Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Банкка ишга кирмоқчи бўлган номзодлар ўрганилмоқда

Банкка ишга кирмоқчи бўлган номзодлар ўрганилмоқда

«Микрокредитбанк» АТБ комплаенс назорати ходимлари томонидан 2024 йилда банкка ишга кирмоқчи бўлган 1200 нафарга яқин номзод ўрганилиб, 225 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви вужудга келиш хавфи борлиги ва бошқа сабабларга кўра рад жавоби берилган.

Шунингдек, банкка янги ишга қабул қилинган 564 нафар ходимга махсус қўлланма асосида коррупциянинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатлари бўйича ўқув машғулотлари ўтказилган.

Бу ҳақда банк Ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов маълумот берди.

Қайд этилишича, 2024 йилда банк томонидан коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини жорий этиш мақсадида ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашни бошқариш тизими — талаблар ва қўллаш бўйича кўрсатмалар» халқаро сертификатига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 июндаги  «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида, банк Бошқаруви томонидан чора-тадбир ишлаб чиқилди ва вазифалар амалга оширилди.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш тизими бўйича кўникмаларини шакллантириш доирасида барча вилоят ҳудудий бошқармаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш» ва «Коррупция – тараққиёт кушандаси» мавзуларида ўқув семинарлари ўтказилди.

Бундан ташқари, мунтазам равишда банкнинг Бош офиси ва барча таркибий бўлинмаларнинг ходимлари иштирокида, комплаенс назорати ходимлари томонидан оффлайн ва онлайн шаклда «Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари», Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги ва Ўзбекистон Республикаси «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида давра суҳбатлари ва ўқув семинарлари ташкил қилинмоқда.

Шунингдек, ходимларда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш бўйича билим ва кўникмаларини шакиллантириш учун банкнинг онлайн MKB TRAINING ACADEMY ўқув платформасида «Коррупционер ким?» ва «Манфаатлар тўқнашуви» тўғрисида ўқув курси жойлаштирилди.

Бундан ташқари, банк томонидан ISO 37001:2016 Халқаро стандарти асосида «Пора олиш-бериш билан курашиш менежменти тизимлари» мавзусида тайёрланган ва 2000 нусхада чоп этилган ўқув қўлланма ҳамда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мавзусида 3600 нусхада чоп этилган буклет банкнинг барча ҳудудий бошқармаларига етказилди.

Ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда билим даражасини халқаро тажрибага мослаштириш мақсадида 16 нафар банк ходими халқаро ISO 37301:2021 менежмент тизими бўйича малака оширди ва сертификатга эга бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг