Сизга нима етишмайди? (ҳажвия)
Сизда ҳам шундай бўладими? Гоҳида менга нимадир етишмагандек туюлади. Нималигини билмайман. Лекин ўша нарса бўлса, кўнглим хотиржам бўлишини аниқ ҳис қиламан. Бу ҳақда хотинимга айтдим.
– Сизга пул етишмайди, – деди бир вақтлар мени ром этган, ҳозир илоннинг думини эслатадиган қошларини чимириб. – Болалар катта бўлиб қолди, катта-катта пул топишни ўйланг.
Келиб-келиб нима етишмаслигини хотинимга айтаманми? Ахир қандай жавоб бериши маълум эди-ку! Била туриб, сўраб ўтирибман-а!
Бўйи етиб қолган ўғлимни ёнимга чақириб, шу масаладан гап очдим.
– Сизга нима етишмаслигини билмадиму, лекин ойим уйимизга келин етишмаслигини ҳар куни айтадилар, – деди уялмай-нетмай, без бўлиб.
Мендан кўра онасига ён босишини била туриб, шу тирмизакка кўнглимни очиб ўтирибман-а! Куйиб кетаман. Эҳ, ҳозирги ёшлар! Қайга шошасан? Олдин институтни тугат. Икки-уч йил ишла. Йўқ, иккинчи рўзғор халтаси ҳам онасининг эмас, менинг бўйнимга осилишини билармикан бу шошқалоқ? Ахир, бизни ота-оналаримиз мажбурлаб уйлантиришган-ку!
Ишхонадагиларим билан гаплашдим, уларнинг барчасида маош етишмаслиги маълум бўлди.
Умуман, ҳаммада нимадир етишмас экан. Ижодкорга илҳом, хонандага овоз, тадбиркорга вақт, дангасага дам, ўқитувчиларга илгариги ўқувчилар ва ҳоказо.
Кечқурун ишдан қайтиб, чойхонага ўтдим. Маҳалла раиси одамларда қадр етишмаслигидан шикоят қилди. Одамлар, аввало, бир-бирларининг қадрига етишлари керак экан. Нима учунлигини билмадим, лекин уни тинглаб, айни ҳақиқатни айтганини сезиб турардим.
Дарвоқе, ушбу сатрларни ўқиётган сиз... Хўш, айтинг-чи, сизга нима етишмайди?
Хуршид Нуруллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter