Сурияда сайлов қачон ўтказилиши айтилди
Сурияда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш тўрт йилга қадар муддатни олиши мумкин. Бу ҳақда Сурия раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Саудия Арабистонининг Al-Arabiya телеканалига берган интервьюсида гапирди.
“Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги етакчисига айланди.
Аш-Шаръа фикрича, мамлакатнинг янги конституциясини ишлаб чиқишга уч йилга қадар муддат кетади. Сурияликлар ҳаётида эса илк ўзгаришлар бир йилдан кейин юз кўрсатади.
Аҳмад аш-Шаръа ўзи раҳбарлик қилиб келаётган “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳининг тақдирига ҳам ойдинлик киритган. Унга кўра, мамлакатдаги бошқа ҳарбийлашган тузилмалар қатори “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи ҳам миллий мулоқот жараёнида тарқатиб юборилади.
Интервью мобайнида таъкидланишича, курдлар Суриянинг ажралмас қисми саналади.
Исёнчилар етакчиси Сурия Эрон билан ҳамкорлик қилиш ниятида экани, аммо робиталар суверенитетга ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланиши кераклигини айтган.
Москва билан алоқаларга тўхталган аш-Шаръа Сурия ва Россияни чуқур стратегик манфаатлар боғлаб туриши, мамлакатдаги барча қурол-аслаҳа Россияда ишлаб чиқарилгани, электр станциялар рус мутахассислари томонидан бошқарилишига эътибор қаратган.
“Биз, айримлар хоҳлаганидек, Россия Суриядан кетишини истамаймиз”, – деган у.
Аш-Шаръа АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти Дамашққа нисбатан аввал жорий этилган санкцияларни бекор қилишига ҳам умид билдирган.
Жорий йил 1 мартга қадар Суриядаги барча гуруҳ ва тузилмалар мамлакатнинг сиёсий истиқболи ва ўтиш даври ҳукуматини тузиш учун йиғилиши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, яқинда Дамашқда янги ҳукумат билан музокара ўтказган АҚШ томони “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаръани қўлга олишга доир ахборот учун 10 миллион доллар мукофот бериш режасидан воз кечганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter