Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил аскарлари орасида хатарли «эпидемия» тарқалмоқда

Исроил аскарлари орасида хатарли «эпидемия» тарқалмоқда

Исроил армияси 2023 йил 7 октябрь куни Ғазо секторига бостириб кирганидан буён 28 нафар яҳудий ҳарбий хизматчиси ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «The Times of Israel» газетаси  Исроил армияси матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Уруш бошланганидан кейин Исроил аскарлари орасида ўз жонига қасд қилиш «эпидемия»си кучайганини кузатиш мумкин. 2023 йилда 17 нафар яҳудий аскари ўзини ўлдирган бўлса, 2024 йилда бу рақам 21 тага етган. Ўтган йилда қайд этилган ўлим ҳолатлари сўнгги 13 йилдаги энг юқори кўрсаткич саналади.

2022 йилда 14 нафар, 2021 йилда эса 11 нафар ҳарбий ўз жонига қасд қилган. 

Исроил армияси тарқатган маълумотга кўра, Ғазо секторида қонли уруш бошлангандан буён исроиллик минглаб аскарлар руҳий беқарорлик сабаб жанг майдонини тарк этган.

Аввал хабар берганимиздек, Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ғазо секторидаги инсоний талафотлар ва вайронагарчиликлар, яҳудий давлати расмийларининг баёнотларини ўрганиб, Исроил Фаластин халқига нисбатан геноцид содир этмоқда деган хулосага келган.

2024 йил 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлар содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган. Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.

2024 йил июнь ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритган. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе айни пайтда нафақат Ғазода, балки оккупация остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳам фаластинликлар Исроилнинг этник тозалаш ва айирмачилик сиёсати қурбони бўлаётгани ҳақида бонг урган ва яҳудий давлатининг БМТдаги аъзолигини вақтинча тўхтатишни таклиф қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг