Дунёни кезган 90 ёшли отахон: «18 набирамни ота-онаси билан хорижга жўнатмай ўзим катта қилдим» (видео)
Чилонзордан Олой бозори ёнига, «Xabar.uz» офисига боришим керак эди. Яндекс 22 минг кўрсатди, йўловчи такси 25 минг сўради. Олдимга келиб тўхтаган амакига манзилни айтсам? пул ҳам сўрамай «ўтиринг» деди. «15 минг сўм берсам бўладими» сўрадим таваккал. Боши билан «чиқинг» дегандай имо қилди.
Кўпинча биз журналистлардан «Қаҳрамонларни қаердан топасизлар?» дея сўрашади. Ишонинг, улар орамизда, ҳар қадамда. Фақат юракларига кириб бориш керак. Агар бу гал манзилга етиб боргунча суҳбат қандай кечишини билганимда 100 минг бўлса ҳам берардим.
Ўзини «Жамол ака» деб таништирган амакининг биринчи гапиёқ мени буткул ҳайратда қолдирди:
– 1934 йилман. Келаётган январь ойида 90 ёшга тўламан.
– Қойил! Сизни кўрган одам 70 ёшда ҳам деб ўйламайди.
– Менинг катта ўғлим 62 ёшда. Яна 60, 59 ёшли ўғилларим ва бир қизим ҳам бор. Каттаси Мюнхенда яшайди. Йилига бир марта келганида тўйларга бирга борамиз. Тўйхонадаги жойкашларнинг аксарияти ўғлимни ёши каттароқ деб ўйлаб, дастурхонга биринчи бошлашади. Мен ҳам ҳазиллашиб қорнига бир туртаман ва «Қани ока, олдинга ўтинг» дейман. «Э, ада, қўйсангизчи», дейди хижолат бўлиб.
– Узр, сўраганнинг айби йўқ, кампирингиз ҳаётмилар?
– Ҳа, Худога шукр. Уйланганимга 63 йил бўлди! Кампирим анча ёш, 80 га кирди, ўзини жуда яхши кўради, роса ўзига қараб юради. 4 фарзанд, 18 неварани катта қилдик. Қизиғи, невараларимнинг ҳаммаси қиз. Катта ўғлимни руслар «герой» дейишади, чунки унинг 8 нафар қизи бор. Ҳаммасини чиқарган. Яқинда 16-неварамни чиқарамиз, Вестминстер олийгоҳини тугатяпти. Ҳаммасини ўқитяпмиз. Чунки ўқигани яхши, фикрлаши, дунёқараши кенгаяди. Ишлаш ишламаслигини эса эри билан ўзлари ҳал қилишади.
– Кирага чиқиш ҳам шунчаки зерикишдан бўлса керак-а сизга?
– Машина бошқара бошлаганимга 61 йил бўлди. Юк машинасида бутун иттифоқни кезиб чиқдим. Мустақилликдан кейин халқаро лицензия олдим. Юк билан Москвага борганимда Мюнхенга юк чиқди. Уни олиб, ўғлимни ҳам кўриб келаман деб ўйладим. Мюнхенда ўғлимни кўришга ҳам улгурмадим. Болтиқбўйилик таниш ҳайдовчилар билан кўришиб қолдик. Улар мени Каталонияга ишга таклиф қилишди. Шу тарзда 16 йил Европада ишлаб келдим. Борадиган шаҳаримга қараб хотинимга билет олдирардим. У Тошкентдан етиб борарди. Ёшликда «Менга тегсанг, дунёни айлантираман» деганимда фаришталар «Омин» деган экан. Кўҳна Қитъанинг ҳамма йирик шаҳарларини бирга кездик.
Таксига чиқишим чиндан ҳам зерикишдан, пулга зориққан жойим йўқ, одамларга фойдам тегса дейман. 75 ёшимда мени пенсияга чиқариб юборишди. Уйда бир ҳафта юриб зерика бошладим. Шарт машинага ўтириб гоҳ Самарқандга, гоҳ Термизга кетиб қолардим. Кейин таксичилик қила бошладим. Ҳар кун тушгача 200 километр юрганимдан кейин, Тошкентнинг тинчлигини кўрганимдан сўнг, хотиржам бўлиб уйга кириб кетаман.
Бир куни ҳазиллашиб «Яндекс»га ҳам бордим. Ҳамма томони тўғри келади, деб ҳужжатларимни олишди. Қабулдаги йигит ёшимни кўриб «Ие, дода! Бизга ишга киришга 30 йил кечикибсизку» деб кулди.
– Хориждаги набираларингизни соғинсангиз керак?
– Мен бирорта неварамни Ўзбекистондан чиқармадим! Болаларимга ҳам айтдим: «Ё қайтасизлар, ё невараларимни ташлаб кетасизлар». Кампирим иккимиз 18 неварани катта қилдик. Ҳар йили Москвага бирданига 20 та чипта олардим. Самолётда ҳамма бизга қизиқсиниб қарарди, чунки бир хил фамилияга 20 нафар одам чиқиши қизиқда.
Москвага уч ўғлим йиғилиб келарди. Бири Калининграддан, бири Германиядан, яна бири Америкадан. Ҳаммаси болаларини бўлиб олишарди. Бир-икки кун айланиб, кейин кичик ўғлим билан Нью-Йоркка учардик. Ундан машинада 14-15 соат юриб Теннеси штати, Нэшвилл шаҳрига жўнардик. У ерда зерикардим, кўпи билан икки ҳафта туриб, Москвага қайтиб келардим ва ижарага автомобиль олиб, Калининградга кетардим. Фақат ковид туфайли карантиндан кейин бу анъанамиз тўхтаб қолди. Энди Худо хоҳласа катта ўғлим Тошкентга қайтиб келади. У ҳам катта бобо бўлиб кетди ахир.
Манзилга яқинлашдим ва Жамол бобо билан суҳбатимиз ҳам якунига етди. Бобога қараб туриб шу ёшида ҳам ҳаракатдан тўхтамагани, оиласига кўмак бераётгани жиҳатидан кўпчиликка ўрнак бўла олиши мумкинлигини ўйладим ва суҳбатимизни сизга ҳам илиндим.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter