Трамп Вашингтондаги авиаҳалокат айбдорини айтди
АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонда юз берган ва 67 кишининг ҳаётига зомин бўлган авиаҳалокатнинг сабабини очиқлади.
Трамп даъвосича, хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик дастури (Diversity, equity, and inclusion) ҳамда демократлар Жо Байден ва Барак Обама олиб борган сиёсат ҳалокатга олиб келган.
Республикачи президентга кўра, демократлар бошқаруви даврида тенглик ва инклюзивлик тамойили сабаб авиадиспетчерларга қўйилган талаблар енгиллаштирилган.
Трамп президент Обама даврида Фуқаро авиацияси бўйича федерал бошқарма (FAA) ходимлари орасида «оқтанлилар кўп» экани ҳақида ҳужжат имзолаганини айтган. «Айрим фаолият йўналишлари учун бизга юқори малакали мутахассислар керак», дея авиадиспетчерлар малакасига шубҳа билдирган у.
Трамп Байден даврида транспорт вазири лавозимида ишлаган Пит Буттижични ҳам кескин танқид қилган. Ушбу шахс АҚШда вазир лавозимига тайинланган илк ноанъанавий жинсий ориентация вакили экани айтилади.
Оқ уйнинг амалдаги хўжайини демократлар даврида амалга татбиқ этилган инклюзивлик дастури Фуқаро авиацияси бўйича федерал бошқарма тизимига номуносиб кадрлар ишга киришига йўл очганини қайд этган.
«Мен лавозимга киришгунга қадар (ишга қабул қилиш бўйича) турли йўриқномалар бўлганига эътибор қаратмоқчиман. Улардан бирида Фуқаро авиацияси бўйича федерал бошқарма дастурлари ходимлари хилма-хиллигини таъминлаш учун оғир ақлий ва руҳий бузилишлар кузатилган одамларни ишга қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилиши баён этилган», – деган Трамп.
Авиаҳалокатга айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Аммо Трамп демократлар даврида фаол тарғиб-ташвиқ этилган Хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик дастурига қатъий қарши экани аниқ. Ушбу дастур этник озчилик вакиллари, кам сонли маданият намояндалари билан биргаликда ноанъанавий жинсий ориентация эгаларини ҳам дастаклашни назарда тутади.
Трамп 47-президент сифатида расман ишга киришган кундаёқ «АҚШда фақат икки жинс – эркак ва аёлни тан олиши»ни таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни Вашингтонда Bombardier CRJ700 йўловчи учоғи ва Black Hawk ҳарбий вертолёти тўқнашуви рўй берди.
Оқибатда самолётдаги 60 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси ҳамда ҳарбий вертолётдаги уч киши – жами 67 одам ҳалок бўлган. Оқ уй ҳам мудҳиш ҳалокатда тирик қолганлар йўқлигини тасдиқлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter