Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилмоқда

Фото: «Top10a.ru»

Судьялар олий кенгаши ҳузурида Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Кенгаш матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, янги тузилма ташкил этиш ишлари Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Судьялар клуби моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритади. Клубнинг доимий масъул аъзолари кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялар орасидан шакллантирилади.

Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида клубнинг низоми тасдиқланди. Шунингдек, клубга бошқарувчи тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Кенгаш қарорига кўра, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди судьяси Хуршид Содиқов Ўзбекистон Судьялар клуби бошқарувчиси этиб тайинланди.

Хуршид Содиқов 1985 йилда туғилган. Ҳуқуқшунос. Фаолияти мобайнида жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судида суд мажлиси котиби, бош мутахассиси, Олий судда катта маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, Чиноз тумани маъмурий суди раиси вазифаларида ишлаган.

2021 йилдан жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди судьяси. Рус ва инглиз тилларини мукаммал билади. Шунингдек, ахборот технологияларини қўллашда ҳам етарли малакага эга.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг