Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жарқўрғонда ҳоким ва туман ИИБ раҳбарлари судьяларни масхаралади, ҳайдовчисига куч ишлатилди

Жарқўрғонда ҳоким ва туман ИИБ раҳбарлари  судьяларни масхаралади, ҳайдовчисига куч ишлатилди

Фото:«ЎзА»

Жарқўрғонда туман ҳокими З. Давлатов - бош, туман ИИБ бошлиғи Б. Хидиров ва унинг ўринбосари Ш. Азизбердиев ёнбош бўлиб, туман жиноят ва маъмурий судлари раисларини омма олдида обрўсизлантирилди. Камида туман суд ҳайдовчиси Р. Раҳимназаровга нисбатан куч ишлатилиб, бир муддат қамаб қўйилди ҳатто!

Воқелик 2020 йилнинг 10 июль куни  соат 8.30 атрофида рўй берган. Шу вақтда ишхонасига кетаётган суд раисларининг хизмат автомашинаси туман марказига кираверишдаги блокпостда тўхтатилади. Шу ерда бўлган ҳоким З. Давлатов Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарорига зид равишда, туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмай, хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиб, йўлдан ўтишга тўсқинлик қилади. Сўнг хизмат автомашинасининг орқа ўнг эшигини очиб, қўлидаги уяли алоқа телефони билан тасвирга тушириб, постдан ўтиш учун навбат кутиб турган тирбанд фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган (мана, кўриб қўйинглар, судьяларнинг ўзи карантин қоидаларини бузмоқда, деган маънода!).

Бу орада туман судининг ҳайдовчиси Р.Раҳимназаровга куч ишлатилиб, унинг қўлидаги машина калитини тортиб олинади. Сўнг ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Азизбердиев туман судига тегишли машина бошқарувини қўлга олиб, орқа ўриндиққа ҳайдовчини «босган» (икки нафар ИИБ ходими ёрдамида) ҳолда ИИБ биносига келишади. Йўл-йўлакай ҳайдовчини ҳақоратлаб кетган Ш. Азизбердиев туман ИИБ биносига келгач, уни  вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қўяди.

Ҳайдовчи Р. Раҳимназоровга кўра, ИИБ биносига келгач, Ш. Азизбердиев унга жисмоний куч ишлатиб, ерга ёқизади ва тирсаги билан унинг бош қисмини босиб, «сени қамоққа олайин, кейин сайратаман», дея  очиқдан очиқ таҳдид қилади.

2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланиб, енгил тан жароҳати олингани аниқланган.

Айни пайтда Жарқўрғон тумани ҳокими З.Давлатов, туман ИИБ бошлиғи Б.Хидиров, ўринбосари Ш.Азизбердиев ва бошқа алоқадор ходимларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилган.

Воқелик бўйича «Xabar.uz» билан суҳбатлашган Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов  Жарқўрғон тумани ҳокими ва туман ИИБ раҳбарларининг хатти-ҳаракатларини ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлаб, буни суд ҳокимияти мустақиллигига қилинган очиқдан очиқ таҳдид деб баҳолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг