Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Одамлар илк маротаба «Жаҳаннам қудуғи» тубига тушишди (видео, фото)

Одамлар илк маротаба «Жаҳаннам қудуғи» тубига тушишди (видео, фото)

Фото: Oman Cave Exploration Team/Oman Cave Exploration Team

Яманда «Жаҳаннам қудуғи» номини олган чуқурлик бор. Маҳаллий аҳоли уни ер ости дунёсига элтувчи дарвоза ва жинлар макони деб ўйлайди.

Ўмонлик спелеологлар юрак ютиб 112 метрли ушбу қудуқ тубига тушган илк инсонлар бўлишди. Тафсилотлар «Франс-пресс» агентлиги томонидан эълон қилинди.

Расман Бархаут қудуғи дея аталувчи чуқурлик Яман шарқидаги Ал-Маҳра вилоятида, Ўмон чегарасига яқин саҳронинг қоқ ўртасида жойлашган. Даҳани диаметри 30 метрлик даҳшатнинг ўзи. Гарчи ҳаваскор-спелеологлар илгари ҳам қудуққа «бош суқиб кўришган бўлса-да», ҳали ҳеч биров қоп-қоронғу тубликкача тушиб кўрмаганди.

Ўтган ҳафтада Omani Caves Exploration Team (OCET)нинг 10 нафар тадқиқотчиси Бархаут қудуғида тадқиқот ўтказишди. Улар шкивлар тизимидан фойдаланиб қудуқнинг тубига туша олишди (шкивлар қанча кўп бўлса юкни кўтариш учун шунча кам куч сарфланади). Қудуқ тубигача жами 8 киши тушди, икки тадқиқотчи тепада қолди.

Фото: Oman Cave Exploration Team/Oman Cave Exploration Team
Фото: Oman Cave Exploration Team/Oman Cave Exploration Team
Фото: Oman Cave Exploration Team/Oman Cave Exploration Team

Тадқиқотчилар қудуқ тубида илонларни, ўлган ҳайвонларни, ғор марваридларини учратишди, аммо на жинларни, на жаҳаннамга йўлни топишди, дейилади хабарда.

Ғор марваридлари — карстли ғорларда сувларнинг томчилашидан ҳосил бўладиган кулранг ёки лимон-яшил рангли кальцит шарлари.

«Сув, тош, тупроқ ва айрим ўлган ҳайвонлар намуналарини олиб чиқдик, уларни энди ўрганамиз», — деди Ўмондаги Германия технология университети геология профессори Муҳаммад ал-Кинди. У экспедициянинг батафсил ҳисоботи тез орада эълон қилинишини қўшимча қилди.

Бархаут қудуғининг ёши фанга маълум эмас, айрим олимларнинг фикрича, миллионлаб йиллар аввал пайдо бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг