҳудудларнинг туризм салоҳияти ҳам ошаяпти. 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйдик. Шунинг учун транспорт “артерия”ларига алоҳида аҳамият беришимиз керак, – деди Президент.
Бунинг учун барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратиб берилмоқда. Ҳозиргача соҳада 25 йил олдин қабул қилинган қонун бўйича иш юритиб келинар эди. Шу жиҳатдан, бугун янги таҳрирда имзоланган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу соҳага хусусий компаниялар ва инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантиришга кенг йўл очади.
Энди соҳа раҳбарлари иш услуби ва ёндашувларини кескин ўзгартириб, натижани таъминлаши зарур. Бунинг учун, аввало, соҳада трансформацияни жадаллаштириш, қурилиш ва модернизация лойиҳаларини сифатли бажариш лозим. Халқаро кредит рейтинги олиш, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш, инвестицияларни самарали ишлатиш ҳам муҳим вазифалар қаторида.
Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳали аҳолини рози қиладиган даражага етгани йўқ. Халқаро рейтинг олиб, ташқи бозорга чиқиш кечикаяпти. Оқибатда таннарх юқорилиги учун чипта нархида сезиларли ўзгариш йўқ. Харажатларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ижроси суст.
Шу боис консалтинг компанияси жалб қилиб, трансформация бўйича аниқ дастур ва «йўл харитаси» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
«Uzbekistan Airports» тизимида асосийси – хизматларни кўпайтириш ва хусусий шерикликни кенгайтириш. Самарқанд аэропорти хусусий бошқарувга берилгач, парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробар ошган. Энди Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида ҳам шундай мақсад кўзланган. Йил якунигача аэропортларда қўшимча хизматларни 2 карра кўпайтириш, даромадни 25 фоиз ошириш мўлжалланган.
Халқаро бозордан мустақил ресурс жалб қилиш, Навоий аэропорти терминалидан тўлиқ фойдаланиш чоралари белгиланди.
Давлатимиз раҳбари мазкур учта компанияда рақамлаштиришни жадаллаштириш, режаларни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий натижадорликни ошириш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter