Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Европа компаниялари етакчилари билан учрашди: тафсилотлар

Президент Европа компаниялари етакчилари билан учрашди: тафсилотлар

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Европанинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда «Suez» компанияси раиси ва бош директори Сабрина Суссан, «Arsenale Group» компанияси бош директори Паоло Барлетта,  «Airbus»  корпорациясининг Европа бўйича президенти Йохан Пелисье ҳамда «Linde» компаниясининг Европа ва Яқин Шарқ бўйича президенти Оливер Пфанн қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ушбу учрашув Европа бизнесининг Ўзбекистондаги фаолиятни кенгайтиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат эканини катта мамнуният билан қайд этди.

Инвестициявий ва инновациявий шериклик, сув таъминоти, фуқаролик авиацияси, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Европа компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда инвесторларнинг самарали фаолияти учун яратилаётган қулай шароитлар учун миннатдорлик изҳор этди. Устувор тармоқлардаги муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда бундан буён ҳам иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 3 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Мисрнинг «Orascom Investment Holding» компанияси раиси Нажиб Савирисни қабул қилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда аввал эришилган келишувларга мувофиқ қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида, шу жумладан тоғ-кон саноати, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, туризм, қурилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Нажиб Савирис юртимиз иқтисодиётига Миср инвестицияларини кўпайтириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёрлигини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг