Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бўстонлиқ иши» бўйича 9 нафар шахс қамоққа олинган — Тошкент вилоят прокуратураси

«Бўстонлиқ иши» бўйича 9 нафар шахс қамоққа олинган — Тошкент вилоят прокуратураси

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ер майдонларини ноқонуний (расмий ҳужжатларни сохталаштириш) эгаллаш, фирибгарлик йўли билан сотишга оид қатор жиноят ишлари қўзғатилганидан хабарингиз бор.

Ўтган ойда айни шундай жиноят аломатлари билан олтита «иш» қўзғатилганди, ўтказилган тергов ҳаракатлар натижасида улар сони ўнтага етди. Айблов эълон қилинган тўққиз нафар шахсга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда Тошкент вилояти прокурори катта ёрдамчиси Арслонбек Тошпўлатов.

Айбланувчиларнинг аксарияти тумани ҳокимлиги, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонасининг туман филиали, маҳалла фуқаролар йиғинлари мансабдор шахслари, тураржойларнинг олди-сотдиси билан шуғулланувчи риэлторлардир (маклерлар).

Тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Бўстонлиқда «буз-буз»лар билан боғлиқ машмашалар ҳамон давом этаётганига изоҳ берар экан, вилоят прокурори катта ёрдамчиси қуйидагиларни таъкидлади: «...Ишчи гуруҳи томонидан туман ҳудудида ўтказилган хатловда жами 338 та турар ва нотурар биноси ноқонуний қурилгани аниқланди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларига оид ҳолат 528 тани ташкил қилади. Энди бунга туман ҳокимининг ер майдони ажратиш ва эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги 40та ноқонуний қарори протест келтириш йўли билан бекор қилинганини ҳам қўшинг. Умумий миқдор қанча чиқяпти? Ақл бовар келмайди-а? Ҳар бир рақам ортида маълум шахслар манфаати тургани эътиборга олинса, то ноқонуний ҳолатларга қонуний нуқта қўйилгунча турли эътирозлар, сизнинг таъбирингиз билан айтганда, машмашалар бўлиб туриши табиий... Гап мавжуд ҳолатлар оммавий ахборот воситалари ижтимоий тармоқларда холис ва адолатли ёритилишида. Афсуски, холислик меъёрларига кўпам амал қилинаётгани йўқ».

Прокурор катта ёрдамчисига кўра, жиноятлар тергов жараёнида давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига етказилган зарар масаласига алоҳида эътибор берилади ва (етказилган зарарларни) айбдорлардан ундириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, қурилмалар бузилиши ортидан зарар кўрдим деган фуқаролар тегишли тартибда судга мурожаат этишига ҳам ҳеч қандай монелик йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Бўстонлиқдаги «снос»лар масаласи бир неча ойдан бери ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларининг муҳокама мавзусига айланиб келмоқда. Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) судларнинг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим ва долзарб масалалар бўйича матбуот анжуманида айни мавзу кўтарилиб, Олий суд мутасаддилари саволларга тутилганди.

Бунга жавобан олий маҳкама мутасаддиси Бўстонлиқда уй-жойлар эмас, балки ноқонуний қурилган дала-ҳовлилар (дачалар) бузилаётгани, пировард мақсад — бузиш эмас, аксинча қонуний тартибда қуриш эканини алоҳида таъкидлаган эди. Сўнг ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган дала ҳовлилар бир неча йил аввал эмас, 2019 йилда қурилгани, буни «Google» тизими орқали яққол кўриш мумкинлигини айтиб, асосий саволга қуйидагича жавоб берганди. Яъниким, ноқонуний қурилмаларни бузишга оид даъволар Олий суд судьялари томонидан кўрилишининг ҳуқуқий тартибларини тушунтириш асносида шу мазмунда келиб тушган 26 та даъвонинг 3 таси рад қилиниб, 8 таси кўрмасдан қолдирилган. Шунингдек, 2 та ҳолатда қурилма эгалари инсофли эгалловчи бўлгани боис суд томонидан уларга ер майдони ажратиб бериш ҳақида маҳаллий ҳокимликка мажбурият юклатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг