Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳоким келармиш...» Тўртта сектор ҳудудида дув-дув гап

«Ҳоким келармиш...» Тўртта сектор ҳудудида дув-дув гап

Аҳоли билан амалдорлар ўртасидаги тафовут кундан кунга қисқариб  бормоқда. Бир пайтлар «обком»лар тугул раислар ҳам оддий одамлар тасаввурида жуда катта амалдор шахс сифатида намоён бўлган. Аммо уларнинг бугунги ворислари у қадар мавҳум кишилар эмас. Бугун уларнинг айримлари чин маънода халқ орасида оддийликда намоён бўлаётгани қувонтиради, албатта.

Аммо ўша оддийликка интилиш сўнги пайтларда амалдорлар учун худди қўшимча «очко» олишга интилишдек туюлмоқда. Бу борада ҳокимларимиз кимўзарга киришиб ҳам кетишгандек. Қайсидир амалдоримиз бошлаб берган бу челленжда сценарий деярли бир хил. Кимдир кам таъминланган оила дастурхонида бирга емак еса, қайсиларидир шунақа оила кулбасида бир кеча тунаб қолишданам қайтмаяпти. Яна бошқаси тўйда оқсоқоллар қуршовида намоён.

«Ҳа нима бўпти, буни нимаси ёмон» дейсизми? Албатта, бир қараганда ёмон тарафи йўқдир. Лекин  қишлоқ жойларда қиш қировли кунларда оилалар зўрға битта уйда тунни кунга улаётган бир пайтда, ёки тўй-ҳашамларни соддалаштиришга интилаётган бир пайтимизда, унга шундай азиз меҳмон келиб турса борми...

Тўйда хизматкорларнинг ўзи 200 нафардан ошиб кетмаса айтинг. «Фалон қишлоққа вилоят ҳокими келаяпти, свет ўчса ўласан» ваҳимаси билан «электросет»дан тўрт нафар, йўл қурилишидан, газдан ва қатор ташкилотлардан шунчадан хизматчилар. Ёки улар тўй ташқарисида «стоянка»чими.

Халқона меҳмонновозликлар тасодифий амалга ошса ёмон томони йуқ. Лекин бизда ҳар воқеликдан ранг олувчи, салла деса калла олувчи, сал қуйироқдаги амалдорлар ҳам борки, бу «меҳмонновозлик» челленжини авж олдиришни бошлаб юборишмоқда.

Барака топгур Хорун ар-Рашид тақлидчилари сиз халққа яқин бўлишни, авом дардини тинглашни истасангиз, буни биргина қишлоқдаги мезбон сўзларидан хулоса қилмай, замонавий  усуллардан ҳам фойдаланинг. Билсангиз, кўп услублар бугун эскирган. Сиз бугун ахборот технологиялари асрида яшаяпсиз. Фейсбукдаги номингизга очилган ва  сиз иштирокингиздаги тадбирларни тарғиб этиб чарчамайдиган мулозимларингиз назоратидаги саҳифалардан бошқа, жонли мулоқот каналларини ишга туширинг. Ана шунда ростакам халқ дарди билан юзлашасиз. Интернет тармоғидаги мурожаатлар билан, албатта, ўзингиз танишиб боринг. Йўқса, мулозимларингиз аҳолининг зори сизга етмасиданоқ, улардан тушунтириш хати талаб қилиб, бечораларнинг «духи»ни синдирмасин.

Ҳа айтганча, эртага Пастдарғом туманида бир тўй бор эмиш, бугундан тўй эгалари ёмғирдан ботқоқ бўлган кўчаларга қум ва тош сепаётганмиш, кимдир учоққа ўтин ёраётганмиш, негаки у ерларга газ балони 70 кунда бир келармиш, қишлоқ аҳли эса газ келмасаям, тантанага «катта»  келишидан, тўйнинг тўртта сектор ҳудудида дув-дув гап бўлишидан умидвор бўлаётган эмиш...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг