Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг матбуот эркинлигига доир халқаро рейтингдаги ўрни 4 поғонага пастлади

Ўзбекистоннинг матбуот эркинлигига доир халқаро рейтингдаги ўрни 4 поғонага пастлади

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти матбуот эркинлиги бўйича 2023 йил учун йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Мазкур рейтингда етакчи ўринларни Норвегия, Ирландия, Дания, Швеция ва Финляндия каби давлатлари эгаллаган бўлса, Россия 180 та мамлакат орасида 164-ўринга (2022 йилда 155-ўринда эди), Украина эса 79-ўринга (ўтган йили 106-ўрин) муносиб кўрилган.

Рейтингдаги сўнгги ўринларни эса Шимолий Корея, Хитой, Вьетнам, Эрон, Туркманистон ва Сурия давлатлари банд қилган.

Ўзбекистон 45,73 балл билан 137-ўринда қайд этилган ва минтақадаги Қирғизистон (122-ўрин), Қозоғистон (134-ўрин) давлатларидан қуйи, Тожикистон (153-ўрин) ва Туркманистон (176-ўрин)дан эса юқори ўринларни эгаллаган.

2022 йилги рейтингда Ўзбекистон 45,74 балл билан 133-ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистоннинг мазкур рейтингда 4 поғона пастлашини изоҳлар экан, «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти мамлакатда ҳануз ОАВ учун давлат ҳокимиятини танқид қилиш мураккаблигича қолаётганини ёзади.

«Ўзбекистонда хусусий телевидение тармоғи йўқ. Давлат радиоси расмий тарғиботни олиб боради, хусусий радиостанциялар ёпилишдан қўрқиб, ҳар қандай танқиддан тийилади, ёзма матбуот эса давлат манфаатларига хизмат қилади. Баъзилари хорижда жойлашган 15 га яқин онлайн ОАВ сифатли контентни нашр этади. Матбуотнинг тахминан учдан бир қисми рус тилида эшиттиришлар беради», – дейилади ҳисоботда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг