Миллиардлик лойиҳалар — бизнесини йўлга қўйишни истаганлар учун фойдали мулоқот

Нукус шаҳрида «Талаба, банк ва бизнес» мавзуcида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар берди.
Тадбирда «Микрокредитбанк» АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг иқтисодиёт йўналиши талабалари ўзаро мулоқот қилдилар. Учрашув ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, ишбилармонлик муҳитига тайёрлаш ҳамда банк соҳаси билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Маълумки, 14 февраль куни Президентимиз ёшлар билан учрашувида ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун қўшимча имкониятлар яратиш ва ёшларнинг ғояларини стартапларга айлантириш масалалари муҳокама қилинди. Микрокредитбанк ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, ёшлар учун ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва уларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида амалий ишларга киришди.
Учрашув давомида талабалар нафақат банк ва бизнес ҳақида маълумот олдилар, балки амалдаги йирик лойиҳалар билан ҳам танишдилар.
Дастлаб, учрашув иштирокчилари Нукус шаҳридаги буғдойни қайта ишлаш заводига ташриф буюрдилар. Лойиҳа қиймати 16 миллиард сўмни ташкил этиб, уни ишга тушириш учун Микрокредитбанк томонидан 10 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Натижада 50 та янги иш ўрни яратилди. Корхона йилига 12 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлиб, ички бозор ва экспорт учун маҳсулот етказиб бермоқда.
Шунингдек, талабаларни қизиқтирган яна бир йирик лойиҳа — «PRIME MEDICAL GROUP» тиббий хизматлар маркази бўлди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Микрокредитбанк томонидан 21 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган бўлиб, унинг умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этади. Бу марказ ишга тушиши натижасида 45 та доимий иш ўрни яратилган.
Лойиҳалар билан танишиш жараёнида ёшлар банк тизими нафақат молиявий операцияларни амалга оширувчи ташкилот, балки иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда муҳим восита эканини англадилар.
Учрашув доирасида фаол талабалар банк амалиётига жалб қилинди. Улар Микрокредитбанкнинг ички жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Ушбу ташаббус банк соҳасида ишлашни мақсад қилган ёшлар учун тажриба мактаби, ўз бизнесини йўлга қўйишни истаганлар учун эса мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter