Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон қардош миллатга озодлик курашида қандай кўмак берган эди? Туркияда Республика куни байрам қилинмоқда

Ўзбекистон қардош миллатга озодлик курашида қандай кўмак берган эди? Туркияда Республика куни байрам қилинмоқда

Фото: AA

Туркияда 29 октябрь – Республика эълон қилинган куннинг 98 йиллиги катта тантана қилинмоқда. Мамлакат тарихидаги ушбу муҳим сана муносабати билан президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон табрик йўллади.

Табрикда ўтган асрнинг 20-йилларида мамлакат мустақиллиги учун фидокорона курашган қаҳрамонлар, жумладан, жумҳурият асосчиси Мустафо Камол Отатурк ҳамда шу йўлда жонини фидо қилган шаҳидлар ҳурмат ва миннатдорлик билан ёдга олинган.  

Қайд этилишича, олис тарихий илдизларга эга Туркия халқи мутараққий мамлакат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. Президент Эрдўғонга кўра, Туркия коронавирус пандемиясининг мураккаб даврини енгиб ўтишга муваффақ бўлди, 2020 йилда иқтисодиётда ўсиш 1,8 фоизни ташкил этди.

Табрикда Туркиянинг терроризмга қарши кураш, хавфсизликни барқарор қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, ички ва ташқи сиёсатдаги муваффақиятли қадамлари алоҳида қайд этилган. Туркия етакчиси ҳозирги мураккаб шароитда бирлик, бирдамлик ва биродарлик қадриятлари муҳим эканини таъкидлаган.

Президент Эрдўғон яширин фитналар ҳақида гапирди. Фото: AA

«Республика эълон қилинган сананинг 100 йиллиги арафасида биз бирор бир куч ғирром сценарий ёки яширин фитна орқали Туркияни тараққиёт йўлидан оғдиришга уринишига асло йўл қўймаймиз. Биз бирлик, бирдамлик ва биродарлик анъаналаримизни сақлаган ҳолда Туркия учун жидду жаҳд этамиз», – дейди Р.Т.Эрдўғон.  

Бундан бир аср аввал Туркия заминида кечган озодлик курашида ўзбекистонликлар ҳам муносиб иштирок этган, моддий ва маънавий кўмак кўрсатган. Бухоро Халқ Республикаси ҳайъати эса озодлик кураши етакчиси Мустафо Камол Отатуркка Амир Темур қиличларидан бирини тақдим этган.

Бухоро ҳайъати озодлик кураши етакчиси Мустафо Камол Отатуркка Амир Темур қиличини тақдим этган эди.

«Ота юртимиздаги қардошларимизнинг бундан роппа-роса бир аср олдин ўз ризқидан орттириб, миллий озодлик курашимизни қўллаб-қувватлаш учун Онадўлидаги қардошларига юборган моддий ёрдамини турк халқи ҳеч қачон унутмайди. Олийжаноблик билан кўрсатилган бу самимий кўмак минг бир машаққат билан ташкил этилаётган Туркия Республикасига катта мадад бўлди. Буюк озодлик юришидан кейин бош қўмондон Мустафо Камол Отатуркнинг «Армиялар! Илк нишонингиз – Ўртаер денгизидир. Олға!» деган буйруғи билан Измирни душман ишғолидан озод қилган ғолиб қўмондонга Бухоро Халқ Республикаси ҳайъати келтирган Амир Темур қиличларидан бири тақдим этилган», – деган эди 2019-2021 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият юритган Меҳмет Сурайё Эр.

Эслатиб ўтамиз, Республика куни (Cumhuriyet Bayramı) Туркиянинг асосий давлат байрами ҳисобланади. 1923 йилнинг 29 октябрида Усмонийлар салтанати вориси бўлган ўлкада республика бошқаруви эълон қилинган эди. 1925 йилдан ушбу сана расмий байрам сифатида миллий миқёсда нишонланади.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг